Мода ҳам эви билан-да!

Мана йигирма икки йилдирки бувижоним тарбиясидаман. Эсимни таниганимдан бери, у киши биз, набираларга: “Озодаликка одатланинг, бу сифат — қиз боланинг зийнати. Инсон бадани, қўл ва оёқларини ҳамиша покиза тутиши керак”, дея уқтириб келади.

Тенгқурларимни кўп кузатаман. Айниқса, айрим “замонавий” қизлар ўзига ҳаддан зиёд зеб беради. Баъзиларининг бачкана соч турмаклари, беўхшов пардоз-андози, дидсиз кийиниш услуби атрофдагиларнинг ғашига тегар даражада. Тирноғини ўстириб, лаб-бурнини тештириб, алламбало сир­ғалар илиб юрадиган “мода ишқибозлари”ни-ку, сира тушунмайман. Ўйлаб-нетмай қилаётган бу иши маънавиятсизлик, ахлоқий тубанлик экани, миллатимиз шаънига доғ туширишини наҳотки фаҳмламаса?!

Тунов куни интернетда дилни хира қилувчи маълумот ўқиб қолдим. Уни пойтахтимиздаги гўзаллик салонларидан бири жойлаштирган. Бор-йўғи бир энлик эълон. Лекин мазмуни билан танишиб, ёқа ушлайсиз. Нима эмиш, бугунги кунда дунёнинг энг ил­ғор нейл-дизайнерлари тирноқларга жун ёпиштиришни ўйлаб топибди. Яна қайсидир океан орти мамлакатида аёллар орасида тирноғини пирсинглаш, яъни турли занжирларни улатиш оммалашибди. Ўша бемаза ҳолатларни суратга олиб, ҳаммага намоён қилиб ҳам қўйишган. Во ажабо, бунақаси етти ухлаб тушимга кирган эмас. Қандай замонга етиб келдик, ахир! Инсон боласининг тана аъзоларига ҳайвон жунини ёпиштириб юришдан бошқа иши қолмадими? Бундай шармисорлик қайси аёл ёки қиз ҳуснига-ҳусн қўшар экан?! Балки буни ҳам модага йўйиб, осонгина ҳазм қилиб қўяқолармиз. Унақада эртага яна бирорта телба дизайнер топилиб, ҳайвонга ўхшаб дум улатиб юриш ҳам замонавийлик белгиси, деб одамзодни ақлдан оздирмаслигига ким кафолат беради?

Эълон муаллифи қўрқинчли тирноқларни кўз-кўз қилгани етмаганидек, мавсум трендлари ҳақида нима дейсиз, сизга ёқдими қабилидаги савол билан интернет фойдаланувчиларининг қитиқ-патига текканига ўласизми. Фикрлар ҳар хил бўлиши табиий, кўпчилик салбий муносабат билдиришига ҳам шубҳам йўқ. Аммо яширин реклама барибир ўз ишини бажаради. Эълонни ўқиганлардан битта-яримтаси ваҳший тирноқларга қизиқиб, аянчли экспериментни ўзида қўллаб кўриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ана шунда улар қаерга мурожаат қилади? Топдингиз, онгини заҳарлаган гўзаллик салонига. Қарабсизки, бироздан сўнг шаҳримизда супер замонавий жун-тирноқ қўйиб олган “гўзаллар” пайдо бўлади.

Муқаддас динимиз бани башарни ҳамиша соф табиатли бўлишга чақирган. Табиати бузилмаган инсон зоти шахсий озодалик доирасида қилиши лозим бўлган ва Аллоҳ томонидан буюрилган ишлар исломда “фитрат суннатлари” деб юритилади. Айтиш керак, тирноқларни қисқартириш ҳам соф табиат, яъни фитрат суннатларидан биридир. Чунки тирноқ ўсганда тагига кир тўпланади. Натижада, турли касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Мухтасар айтганда, биз, ёшлар, кимлигимиз, қандай гўзал фазилатли миллат вакиллари эканимизни унутмаслигимиз, мода ортидан қувиб, қадриятларимизни завол топтирмаслигимиз керак. Зеро, “оммавий маданият” кўринишлари биз учун ибрат намунаси эмас, залолат исканжаси эканини теран англаш фурсати етди.

Азиза САМАДОВА

Fikr bildirish