Ўзбекистонлик ёш олим поездни турган жойида, уни қисмларга ажратмасдан таъмирлаш йўлини топди

“Поезд бузилса, уни таъмирлаш учун кўп вақт, катта маблағ талаб этилади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ёш олим Отабек Ҳамидов поездларни тез ва қулай тарзда таъмирлаш усули – вибродиагностикани таклиф қилди”, — деб ёзади ЎзА.

Отабек ўз ихтироси ҳақида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ташкил этилган “Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” мавзуидаги республика ёш олимларининг илмий-амалий анжуманидаги чиқишида сўзлаб берди.

Университет кўргазмалар залида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги “Республика ёш олимлар ассоциацияси”нинг истиқболли режалари асосида яратилган тақдимотлар, олий таълим муассасалари ёш тадқиқотчиларининг илмий ишланмалари, ихтиролари ва инновацион технологиялари намойиш этилди.

— Мен таклиф қилаётган вибродиагностика – поезднинг турган жойида уни қисмларга ажратмасдан, замонавий виброанализаторлар ёрдамида носозлик ва нуқсонларини аниқлаш, локомотивни ўша ернинг ўзида созлаш учун мўлжалланган, — дейди О.Ҳамидов. — Ҳозирги кунда темир йўлда локомотивлар олдиндан белгилаб қўйилган режа асосида текширувдан ўтказилади ва таъмирланади. Бунда поезднинг носозлигини аниқлаш учун уни депога олиб кириб, барча узел агрегатларини ечиш, уни қисмларга ажратиш лозим. Бунинг учун эса вақт, катта харажат кетади.

Анжуманда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Fikr bildirish