Диплом эмас, билим муҳим Нега юртимиздаги IT-компаниялар малакали дастурчилар топишда қийналмоқда?

Ахборот технологиялари дунёни ўзгартирмоқда. Улар туфайли узоғимиз яқин, оғиримиз енгил бўлди, ҳаётимиз қулайлашди. Ҳозирги замонда соҳанинг ривожланишидан наинки муайян давлатлар, балки бутун инсоният манфаатдор. Турган гапки, бундай вазиятда IT-кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж кун сайин ортиб бораверади.

Мазкур тенденциянинг ижобий жиҳатлари кўп. Ҳеч бўлмаганда, жамиятга асқатадиган креатив ғоя ва инновацион ташаббусларни ким муайян алгоритмга солиб, техник ишланма даражасига етказиб бера олар экан, деб бошинг қотмайди. Айни мураккаб вазифани замонавий формациядаги компьютер муҳандисларию дастурчилар уддалашга қодир. Уддалаяпти ҳам! Бежиз эмас, сўнгги йилларда жаҳонда шу йўналишда мутахассислар тайёрлайдиган таълим муассасалари салмоғи анча кўпайган.

Аммо мутахассис билан мутахассиснинг фарқи бор. Ўз ишининг усталари ҳар ерда қадр­ланади. Сўзсиз аён ҳақиқат: малака ва маҳорат тажрибанинг маҳсулидир. Иккисига эришиш учун тинмай меҳнат қилиш — илму маърифат эгаллаш, иқтидорни чархлаш, салоҳиятни юзага чиқаришга керак. Дарвоқе, билим олиш ҳам меҳнат. Мана энди, бугун биз сўз очмоқчи бўлган мавзунинг моҳиятига етиб келдик.

Юртимизда IT-мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳар йили юзлаб битирувчиларни учирма қилмоқда. Масалан, жорий йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини 1 минг 254 нафар йигит-қиз тамомлади. Филиалларни қўшиб ҳисоблаганда салмоқ икки мингдан ошади. Де-юре уларнинг барчаси қўлига диплом олган, демак, эгаллаган мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эга. Де-факто эса, жуда оз қисмигина тўрт йил мобайнида орттирган билим ва кўникмаси билан потенциал иш берувчилар — асосан хусусий корхона ва компаниялар талабига жавоб бера оляпти. Бошқача қилиб айтганда, бизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида берилаётган таълим сифати ҳозирча кўнгилдагидек эмас. Ва бу ҳолат маҳаллий дастурий маҳсулотлар бозорининг рақобатбардошлигини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Сабабларини таҳлил этишга уриниб кўрайлик.

Тўгараклар бор, аммо кўп эмас

Дастлаб ўқувчиларни касбга йўналтириш жараёнига эътибор қаратсак. Умуман олганда, инсонни ҳар қандай соҳага қизиқтириш болаликдан бошлангани маъқул. Ахборот технологияларининг ўзагини ташкил қилувчи математика ва физика фанлари бугун барча умумтаълим мактабларида ўқитилади. Лекин мактабдаги ўқув дас­тури болага асосан фундаментал, яъни базавий билимлар беришга йўналтирилган. Математика ва физикадан аъло баҳоларга ўқиган фарзандингиз эртага, албатта, дас­турчи бўлишни хоҳлаб қолишига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бундан аввал у замонавий техника олами, айтайлик, рақамли технологиялар нималиги, электрон конструкциялар қандай “дунёга келиши” ҳақида тасаввур ҳосил қилмоғи даркор. Шу нуқтаи назардан, турли техник тўгараклар ниҳоятда қўл келади. Таассуфки, умумтаълим мактабларида бундай тўгараклар қолмади ҳисоб. Авто, авиа ва ракетомодель, кемасозлик, радио ёки робототехника йўналишларида билим берадиган давлат тасарруфидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ҳам унча кўп эмас.   Борларида эса, турли қурилмалар, ҳатто роботлар қўлда — қоғоз-қалам ёрдамида лойиҳалаштирилиб, картон ёки пенопласт­дан ясалади. Молиявий ресурслар чеклангани боис, компь­ютер дастурлари, қўйингки, элементар лего-конструкторлардан фойдаланишнинг имкони йўқ. Бундай шароитда болага янгилик бера олиш жуда қийин.

