Бой берилган вақт

Бошланғич синфда ўқиб юрганда синфдошимиз Шокирга ҳавас билан қарардик. У ҳар куни янги кийимда мактабга келар, аниқроғи, дадасининг ҳайдовчиси олиб келиб қўярди. Чўнтагида мўмайгина пул, қўлида эса қимматбаҳо телефон. Ўша пайтлар Шокир билан ўртоқ бўлиш олтин тухум қўядиган ғозни сотиб олишдек гап эди. У пул, буюмларини дўстларидан ҳеч қизғанмасди. Ўқиши ҳам кўнгилдагидек — аъло эмасу, ҳарқалай, доим яхши баҳо олишга тиришарди.

Бешинчи синфга қадам қўйганимиздан сўнг, Шокир буткул ўзгарди. Худди ўша замонавий машина, ярқираган кийим-кечакларда бошқа бола мактабга келаётгандек эди. Биринчи соатдан кейин дарсдан қочарди. Вақтини кўча санғиш, компьютер ўйинларию боғда сайр қилиш билан ўтказарди. Дадасининг ҳайдовчиси келадиган пайт елкасига сумкасини илиб, ўзини роса толиққандай кўрсатиб, мактаб дарвозаси ёнида турарди. Дарс пайтида синфдошларини камситиб, ўқитувчи билан тортишар, ё бўлмаса телефонидаги мусиқани баланд қилиб тингларди. Шокир ўзгариб қолганини кўриб, айрим дўстлари ундан узоқлашган бўлса, баъзиларидан унинг ўзи воз кечди. Синфда бўлмаган пайтда нималар қилиб юришини ҳеч ким аниқ билмасди.

Директоримиз Шокирнинг отасига бўлаётган воқеалар ҳақида лом-мим демасди. Аммо ўқитувчиларга унга юқори баҳо қўйиб беришни тайинларди. Муаллимлар ҳам юз-хотир қилиб, Шокирни аярди, қаттиқ гапирмасди. Эсимда, саккизинчи синфдалигимизда сигарета тутатгани учун устозимиз Абдиолим Эргашев уни роса койиган. Гап қайтаравергач, Шокирнинг юзига тарсаки ҳам тортиб юборди. Ўшанда у қўлига пичоқ олиб:“Ҳаммангни сўйиб ташлайман, кимсанлар ўзи, қаланғи-қасанғилар!”, деб бутун мактабни бошига кўтарганди.

Тўққизинчи синфнинг сўнгги чорагида синфдошимнинг ота-онаси автоҳалокат туфайли вафот этди. Оиланинг мол-мулкига Шокирнинг амакиси эгалик қилди, жиянининг тарбиясини ҳам ўз зиммасига олди. Мудҳиш воқеадан ке­йин Шокир атиги уч марта мактабга келди. Келганда ҳам бир четда жимгина ўтирарди. Ҳатто бор-йўқлиги ҳам билинмасди.

Мактабни битиргач, бир ҳовуч буғдойдек ҳар томонга сочилиб кетдик. Шокир билан йўлларимиз кесишмади. Эшитишимча, ўқишни тугатиши биланоқ, амакиси уни уйидан ҳайдаб юборибди. Отасининг меросидан бир чақа ҳам бермабди. Пулсиз, уйсиз қолган, на билими бор, на меҳнатда суяги қотган Шокирнинг ҳоли не кечди экан-а?

Бир куни бозорга чиқсам, дарвоза ёнида қора кўзойнак тақиб, тиланчилик қилаётган одмигина инсонга кўзим тушди — Шокир экан! Энди ёнига яқинлашганимда, қаергадир ғойиб бўлиб қолди. Ҳа, тақдир бизни не кўйларга солмайди. Бахтга ҳам, кулфатга ҳам ўзимиз сабабчи.

Fikr bildirish