Ўғлимни қўлидан планшет тушмайди

Ўғлим 10 ёшда. Телевизордан бери келмайди, қўлидан планшет тушмайди.
Атрофдаги бошқа ҳеч нарсага қизиқмай қўйган. Таътилда инглиз тили курсига бермоқчи эдим, унамаяпти. Бошқа тўгаракларга олиб борсам ҳам шу аҳвол. Бирон иш буюрсам, турли баҳоналар қилиб ўзини олиб қочади. Нима қилишни билмай қолдим, маслаҳат беринг.

Ҳилола ҲАСАНОВА

Наманган вилояти

 Саволга психолог Зебинисо Аҳмедова жавоб беради:

— Аввало, фарзандингиз билан муроса қилишни ўрганинг. Масалан, сиз билан бирор жойга боришни хоҳламаса “унда уйда бир ўзинг ўтиравер!”, дейишдан кўра, “сенсиз зерикарли бўлади-ку, борақол”, деб кўнглини олганингиз маъқул. Болани телевизор ёки телефондан чалғитиш учун унга эски суратлар солинган альбомларни кўрсатинг. Оилавий ҳолда саёҳатлар ташкил қилинг.

Ўқишга иштиёқини ошираман десангиз, ўғлингизга билим орқасидан ютуқларга эришган инсонларни намуна қилиб кўрсатинг. Бола онгида тўкин ҳаёт кечириш учун, албатта, яхши ўқиш керак экан, деган тасаввур уйғонсин. Лекин унинг учун энг катта ибрат ўзингиздир.

Таълимга йўналтирилган ўйин ва мультфильмлардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Чунки шу йўл билан боланинг ақлий қобилияти ривожланади. Байрамлар ёки туғилган кунида унга қизиқишига қараб китоб совға қилинг. Шахсий кутубхона бебаҳо хазина эканини тушунтиринг.

Зурриёдингиз фақат сиз ҳоҳлагандек яшамаслиги керак. Унинг истакларини ҳурмат қилсангиз, мустақил фикрига эга, мақсадлари аниқ ва ўзини ҳимоя кила оладиган инсонни вояга етказа олган бўласиз.

Fikr bildirish