Руҳим ҳорғин

Кейинги уч ой ичида ташвишларим кўпайиб кетгани боис, анча толиқдим. Муаммоларни-ку бартараф этдим, бироқ ҳанузгача ўзимга келолмаяпман. Танамда оғриқ бор, руҳим ҳорғин. Тинчлантирувчи дориларни ҳам ичиб кўрдим, лекин фойдаси бўлмаяпти. Маслаҳат беринг, нима қилай?

Мавжуда ФАРМОНҚУЛОВА

Жиззах вилояти.

Саволга психолог Шоҳиста Самарова жавоб беради:

 — Инсон муаммо ва қийинчиликлар гирдобида қолса, руҳияти толиқиши турган гап. Натижада, иродаси заифлашиб, соғлиғи ёмонлаша бошлайди. Лекин толиқиш ҳақида ўйлаганингиз сайин жисм ва руҳиятдаги чарчоқ баттар зўрайишини ҳам унутманг.

Баъзан бир маромда ҳаёт кечириш инсонни зериктириб қўйиши мумкин. Бу ҳам руҳий толиқишни келтириб чиқарувчи сабаблардан биридир. Шу боис вақти-вақти билан стресс ҳолатига тушиш фойдадан ҳоли эмас. Нуқул қисматидан нолиб, айбни бошқалардан қидирадиган   одамлардан узоқроқ юрганингиз маъқул.

Руҳан чарчаган инсонларга бироз бўшашган ҳолда ҳазин мусиқани тинглаб ётишни ҳам тавсия қиламан. Ҳаётингиздаги қувончли лаҳзаларни эсланг. Ёрқин ранглар кайфиятни кўтариш хусусиятига эга. Масалан, қизил ранг кишининг ўзига бўлган ишончини орттирса, яшил — тинчлантиради. Жигарранг эса, дўстона муҳитни ҳосил қилишга ёрдам беради.

Яна бир гап: эрталабки енгил бадантарбияни канда қилманг. Шунда ўзингизни доимо тетик ҳис қиласиз.

Fikr bildirish