Оила бузилса агар…

Тунов куни бозордан қайтаётганимда ҳайдовчи амаки бугунги тўйлардаги дабдабаю кераксиз “маросим”лар ҳақида гап очиб қолди. Унинг айтишича, яқинда буюртма билан келин томоннинг тўй ошига куёв навкар олиб борган экан. Икки томондан айтиладиган меҳмонлар саноғи аввалдан келишиб қўйилганига қарамай, куёвнинг отаси юз ўринга мўлжалланган жойга уч юз кишини бошлаб борибди. Бир идоранинг каттакони бўлса керагов, таниш-билишлари ҳам кўп. Хуллас, бўлғуси қайнота деганлари қудасини изза қилиб қўйгани боис, ўша пайтнинг ўзида тўй тўхтатилибди. Бўлмағур орзу-ҳавас ва иззат-нафсни деб, икки ёшнинг бахтига дарз кетганига ачинасан, киши. Обрў-эътибор олдида инсон тақдири бир пул экан-да…

Қўшнимиз Санобар опа яқинда ўғлини фотиҳа қилди. Келин томонга мебель олиш учун беш минг доллар беришган экан. Аммо харид қилинган жиҳозларнинг сифати кўнгилдагидек чиқмабди. Шу важ билан Санобар опа тўйни қайтарган…

Бурунгилар бир оила бузилса, Арш ларзага келади, дейишган. Таассуфки, бугун арзимас баҳона билан юзлаб оилаларнинг пароканда бўлаётгани оддий ҳолга айлангандек.

— Ажралишга қарор қилган ёшларнинг оиласини имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз, — дейди Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ФҲДЁ бўлими биринчи тоифали инспектори Гуландом Мўминова. — Бизга ариза беришдан аввал улар маҳаллага мурожаат қилиши керак. Бундай қилинмаса, маҳалла раисини ўзимиз хабардор қилиб, ишни яраштирув комиссияси кўриб чиқишини талаб қиламиз. Жорий йилнинг биринчи чорагида туманимизда 172 та ажрим ҳолати қайд этилди. Асосий сабаб, ҳаётга енгил-елпи қараш ва сабр-бардошнинг етишмаслигидир. Профилактик тадбир сифатида маҳалла, таълим муассасаларида доимий тар­ғибот ишларини олиб боряпмиз.

Буни қарангки, улуғ қомусий олим — Беруний бобомиз ҳам ўз асарларида никоҳ ва оила масалаларига жиддий эътибор қаратиб, жумладан, келин бўлишга тайёрланаётган қизларга қарата шундай насиҳат қилган: “Эй қизим! Сен ўрганган уйингдан кетиб, нотаниш хонадонга тушмоқдасан. Бўлажак куёвнинг ҳамма хислатларини билмайсан. Сен ер бўл, у эса осмон бўлади. Осмон шифобахш ёмғири билан ерни кўкартиргани каби, у ҳам ўз меҳр-шафқати билан сени хушнуд этади”.

Ҳа, аждодларнинг пурҳикмат ўгитларидан сабоқ чиқариш биз, авлодлар учун айни вожиб амалдир. Тарихга назар солайлик, халқимиз оилани ҳамиша муқаддас, деб билган, бу гўзал қўрғонни кўз қорачиғидек асраб-авайлаган. Бундай қадриятдан юз ўгирмоққа ҳаққимиз йўқ, албатта.

Таҳлилларга қараганда, оилавий ажримлар кўпинча ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлиги, йигитларнинг оилани бошқариш ва моддий таъминлаш, фарзанд­лар тарбияси учун масъулиятни етарли даражада ҳис этмаслиги, қизларнинг эса бекалик, оналик вазифаларини уддалай олмаслиги туфайли юзага келмоқда. Оилада соғлом маънавий муҳит шаклланмас экан, у ҳеч қачон мустаҳкам бўлолмайди. Бежиз эмаски, ота-боболаримиз ўғил уйлаб, қиз чиқараётганда мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратган.

— Статистикага юзлансак, юртимизда ажралаётганларнинг аксарияти 20-25 ёшда бўлиб, улар бор-йўғи 1-1,5 йил бирга ҳаёт кечирган, — таъкидлайди Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими Ҳулкар Абдуллаева. — 22-25 фоиз ҳолатда ажримлар икки ёш бир-бирига кўнгил қўймагани, характерларнинг тўғри келмаслиги, 18-20 фоизида оиладаги майда гап-сўз ва турли келишмовчиликлар, қолган қисми эса бепуштлик ва бошқа касалликлар, шунингдек, йигитларимизнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларга берилиб кетиши оқибатида юзага келмоқда. Унутмаслик керакки, турмуш қураётган ёшларнинг маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши ва албатта, иқтисодий мустақиллиги оилавий муносабатлардаги барқарорликка бевосита таъсир кўрсатади.

Айрим тенгдошларимиз енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юришни ҳаётий қоидага айлантиргани ҳам бор гап. Бу, аввало, тарбиядаги нуқсондан далолат беради. Туну кун пул топиш пайи­да елиб-югураётган ота-она ҳали мактаб ёки коллежни тамомламаган арзандасига машина ёки қимматбаҳо телефон олиб беришини айтмайсизми. Бундай “ғамхўрлик”дан талтайган фарзанд боқимандалик кайфиятида улғайиши ва келажакда масъулиятни ўз зиммасига ололмайдиган оила бошлиғига айланиши ҳеч гап эмас. Бундан эса наинки бир оила, балки бутун жамият жабр кўради.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА

Fikr bildirish