Бир кам дунё

Муқаддас опа тўй қилганида, фарзандимнинг ортидан орзу-ҳавас кўраман, набираларим қучоғида роҳатда яшайман, деб ният қилганди. Бироқ ўша пайт қизи Малоҳат аслида азоблар гирдобига ташлаётганини, кун келиб янги оила аъзоларининг айби билан набираси бир умр ногирон бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди, албатта.

Малоҳат йигирма ёшида она бўлди. Севинчи ичига сиғмаган Муқаддас опа яхши ниятда барча расм-русмларни ўтказди. Қизалоққа Назира деб исм қўйдилар.

Бироқ қувонч узоққа чўзилмади. Орадан икки ой ўтиб, Малоҳат гўдагини кўтариб, ота уйига қайтиб келди. Қайнона қайсидир юмушни бажармагани учун келинга жаҳл қилиб, бешикни силтаб юборган. Оқибатда чақалоқ зарб билан ерга тушган. Ўшандан бери бола тез-тез ҳушини йўқотадиган, қўққисдан бўғилиб, кўкариб қоладиган бўлди. Шунга қарамай, уни шифохонага олиб боришмади — қайнона йўл бермади. Баттол аёл келинини бўлар-бўлмасга койиб, ҳақоратлар, ҳатто бир неча бор қўл ҳам кўтарган. Воқеалардан хабар топган Муқаддас опа қудасиникига бориб, тинмай инжиқланаётган чақалоқни шифокорга кўрсатиш кераклигини айтганида қудаси унамай, агар олиб борса, икковини бу уйда қолдирмайман, деб пўписа қилган.

Муқаддас опа жигарбандининг ҳаёти хавф остидалигини била туриб, қўл қовуштириб ўтиролмасди, ахир!

Шифокорлар чақалоқнинг боши қаттиқ шикастланганини ва бу ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Буни эшитган қайнона ва куёв боладан осонгина юз ўгириб қўя қолган…

Ҳозир Назира ўн ёшда. Гимнастика билан шуғулланади, рақс эса, жону дили. Яккасарой туманидаги 25-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда таълим олмоқда. Бу ердаги тадбирлар Назирасиз ўтмайди. Қизалоқ бобосига дастёр — томорқа юмушларида ҳамма вақт қарашиб туради.

Гарчи бурро сўзлолмаса ва фикрлаш қобилияти суст бўлса-да, у доимо ҳаракатда. Бир кам дунёни беғубор нигоҳи-ла бекам кўришга интилаётир.

Fikr bildirish