Ҳарқалай, охирги вақтда мактаб ўқувчиларини IT-технологияларга қизиқтириш мақсадида бош­қа, анча самаралироқ ташаббусларга қўл урилди. Масалан, икки йилдирки пойтахтимизда “Robo­Kids” робототехника мактаби фаолият кўрсатмоқда. Шунинг­дек, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 9-15 ёшли ўғил-қизлар учун “CodeCraft” дас­турлаш курслари очилган. Лекин бу лойи­ҳалар тижорий характерга эга. Демак, пули боргина қатнаша олади.

98 фоиз дастурчига иш бор!

—  Менимча, болаларни қандайдир махсус таълимий дастурлар — тўгарагу клубларсиз ҳам ахборот технологияларига қизиқтириш мумкин, — дейди Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин Тешабоев. — Ҳозир ҳамманинг уйида компь­ютер, уяли телефон, жилла қурса, телевизор бор. Демак, бугунги авлод атак-чечак қила бошлаган пайтиданоқ техника билан танишиш имконига эга. Ундан ке­йин боланинг таъби-диди ўзгарувчан бўлишини ҳам ҳисобга олайлик. Киши қайси касбга кўпроқ мойил экани вояга етаётганида аёнлашади. Дастурчи бўлишни хоҳловчилар, мар­ҳамат, компьютер технология­ларига ихтисослашган касб-ҳунар коллежларига келсин. Университетимиз қошида иккита академик лицей фаолият кўрсат­япти. Бундан ташқари, кафедра ўқитувчилари еттита коллежга бириктирилган. Ҳар бири махсус (касбий) тўгаракларга раҳбарлик қилиб, иқтидорли ўқувчилар билан индивидуал тарзда ишлайди.

— Энди бевосита университетдаги таълим сифати ҳақида тўхталсам, — давом этади Т.Тешабоев. — Тайёрлаётган кадрларингиз рақобатбардошми, деб савол беряпсиз. Очиғини айтаман: ҳаммаси ҳам эмас. Шахсан ўзим уларнинг чет тилини билиш даражасидан қониқмайман. Шунга қарамай, баъзи иқтидорли талабаларимиз хорижий компанияларда фаолият кўрсатяпти. Умуман олганда, битирувчиларнинг ишга жойлашиш кўрсаткичи бизда анча юқори — ўтган йили 98 фоизни ташкил қилган эди. Битта нарсани тўғри тушунишингизни хоҳлардим: замон шиддат билан ўзгаряпти. Бугун янги, деб қабул қилинаётган билим эртага эскириши мумкин. Шу нуқтаи назардан, ўқув дастурларини имкон қадар мунтазам равишда янгилашга, мазмунан такомиллаштиришга ҳаракат қиляпмиз. 2013 йилдан айрим мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилди. Фақат инглиз тилида таълим бериладиган махсус гуруҳлар очганмиз. Таълим сифатига эришишнинг иккинчи муҳим шарти профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш ҳисобланади. Бу борада ҳам муаммоларимиз етарли. Аммо қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Шу чоққача 110 нафардан зиёд педагог Корея Республикасида малакасини ошириб қайтди. Яқинда яна 19 нафарини четга жўнатдик. IT-мутахассиси учун, биринчи навбатда, амалий билим, кўникма даркор. Жуда кўп корхона ва ташкилотлар талабалар орасидан ўзларига кадр излайди. Иқтидорлиларни саралаб, иш ўргатади, амалиёт ўташи учун шароит яратиб беради. Яширмайман, бизда шахсий бизнесини юритаётган талабалар ҳам бор. Хуллас, кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ.

