Қотган нон

Марта Мекхамнинг кичик нов­войхонаси бўлиб, у ўртаҳол яшарди. Қирқ ёшлардаги бағрикенг, хушфеъл бу аёл шу вақтга қадар турмушга чиқмаган, бироқ ҳали умидини ҳам узмаган эди.

Мартанинг новвойхонаси доимо одамлар билан гавжум бўларди. Харидорлардан бири — ҳафтада 3-4 марта новвойхонага келадиган ўрта ёшли кўзойнак таққан киши унинг диққатини тортди. Харидор инглиз тилини немисча талаффуз билан бузиб сўзлар, кийимлари ғариброқ бўлса-да, жуда озода, кўринишидан одобли инсонга ўхшар эди.

У доим иккита қотган нон сотиб оларди. Янги нон 5 цент турар, бу пулга эса иккита қотган нон олиш мумкин эди. Негадир у ҳеч қачон янги нон олмасди.

Кунларнинг бирида Марта унинг қўлларида қизил ва жигарранг бўёқлар изини кўрди-да, бу бечора камбағал бир рассом бўлса керак, деган ўй ўтди хаёлидан. Унга шунчалар ачина бошладики, ҳатто ўзининг бор-йўғини у билан баҳам кўриш истаги туғилди.

Аввало унинг чиндан ҳам рассом эканини аниқлаш мақсадида бундан бир неча йил аввал сотиб олган суратини кўзга кўринадиган жойга илиб қўйди. Суратда Венеция ҳаёти, чиройли сарой ва қайиқда сайр этаётган хонимлар тасвирланган эди. Икки кундан кейин харидор нон сотиб олиш учун кириб келди.

— Иккита қотган нон берсангиз, илтимос, — деди у ва нонни олиш чоғида кўзи суратга тушди-да, — жуда чиройли экан, — деб кетишга чоғланди.

Марта бундан қувониб, у билан суҳбатлашгиси келди.

— Сурат ҳақиқатан ҳам яхшими? — деб сўради.

— Сарой тасвири ҳам, ундаги манзара ҳам бир-бирига мутаносиб эмас. Хайр, хоним, — дея новвойхонани тарк этди.

Кунлар шу зайлда ўтар, Марта ҳар доим рассом билан 2-3 оғиз гаплашишга уринар, бироқ турмуш тарзи ўша-ўша эди. Унинг ўйларида мусаввир оч-наҳорлигидан кундан-кун озиб кетаётганди. Марта нима қилсам унга яхши бўлар экан, дея ўйлар ва яна унинг ғурурига тегиб кетишидан чўчиб, фикридан қайтарди.

Марта эндиликда новвойхонада чиройли кийиниб, ўзига оро бериб юра бошлади. Кунларнинг бирида ўша харидор доимгидек битта қотган нон сўради. У нонни токчадан олаётганида кўчада ёнғин ўчирувчи машинанинг баланд овози эшитилди. Харидор нима юз берганига қизиқиб, эшикни очиб, ташқарини кузатди. Шу пайт Марта қотган нон орасига сарёғ суртди-да, яна бирлаштириб қўйди. У нонни қоғозга ўраётганида харидор хонага қайтиб кирди. Одатдагидек у сотувчини бир-икки оғиз ёқимли сўзлар билан сийлади-да, уйига равона бўлди.

У кетганидан сўнг аёлнинг юзига табассум югурди. Аммо шу билан бирга кўнгли бироз хижил эди. Унинг бундай қилишга ҳаққи бормиди, ўзи? Бу иши билан унинг ориятини қўзғатган бўлса-чи?

Марта йигитнинг сариёғли нон билан чой ичаётганини тасаввур қилар, бундан хижолат бўлиб, юзи қизариб ҳам кетарди. Рассом ўз миннатдорлигини қандай билдирар экан, деб ўйга толиб ўтирган пайт новвойхонанинг эшиги қаттиқ тақиллади. Ташқарида кимдир баланд овозда шовқин соларди. Марта ўша томонга шошилди. Эшик олдида ёшроқ йигит билан ўша рассом турарди. Унинг жаҳлдан юзи қизарган, бош кийими бир томонга оғиб кетган, кўзлари ғазабдан ёниб турарди.

— Сен ҳаммасини барбод қилдинг. Сен айёр, кекса мушук бўлганинг учун ҳам керак бўлмаган жойга бурнингни суқасан, — дея Мартага ташланиб қолди.

Марта бир сўз демай, турган жойида қотиб қолди.

Рассомнинг ёнидаги йигит эса “керагидан ортиқ гапириб юбординг” дея уни кўчага олиб чиқиб кетди. Кейинроқ ўша йигит новвойхонага қайтиб кириб келди.

— Мен сизга ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман, — дея гап бошлади йигит. — Бу одамнинг исми — Бламбурген. У меъмор. Биз бирга ишлаймиз. У уч ойдан буён янги бино лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу лойиҳада ғолиб чиққанларга катта мукофот ваъда қилинган. У шунинг учун ҳам жон-жаҳди билан ишлаётганди ва кеча лойиҳани якунламоқчи эди. Хабарингиз борми-йўқми, билмайман, чизмачилар ўз ишини аввал қаламда чизади, сўнгра сиёҳ юргизади. Қалам изларини эса қотган булка нон билан ўчириб чиқади. Бу, албатта, ўчирғичдан самаралироқ ҳисобланади. Бламбурген бугун ҳам қалам изларини ўчириш учун сиздан қотган нон сотиб олган, ундан фойдаланмоқчи бўлганида эса… У ёғини айтмасам ҳам тушунгандирсиз. Унинг барча уринишлари зое кетди.

Барча гапни тинглаган Марта не қиларини билмай хонасига югуриб чиқди-да, чиройли либосини ечиб ташлаб, пардоз анжомларини деразадан улоқтирди.

Инглиз тилидан

Тўмарис Аъзам таржимаси.

Fikr bildirish