Ўғлимнинг характери кундан-кунга оғирлашаётгандек назаримда

— Ўғлим 10 ёшда. Характери кундан-кунга оғирлашаётгандек назаримда. Мактабдаги муаммоларини бирортасини на менга, на дадасига айтади. Ўқитувчилари “ўғлингиз айтмадими?” деб қўнғироқ қилмагунига қадар бехабар ўтираверамиз. Унга ҳар бир хабарни вақтида айтиш кераклигини қанча уқдирмайлик, айтганимизни қилмай, қайсарлик қиляпти. Қандай йўл тутишга ҳайронмиз.

Нодира БОБОМУРОДОВА

Самарқанд вилояти

 

Саволга психолог Бегзод Асадуллаев жавоб беради:

 — Фарзандингизнинг устоз(лар)и билан дўстона алоқа ўрнатинг. Унинг ўқиш жараёнидаги камчиликлари, қайси фанлардан қийналаётгани ҳақида, албатта, сизни огоҳлантириб туришларини илтимос қилинг. Шунингдек, ҳар чоракда ўтказиладиган ота-оналар мажлисида қатнашинг.

Фарзандингизни мактабдаги фаоллик даражасини аниқлаб олинг. Агар унда ўқиш, ёзиш каби жараёнлардан пассивлик ҳолати кузатилса, унинг ўқитувчиларидан қандай қилиб ёрдам бериш мумкинлигини сўранг. Уялманг. Ҳар бир ўқитувчи паст ўзлаштирувчи ўқувчи билан алоҳида ишлашга мажбур эканлиги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Уй вазифаларини биргаликда тайёрланг. Фарзандингизни телевизор, радио, компьютер ёки телефон аппаратидан холи бўлган жойда дарс тайёрлашга ўргатинг. Унга дарсхона яратиб беришга ҳаракат қилинг. Дарсхонани биргаликда безаш боланинг ўша хонада янада кўпроқ ишлашига имкон беради.

Совғалар билан тақдирлаб туринг. Болажонлар учун ҳам бирор бир жараён давомида эришган ютуғига нисбатан берилган совға уларнинг янада кўпроқ изланишига сабаб бўлади. Масалан, ҳафта давомида нечта баҳо олишига қараб якшанба куни ҳайвонот боғи ёки циркка олиб боришни ваъда беринг. Бола ўз кучи ва билимидан келиб чиқиб мукофотни қўлга киритиш учун ҳаракат қилади, тиришади. Демак, қайсидир маънода бу усул болада муваффақият­га мустақил эришиш инстиктини шакллантиради.

Fikr bildirish