Ҳамён зарар кўрмасин

Бугунги кунда юртимизда 150 га­­ яқин IT-компания фаолият кўрсатмоқда. 2021 йилгача мазкур салмоқни камида тўрт баробарга ошириш кўзда тутилган. Натижада, соҳада ўн мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бир ҳисобдан, мамлакатда АКТ соҳасидаги кадр­ларнинг кўпайгани қувонарли ҳол. Шунга яраша рақобат ҳам кучайиб, дастурий маҳсулотлар бозорини ички ресурс ҳисобига бойитиш имконияти кенгаяди. Бироқ асосий гап сон эмас, сифатда. Айни ҳақиқатни хусусий компаниялар вакиллари яхши уқиб олган. Улар учун битирувчининг дипломидан кўра билими муҳимроқ. Сабаби иш бермайдиган мутахассисдан, биринчи галда, иш берувчининг ҳамёни зарар кўради. Бундай молиявий йўқотишлар давлат бюджетидан бир сўм пул олмай, ўз кунини ўзи кўрадиган тадбиркорлик субъект­ларига қимматга тушиши тайин.

— Мамлакатимиз шароитида яхши дастурчини топиш жуда қийин масала, — дейди “New Max Technologies” компанияси раҳбари Акмал Пайзиев. — Тошкент давлат ахборот технологиялари университети тарбиялаб бераётган кадрлар талабга жавоб бермайди. Амалиётга келаётган 3-4-курс талабалари дастурлашдаги янги тенденциялар, ёндашув ва ечимлар ҳақида тасаввурга эга эмас. Чунки университет ўқув дас­турлари эскирган — камида 15-20 йил олдинги база билан билим бериляпти. У ерда ёшларга ким дарс ўтаяпти, деб бир қизиқиб кўринг — хафа бўлишмасину, профессор-ўқитувчиларнинг кўпи АКТ соҳасида кучли мутахассис бўла олмаган инсонлардир. Маоши 1,5 миллион сўмга ё етади, ё етмайди. Таълим жараёнига устаси фаранг, амалиётчи дастурчини жалб қиламан десангиз, унга муносиб ҳақ тўлаш керак. Университет ўқитувчисининг маоши камида 10 миллион бўлсагина, малакали кадрлар тан­қислиги муаммосини ҳал этиш мумкин. Компанияда битта иш ўрнини яратиш учун 180 доллар харажат қиламан. Эртага шу жойни банд қиладиган мутахассис, табиийки, менга даромад келтириши керак. Тошкент давлат ахборот технологиялари университети битирувчисини қайта ўқитиб, ишга ярайдиган қилиб олгунча ҳам вақт, ҳам маблағдан ютқазаман. Шу боис ходимларимизнинг аксарияти Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаган ёшлардан иборат. Улар ойига ўртача ҳисобда 7-8 миллион сўм топмоқда.

Қўнимсизлик ҳам жиддий муаммо

Йўлсозлик ҳамда мобиль тижорат соҳаларида инновацион IT-технологиялар татбиғи билан шуғулланаётган “Green White Solutions” компанияси асосчиси ва раҳбари Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов маҳаллий олий таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрларнинг нафақат салоҳияти, балки қўнимсизлиги ҳам жиддий муаммо эканини таъкидлайди.

