Фарғонада ёш оилаларга уйлар берилди

Фарғона шаҳрида ёш оилаларга мўлжалланган тўрт қаватли уй фойдаланишга топширилди. 48 хонадондан иборат замонавий уйда фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида юксак натижаларга эришган ёшлар истиқомат қилади, дейилади ЎзА хабарида.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини рағбатлантириш, ёш оилаларга муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Табиий иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қисқа муддатда бунёд этилган уй қурилишида юртимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилди.

Уйларнинг имтиёзли кредит асосида берилаётгани ёш оилаларга Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан муносиб совға бўлди. Янги уйга кўчиб ўтган ёш оилалар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан мамнун.

– Бу қувончли воқеа бутун умр хотирамда қолади, – дейди бокс бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори Азамат Абдуҳакимов. – Икки хонали уйда оиламиз билан бахтиёр ҳаёт кечиришимиз учун барча шароит муҳайё. Биз, ёшлар кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка халқаро майдонларда эришадиган ютуқларимиз билан жавоб берамиз. Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрамини янги уйда нишонлаймиз.

Манба: uzbekistan24

Fikr bildirish