“Ғалвир сувдан кўтарилди”

Республикамиздаги барча олийгоҳларда тест натижалари эълон қилинди

Биринчи август! Талаба бўлган киши борки, бу кунни унутмаслиги тайин. Узоқ меҳнат ҳосиласининг натижаси кимнидир ҳаяжонга, яна кимнидир қайғуга солади. Ва ниҳоят, орзиқиб кутилган кунлар етиб келди. Ота-онасини бағрига босиб “мен уддаладим”, дея шодлик кўз ёшларини тия олмаётганларга қараб, сизнинг ҳам кўнглингиз алланечук бўлиб кетиши рост.

Кеча абитуриентлар учун кўп кунлардан буён сабрсизлик билан кутилган ҳаяжонли онлар бўлиб ўтди. Республикамиздаги барча олийгоҳларда тест натижалари эълон қилинди. Кўзларида қувонч ёшлари, лабларида табассум, шу дамда бу оламда улардан бахтиёр киши бўлмаса керак. Талабалик шарафига эришган ука-сингилларимизнинг бахтиёр чеҳраларини кўриб, ўзимизнинг ҳаяжонга бой олтин дамларимизни эсладик. Айниқса, бир-бирини қутлаб, танишаётган талабаларни кўриб ҳавасимиз келди.

Юртимиздаги барча таълим масканлари имтиҳон топширган ёшлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари билан тўлган. Кимдир талаба бўлганидан ўзида йўқ хурсанд, яна кимдир эса ўртоғига тест синовларига етарлича ҳозирлик кўрмагани панд берганини айтаркан, келаси йил албатта, талаба бўламан, деб аҳд қилади.

— Бугун ҳаётимдаги унутилмас қувончли кун, — дейди мамнунлик билан Абдулла Қодирий номидаги Жиззах педагогика институтига биринчи ўринда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган самарқандлик Рухсора Алихонова. — Ҳануз ишонгим келмаяпти. Болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Шу сабабли ҳам бошланғич таълим йўналишига ҳужжат топширдим. Ўқитувчилик касби шарафли саналиши билан бирга, масъулияти катта бўлган касблардан. Мақсадим — ўзим ўқиган мактабда жажжи ўғил-қизларга сабоқ берсам дейман.

Бу учинчи бор уринишим бўлса-да ота-онам, устозларим ишончини оқладим. Тест синовларида 199,4 балл тўпладим. Аввалига репетиторга боришни истамай, фақат ўзим мустақил ўқиганим учун озгина ҳайиққандим. Яна бир бор уриниб, адашмаган эканман. Фурсатдан фойдаланиб, устозларимга ўз миннатдорлигимни билдираман. Ишончим комил бўлдики, ҳақиқий билим ғалаба қозонар экан. Бу йил омади келмаган тенгдошларимга “ҳеч ҳам тушкунликка тушмай олға қадам ташланг!” деган бўлардим.

— Молия институтининг менежмент факультетига ҳужжатларимни топширган эдим, контракт асосида ўқишга қабул қилиндим, — дейди Мафтуна Акбарова. — Бундан беҳад хурсандман. Энг муҳими, ота-онам ва устозларим олдида юзим ёруғ бўлди, ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Дадамнинг “бирор бир натижага эришиш учун, аввало, кўпроқ меҳнат қилиш керак” деган насиҳатлари мени ўз устимда янада кўпроқ ишлашга туртки берди. Натижа эса, албатта, қувонарли.

Бу имконият ҳозирдан менга янада кучлироқ ўқиш, изланиш, ўз устимда қаттиқроқ ишлаш масъулиятини юклади. Келажакда жамиятга нафи тегадиган, юрт равнақига ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўламан.

Бугун ёшларнинг билим олиши учун улкан имкониятлар эшиги очиқ. Улкан мақсадларни кўзлаган йигит-қизлар, билимли, иқтидорли, ақлу салоҳияти юксак, зеҳни ўткир ёшлар мамлакатимиз ривожи ва тараққиётига ўз билим ҳамда интилишлари билан муносиб ҳисса қўшади.

Тўмарис АЪЗАМ

Fikr bildirish