—        Бизнес йўқотишларни ёмон кўради, — дейди у. — IT соҳасида илгарилашга ҳаракат қилаётган мамлакат, аввало, таълим сифатини жаҳон талаби даражасига олиб чиқиши керак. Тошкент ахборот технологиялари университетидаги ўқув дастурлари жуда эскирган. Битирувчи талабалар рақобатга дош беролмаяпти. Неч­тасини ишга олиб, “куйиб қолганман”. Орасида салгина “ярқ” этиб кўринганини ҳам бир йил қайта тайёрлашга тўғри келади. Бунинг учун 30-40 миллион сўм сарфлашим керак. Энди, ҳатто амалиётчиларни ҳам тест синови асосида компания жамоасига қўшадиган бўлдим. Салоҳияти тортса, қобилиятли, изланувчан бўлса, шартнома пулини тўлаб бериб, кейин ишга қабул қиламиз. Бироқ оёғимизга болта уриб турган бош­қа жиҳат ҳам бор. Ўтган йили эндигина компания корига ярай бошлаган иккита ёш дастурчим магитратурада ўқиш учун Корея Республикасига жўнаб кетди. Шу бўйича қайтиб келгани йўқ. Негалигини ҳам биламан —­ чет элда улар биз таклиф эта оладигандан кўра ўн баравар кўп маош олади. Устига-устак тиббий суғуртаси, ижтимоий ҳимоя пакети бор, ҳар бир ходим уй-жой билан таъминланади, дам олишига шароит яратиб берилади. Хуллас, жаннатнинг ўзгинаси! Менга алам қиладигани, иқтидорли йигит-қизларни мамлакатда олиб қололмаётганимиз. Аксинча, хорижга чиқиб кетишига йўл очиб бераяпмиз. Мана масалан, жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 4-бос­қич талабалари ёппасига Жанубий Корея­га ўқишга юборилди. Энди улар бир йил ўша ерда яшайди. Нечтаси қайтиб келади, номаълум. Шулардан бирини яқиндагина ишга олгандик. Оқибати нима бўлди, яна яхши мутахассисга зор бўлиб ўтирибмиз.

— Яна бир гап, — давом этади суҳбатдошимиз, — кадрлар билан боғлиқ оғир вазиятга чидаб туролмай, ўтган йили кўнгилли равишда Тошкент ахборот технологиялари университети раҳбариятига дарс сўраб бордим. Пул олмайман, фақат ҳафтада бир марта келиб талабаларни соҳамиздаги янгиликлардан хабардор этмоқчиман, дедим. Мавзулар рўйхатини сўрашди, тузиб бердим. Кейин ҳар бир дарс тўғрисида ёзма ҳисобот топшириш зарурлигини уқтиришди. Шу жойида таслим бўлдим. Бу нимаси ахир, университетга ёрдамим тегсин, ёшларга билганларимни ўргатай, деган ниятда ташаббус билан чиқсам-у, ҳамкорлик қилиш ўрнига мени қоғозларга кўмиб қўйишмоқчи бўлишса, бунақада таълим сифати бизда қачон яхшиланади?! Демак, ўқитувчи дарс­га пухта тайёрланмаса ҳам майли, лекин хат-ҳужжатини жой-жойига қўйиб, ҳисоботларни вақтида топшириши шарт ва зарур, шундайми? Аттанг, бу кетишда ҳали-бери яхши IT-мутахассисларига ёлчимайдиганга ўхшаймиз.

Инҳачилар уялтириб қўймайди

2014 йилда Тошкент шаҳрида АКТ соҳаси бўйича халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Корея Республикасининг Инҳа университети ташкил этилган эди. Олийгоҳда дастурий инжиниринг, компьютер инжиниринги ва логистика факультетлари мавжуд (келгусида веб-дизайнерлик йўналишини очиш кўзда тутилган). Талабалар контингенти 700 нафар йигит-қиздан иборат. 100 нафари келаси йили ўқишни тамомлайди.

Университетдаги муҳит ҳавас қилишга арзигулик. Таълимга ёндашув эса тамомила ўзгача: дарслар тўлиқ инглиз тилида ўтилади. Педагогларнинг 90 фоизи хориждан таклиф қилинган. Талабада фанларни танлаб олиш ҳуқуқи бор (халқаро амалиётда бу тартиб кредит тизими, деб номланади). Муҳими, амалий машғулотлар ўқув дастурининг асосий қисмини ташкил қилади.

