Оғиримиз енгиллашди

2017 йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кучга кирди.

Самарқандда туғилиб-ўсганман. Шарқ гав­ҳари сифатида алқаб келинаётган бу муқаддас замин Ўзбекистоннинг энг йирик туристик марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳримизда йил ўн икки ой турли давлатлардан келган хорижий сайёҳларни учратиш мумкин. Улар Ватанимиз тарихи ва табиати, ўзбек халқининг бой маданий мероси, турмуш тарзи ҳамда урф-одатларини кўриш ва ўрганишга ниҳоятда қизиқади. Муҳими, чет эллик меҳмонларга манзур келадиган жиҳатларимиз оз эмас. Сайёҳлик индустриясини ривожлантириш, мазкур тармоқни мамлакат иқтисодиётининг локомотивига айлантириш учун имкониятларимиз етарли. Ҳамма гап мавжуд салоҳиятдан тўлиқ, тўғри ва оқилона фойдаланишда.

Яқинда туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошладим. Табиийки, айни жаб­ҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, улар қай ўзанга йўналтирилаётганию мақсад-муддаосини билиш мен учун ниҳоятда қизиқ. Жорий йилнинг 16 августида Президентимиз томонидан қабул қилинган “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни диққат билан ўқиб чиқдим. Ишонасизми, кўнглим тоғдек кўтарилди. Боиси унда биз, туроператорларни кўпдан бери қийнаб келаётган бир қанча муаммоларни бартараф этиш­
бўйича аниқ чоралар белгилаб берилган.

Хусусан, қарорга мувофиқ, тижорат банк­ларига тадбиркорлик субъектларига чет эл вал­ютасидаги маблағларни ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар, терминаллар ижараси, эркин конвертация қилинадиган валютадаги нақд пулларни инкассация қилиш ва ­бошқа хизматлар учун йиғимларнинг миқдорини максимал даражада оптималлаштириш тавсия қилин­япти. Бу бизга анча енгиллик туғдирган бўларди. Сабаби, ҳозир банклар корпоратив пластик картадан фойдаланаётган юридик шахслардан каттагина “хизмат ҳақи” ундириб олмоқда. Тўлов миқдори бироз камайтирилса, кўпгина туристик компанияларнинг молиявий аҳволи анча яхшиланиши мумкин.

Мен мамлакатимизда янги туризм объект­ларини ташкил этиш, қўшимча йўналишларни очиш бўйича ҳам амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилганидан хурсандман. Тўғри-да, қачонгача чет элликларга фақат Хива, Бухоро, Самарқанд ёки Тошкентимизни кўз-кўз қиламиз. Нима, бошқа вилоятларда диққатга сазовор, дам олса бўладиган жойлар йўқми? Бор, фақат зарур инфратузилма шаклланмаган. Айтайлик, меҳмонхоналар сони кам ёки талабга жавоб бермайди, йўллар носоз, маҳаллий аҳолининг сервис соҳасидаги маданиятини ошириш керак ва ҳоказо. Мана энди, Президентнинг 2017 йил 16 августдаги қарори билан 2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ­дастури ижрога киритилди. Мазкур ҳужжатга биноан, бир-икки йил ичида ­Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида, Жиззах вилоятининг Фориш ва Арнасой туманларидаги Айдар-Арнасой кўллари соҳилида, Навоий вилоятидаги Тўдакўлнинг жанубий соҳилида янги замонавий дам олиш ҳудудлари, шу жумладан, хорижий сайёҳлар учун пляжлар ташкил этиш, Қашқадарё вилояти­нинг Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида тўрт юлдузли меҳмонхоналар, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғ массивида меҳмонхона мажмуасини барпо этиш кўзда тутилган. Албатта, бундай режалар амалга ошгач, қўшимча иш ўринлари яратилади, одамларнинг даромади кўпаяди, турмуши яхшиланади, дунёқараши ўзгаради, бизнесга кенг йўл очилади, ёшлар тил ўрганишга қизиқа бошлайди ва алал-оқибатда, ҳудудларнинг ҳам иқтисодий салоҳияти юксалиб боради. Бундан қанчалаб юртдошларимиз манфаат топиши, берилган имкониятларни ишга солиши эвазига қанчасининг ҳаёти ижобий томонга ўзгариб кетиши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Навбатдаги эътиборли жиҳат — давлатимиз раҳбари янги қарорида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришни алоҳида талаб сифатида илгари сурган. Гап, аввало, хорижий сармоядорларни Ўзбекистонга жалб этиш ҳақида бормоқда. Бу борадаги асосий масъулият Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари зиммасига юклатилди.

Туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилганидек, 2019 йилгача Урганч, Тошкент шаҳарлари ва Фар­ғона вилоятида туризм зоналари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тоғ кластерлари ташкил этилади. Ушбу ҳудудларга сайёҳлар келиб дам олиши учун, энг аввало, халқаро талабга жавоб берадиган меҳмонхоналарни барпо этиш керак. Мазкур жараёнга давлат наинки маҳаллий ишбилармонлар, балки етакчи меҳмонхона брендларини ҳам жалб қилмоқчи. Менимча, жуда тўғри йўл. Негаки, биринчидан, меҳмонхона хўжалиги бошқаруви соҳасида илғор тажрибани ўзимизда татбиқ этиш имконига эга бўламиз. Бошқа томондан эса, мамлакатимизга четдан кираётган ин­вестиция­лар, яъни валюта оқими ошади.

Шу ўринда мутасаддиларга таклиф бермоқчиман. Ўзбекистонга келаётган кўпгина сайёҳлар меҳмонхоналаримиз нархларининг қимматлигидан шикоятланади. Қизиғи, сервис даражаси ўрнатилган қиймат билан номутаносиб. Дарҳақиқат, солиштириб қарасам, биздаги нарх-наво айрим Европа давлатларникидан ҳам юқори. Бундай ҳолат сайёҳларни бироз чўчитади. Менимча, айни масалада жиддий бош қотириш фурсати етди.

Президентимизнинг қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига янги меҳмонхоналар ва туризм инфратузилмасининг бош­қа иншоотларини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш учун ўн беш йилгача қулай фоиз ставкаларида кредитлар ажратиш амалиёти жорий қилинар экан. Умид қиламанки, бундай имтиёз орқали юқорида мен тилга олган муаммо ҳам ўз ечимини топади.

Юртимизда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлардан бири сифатида муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам кишида мамнуният ҳиссини уйғотиши табиий. Ахир, Ўзбекистонни бутун дунё ислом маърифатининг ўчоғи сифатида тан олган. Улуғ алломалар Бухорои шарифни “қуввати исломи дин аст” дея бежиз таърифламаган. Охирги йиллар тенденцияси Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилиш мақсадида келаётган сайёҳлар сони тобора ортаётганини кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, қарорда улар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартибларини босқичма-босқич соддалаштириш, керак бўлса, махсус чартер рейсларни ташкил этиш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.

Бобурмирзо ШУКУРОВ,

“Inter Advice Group” масъулияти чекланган

жамияти раҳбари

 

Fikr bildirish