Асрлар силсиласидан омон ўтган “Қирол лир”

Шундай асарлар борки, асрлар силсиласидан омон ўтади ва ҳамма даврларда ҳам севиб ўқилади. Шекспир пьесалари ана шундай дурдоналар сирасига киради. Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедияси мунофиқ жамият ҳолига қарши тура олмаган қирол фожиаси хусусидадир. Давлат, уни қадрлашини сўзларда ўхшатиб ижро этган Гонориля ҳамда Регана исмли қизларига бўлиб берган қирол дар қолади…

Муҳаббатни, ички туғённи сўзда ифодалаш анча мураккаблигини тушунтирмоқчи бўлган кенжа қиз Корделия қирол ғазабига учрайди.

— Қани энди айтиб беринг, менинг қизларим,

Модомики, биз сизларга давлат, еру сув,

Ҳукмронлик иродасин берар эканмиз,

Қай бирингиз бизни ортиқ севасиз, айтинг?

Бунчалар ўзини севмаса бу қирол. Шундай бўлмаганда, арзандаларининг ширин ёлғонларини эшитмоқ учун қулоқ осармиди? Жаҳонда шундай батанг қулоқлар борки, фақат нағма-ю наво киради, ҳақиқат эса “шув” учган пашшадай гап. Эзғилаб ўлдиргиси келади. Моҳият нелигин унутган, шакл-шамойилга ружу қўйган Лир иззатини савдога қўйди. Ким мени ортиқроқ севса, шунчалар тўлиб-тошиб, пишқириб-терлаб мақтамоғи керак. Юрагинг зирқирайди. Асрий номукаммаллик олдида тил тишлайсан.

Аср инсоният учун буюк кашфиётлар палласи бўлди. Одам космосга учаётган, олам Қуванинг анорича бўлиб турган бир пайтда самимиятдан, “ер”дан сўзлаш эриш туюлади. Йўқ нарсаларни тўлқинланиб, самолардан келиб мақтасак марра бизники.

Граф Глостернинг никоҳсиз туғилган ўғли Эдмонд қуйидагича фикр юритади: “Одам болаларининг ҳайрон қоларли аҳмоқликларини қаранг! Кўпинча ўз гуноҳимиз билан бахт биздан юз ўгириб қолса, бу фалокатларга сабаб қилиб қуёшни, ойни, юлдузларни кўрсатамиз. Гўёки, биз муттаҳам, ярамас бўлсак ноиложликдан; аҳмоқ бўлиб қолган бўлсак — осмон ҳукмидан; алдамчи, ўғри, хиёнаткор бўлган бўлсак бунга ҳам фалак таъсир қилган, ичувчи, ёлғончи, фоҳиш, бузуқи бўлган бўлсак — кўкдаги юлдузларнинг нури тушган, хуллас, биздаги ҳамма расвогарчиликларда Тангри таолонинг иродаси бор, тақдирга тан беришимиз керак. Зоти бузуқ одамлар учун жажжигина баҳона; ўзингдаги саёқ майлларга жавобгарликни юлдузларнинг гарданига ағдарасан холос. Менинг отам менинг онам билан Аждар юлдузлари қиронида йўлиққан бўлса, мен Дубби Акбар яъни, Катта Айиқ юлдузлари қиронида туғилганман: шунинг учун ҳам мен золим, бузуқи одам бўлишим лозим эди. Бўлмаган гап! Осмон гумбазидаги энг ювош қиздай мулойим юлдуз бешигим устида мўлтираб турганда ҳам мен ҳозир қандай бўлсам, шундайлигимча қолаверардим”.

Айни ҳақиқат! Чиндан биз барча кулфатларимизга кимлар ва нималарнидир айблашга ўрганиб қолганмиз. Баъзи воқеалар қаршисида довдирайман, айбдор излайман. Беҳад иккилангач, ёлғиз гуноҳкор шу воқеанинг юзага келишигача қараб турган ўзим бўлиб чиқаман. Инсоний номукаммаллик деб, ўзимни овутаман. Аммо айтмишларки, инсоннинг гўзал моҳиятини маҳф этиб бўлмайди. Бундай моҳият яратганнинг инъомидир.

Нодирабегим ЖАМОЛОВА

 

Fikr bildirish