Ўт тушган ерини куйдиради

Нигора опа акамнинг синф­доши. Қорачадан келган, оғир-босиқ бу аёл уч нафар фарзанди билан онасиникига аразлаб келди. Эри бошқа аёл билан юриб кетибди, ҳеч қандай уруш-жанжалсиз қайтиб, ажрашишга ариза ташлади. Суд она-болалар яшаши учун эр-хотинга тегишли ҳовлидан тўрт хона ажратиб берди. Тез орада эр уйланиб, уйга янги “келинчак”   олиб келди. Нигора опанинг катта ўғли — Алибек 16 га тўлган. Бу ёш балоғат даври ҳисобланиб, нав­расталар эҳтиётланиши, кўнглига қаралиши керак.

Алибек бир ота, “икки она” билан яшашга мажбур бўлди. Одамови, камгап бўлиб қолди. Бора-бора мактабга ҳам чиқмай қўйди. Қиш кунлари қишлоқда фалончи отасини урибди, деган гап тарқалди, билганлар яхши қипти, деди, билмаганлар қарғашга тушди. Ўзимча, бола билан гаплашиш, унга насиҳат қилиш керак, деб ўйлагандим. Аммо унинг сўзларини эшитгач, бағри-дилим қон бўлиб кетди.

“Тўғри, мен қонун ва ўзгалар наздида жиноятчи, отасига қўл кўтарган муртадман. Лекин энг катта ҳалокат менинг ичимда кечяпти. Сиз рад этилганлик, воз кечилганлик, худди кераксиз буюм каби четга улоқтирилганлик азобини ҳис этганмисиз? Ҳар дақиқа онамнинг кўзидаги изтироб, аламни кўраман. Бунга чидаш мумкинми?! Уйдан чиққим келмайди, кўчада, ўқишда минглаб нигоҳлар анов қўшхотинлининг ўғли, дея мазах қилиб, таъқиб этаётгандек бўлади. Мен бош­қа тенг­дошларим каби бахтли ва хотиржам яшашга ҳақлиман-ку! Онам далада мавсумий меҳнат қилиб эҳтиёжларимизга зўрға етадиган пул топади. Алиментни рўзғорга ишлатамиз. Яна кунда-кунора ғижиллашишлар, майда гаплар, иддаоларни эшитишга маҳкумман.

Ичимдаги нафрат шу қадарки, дунёга ўт қўйгим келади. Хўш, нега одамлар севмаган инсонлари билан ҳаёт йўлини боғлайди, нега хато катталашмасидан олдин ажрашиб қўя қолмайди?! Нега энди икки укам ҳам қийналиб, чиркин муҳитда улғайиши керак?! Уларнинг ҳали ақли етмайди, дадамнинг иккинчи аёлини опа дейишади. Ёлғиз мен улар билан, умуман, гаплашмайман…

… Дадамнинг хотини “Сенлардан безор бўлдим, қачон йўқоласанлар”, деб тўнғиллади. Кириб онамга айтдим. Ҳовлида қиёмат қўпти. Аёл ҳомиладор эди, ерга йиқилди. Отам онамни итариб юборди. Мен чидаб туролмадим, қўлимга илинган нарса билан отамнинг бошига солдим… Енгил тан жароҳати, дейишди. Одамийлик сиёғидан буткул мосуво бўлганим йўқ, қилган ишим хатолигини ҳам тушуниб турибман! Лекин, айтинг, бундай ҳолда нима қилиш керак эди?

Ўт тушган ерини куйдиради. Аксар ҳолларда воқеани аниқ тушуниб етмай туриб, бировнинг устидан ҳукм чиқаришга устамиз. Соатлаб фикрбозлик қиламиз. Шундай тақдирлар борки, тил тишлатади…

Fikr bildirish