— Талабаларга ўқиш ва профессионал меҳнат фаолиятини баравар олиб бориши учун имконият яратиб берганмиз, — қайд этади Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев. — Масалан, 4-курсларимизнинг 70 фоизи ишлайди. Баъзилари стартап лойиҳаларда иштирок этмоқда. Бу фаолият одатда хўжалик субъектларининг буюртмаси асосида амалга оширилади. Маблағни буюртмачи ажратади, биз эса ғояни ишланма кўринишига келтириб берамиз. Масалан, яқинда талабалар “Kafolat” суғурта компанияси учун хизматларни электрон тарзда сотиш имконини берадиган веб-платформа яратди. Яна бир гуруҳи “Great Gate” компанияси билан ҳамкорликда “Poputi.uz” мобиль иловасини ишлаб чиққан. Мазкур сервис интернет фойдаланувчилари орасида анча оммалашган.   Шунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Айтмоқчиманки, талабалар ўқишга кирганданоқ, касб кўникмаларини эгаллай бошлайди. Айни мақсадда университет қошида барча зарур техник воситалар билан таъминланган Инновациялар ва саноат кооперация­лари маркази ҳамда IT-лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бирида ҳафтада йўқ деганда биттадан инновацион ғоя “дунёга келади”. Қарабсизки, университетни тамомлагунча талаба йигит ёки қизимиз портфолиосида ўнтагача лойиҳа жамланади.

Нуфузли олийгоҳ ректорининг ишончи комил: Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини тамомлаган ёшлар ўз таълим даргоҳини ҳеч жойда уялтириб қўймайди. Ҳозирнинг ўзида уларни 50 га яқин корхона ва компания ишга олишга тайёр. Баъзилари “улоқ”ни қўлдан бой бериб қўймаслик учун бўлғуси ходимларининг шартнома пулини ҳам тўлаб бермоқда.

Кадрлар миграцияси — нормал ҳолат

— Ахборот технологиялари соҳасидаги кадрлар миграциясини мен нормал ҳолат, деб қабул қиламан, — таъкидлайди С.Бобохўжаев. — Бунинг сира ажабланарли ёки хавотирли жойи йўқ. Бутун дунёда шундай. Ҳиндистонни олайлик. Ҳозир энг кучли дас­турчилар асосан шу мамлакатдан етишиб чиқмоқда. Лекин улар ҳар хил давлатларда фаолият кўрсатяпти. Бизнинг дас­турчилар ҳам катта пул таклиф қилинган хорижий компанияларда ишласа нима қилибди? Биринчидан, оиласи, бола-чақасининг таъминотига етадиган даромад топади. Ундан кейин ўзи чет элда истиқомат қилса-да, бошқа ҳамкасбларига ҳам масофадан туриб иш топиб бериши мумкин. Натижада, Ўзбекистонга валюта кириб келади. Шу жиҳатларни инобатга олганда тенденция ёмон эмас, аксинча, ижобийдир. Юртимиз иқтисодиёти юксалиб борган сари, тажрибали мутахассислар қайтиб келиши аниқ. Бунга вақт керак, холос.

 ***

Тўғри, ҳар нарсанинг ўз мавриди бор. Вақт измимизга бўйсунмас кучдир. Лекин танлов ихтиёри ўзимизда: хоҳласак билим оламиз, хоҳламасак – йўқ. Истасак соҳамизда янгилик яратиб, жаҳонни лол қолдиришимиз мумкин, ҳафсаламиз бўлмаса – ўртамиёна кадр сифатида ҳам кунимиз ўтаверади. Фақат ҳозир Ватанимиз фидойи ва жўшқин, билимдон ва қобилиятли кадрларга эҳтиёж сезиб турган бир пайтда лоқайд бўлиш, таълим сифатига эътибор бермаслик ушбу ҳаёт-мамот масаласида ўзибўларчиликка йўл қўйиб бериш ярамайди ҳам, ярашмайди ҳам. Ахборот технологиялари соҳасидаги етук мутахассисларни тарбиялаш ва улар учун муносиб шароитларни яратишга қурбимиз етади. Мақсад битта, ҳаракатлар муштарак бўлса, бас.

 

Райимқулов Ўктамали,

Чуст туманидаги 18-мактаб ўқитувчиси.

Fikr bildirish