Яхши ният бахт келтиради

Ойбек мактабда аълочи эди. Қўшимча дарсларни ҳам канда қилмасди. Аммо омади чопмай, институтга ўқишга кира олмади. Қишлоққа қайтиб келгач, одамлар “киролмас экансан, шунча пул сарф­лаб, шаҳарга бориб нима қилардинг”, деган гап қилди. У ўзини кераксиз инсондек ҳис эта бошлади. Бир куни синфдоши: “Таниш-билишсиз олийгоҳга киролмайсан. Ундан кўра юр, чет элга кетамиз. Ишлайсан — ота-онангга ёрдам берадиган, пул топадиган вақтинг келди”, — деб маслаҳат берди.

Ойбек дўстига эргашди. Уйдагиларнинг қаршилигига қарамай, тугунини орқалаб, йўлга отланди. Лекин мусофирликда азоб чекди. Оғир иш шароити, яшаш жойининг ноқулайлиги уни қийнаб қўйди. Совуқда юравериб буйрагини шамоллатди, боз устига, ошқозони ҳам ишдан чиқди. Кўп ўтмай, уйи­га қайтишга мажбур бўлди. Топган пули соғлиғини тиклашга кетди. Уч-тўрт ой даволаниб, танасидаги дардни ҳайдади. Аммо юрагига ин қурган умидсизлик, тушкунлик қаддини анчайин букиб қўйганди.

Кунларнинг бирида тоғаси йўқлаб келди. Ёшлигида не-не қийинчиликларни бошидан ўтказгани, уларни матонат билан енгиб ўтгани ҳақида сўзлаб берди. Йигит киши мард, иродаси мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларига мадад кўрсатиши кераклигини айтди. Шундан кейин Ойбекнинг ўзига ишончи ортди. Тоғаси топганингда қайтарасан, деб қўлига пул тутқазди. Бу ўзини тиклаб олиши, бирон янги иш бошлаши учун бемалол етадиган сармоя эди. Озгина меҳнат ва ақл ишлатиш талаб қилинди, холос.

Ойбек бор пулига маҳалладаги фермерлардан нўхат, мош сотиб олди. Уларни бироз муддат сақлаб, кейин шаҳарга олиб бориб қимматроққа пуллади. Маълум қисмини қишки мавсум учун ғамлаб қўйди. Адашмаган экан, қишда нўхат, айниқса, мошнинг нархи кескин кўтарилди. Бир йил ичида анчагина даромад қилди. Секин-аста тоғасидан олган қарзини узди. Ҳозир беш-олтита қорамоли бор, катта экин майдони ҳамда мўъжазгина мевали боғнинг эгасига айланган. Бу йили маҳалла оқсоқолининг таклифи, уйига келган банк ходимларининг тавсияси билан имтиёзли кредит олиб, паррандачиликни йўлга қўйди. Уч нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминлади. Товуқлари тухумга кирган, буюртмачилар кўп. Қишлоқдошлари уни ҳар эслаганда: “Ўзи аввалдан эпчилгина бола эди”, деб мақтаб қўяди.

Ойбек ғўрлиги туфайли ҳаётда адашган бўлса-да, барибир тўғри йўлни топа олди.

Fikr bildirish