Муваффақиятга эришиш учун нима қилишим керак?

— Жуда омадсизман. Қай бир ишни бошламай ҳеч бароридан келмайди. Дўстларим муваффақиятнинг ҳам калити бор, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Муваффақиятга эришиш учун нима қилишим керак?

Ориф Тешабоев

Тошкент шаҳри

Саволга психолог Зуҳра Ҳасанова жавоб беради:

— Кўпчилик ҳаётда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмайди. Аслида, бу жуда оддий. Кўнгилда милт этган шуъла, яъни умид пайдо бўлиши керак. Бу миттигина умид кейинчалик ўз имкониятларига эга бўлган ­ишончга айланади. Ишонч эса аста-секин шижоат томон бошлайди. Аввало, у сизнинг тасаввурингизда, яхши ҳаёт, истиқболли келажак ҳақидаги орзуларингизда намоён бўлади. Умид пайдо бўлганида аниқ мақсадни белгилашингиз ва уни ҳаётингизга татбиқ этишингиз ­лозим.

Тақдирга тан берманг, жасоратли орзуларга эришишга журъат этинг! Ишонинг, ҳаётда эришиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ.

Умид ва ишончингиз мақсадингизни аниқлашга ёрдам беради, уни қоғозга туширинг. Ёдингизда сақланг. Уни ўзингизга “йўлчи юлдуз” қилиб олинг ва муваффақият сари илдам қадам ташланг. Мақсадни амалга ошириш учун ҳаракат қилинг. Фикру хаёлингиз шу ишга қаратилган бўлса, мақсадингизга осон эришасиз. Сиз қайси хатти-ҳаракатлар бу жараённи тезлаштириши мумкинлиги, аксинча, қайси бири секинлаштиришга олиб келиши ҳақида ўз вақтида ҳал қилиш имкониятига эга бўласиз. Бу “йўлчи юлдуз” натижада мақсадингизга эришиш йўлидаги кўпгина ножоиз чалғишлардан осонгина қутулишингизга ёрдам беради.

Fikr bildirish