Билиб қўйки, сени ватан кутади

Ерга берилган меҳр ҳосиласи туфайли инсон меҳнати шарафланади. Айниқса, миллатимиз ерни алоҳида эъзозлайди. Кузда бу сифат янада теран намоён бўлади. Шоир таъбири билан айтганда, ризқи эгатларга сочилган халқим сиймосидаги деҳқон ҳаётининг энг синовли палласи — кузда бошланади.

Сунбуланинг тунлари этни жун­жиктирcада, кундузи ҳарорат анча иссиқ. Оппоқ қордек ястаниб ётган пахтазорлар бутун борлиққа ўзгача тароват бахш этади. Тупроқ йўлни тўлдириб кетаётган йигит-қизлар далага ошиқади, чаноқлардан тошиб чиққан лўппи пахталар уларни ўзига оҳанрабодек тортади. Деҳқон меҳнатининг маҳсули беихтиёр сизни далага, йиғим-теримга чорлайверади. Умумхалқ ҳашарининг байрамга айлангани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган “Фидойи ёшлар” отряди” лойиҳаси доирасида юрт хизматига камарбаста бўлишга кўнгилли ёшлар биринчилар қаторида далага отланди. Вақтинча ишсиз ёшларга бундай ташаббус айниқса қўл келди.

Тошкент вилоятидаги фермер хўжаликларида жонбозлик кўрсатаётган ёшлар орасида бир кунда юз килограмм­дан ортиқ пахта тераётганлар борлигини эшитиб, улар билан дилдан суҳбатлашишни кўнгилга тугдик.

…Кенг далалар бўйлаб янграган алёр бир дамда жўр овозга айланди. Демак, байрам деганларича бор. Хирмонимизнинг сарбаланд бўлишига шуб­ҳа йўқ. Пахтазор бўйлаб этакларни чаққонлик билан тўлдириб, ғайрат-шижоат ила пахта тераётган Феруза Исроиловани суҳбатга тортдик.

— Болалигимдан пахта теришга қизиқаман, — дейди Феруза. — Ҳар йили   пахта йиғим-терим мавсумида ҳамшаҳарларга кўмакдош бўлгим келади. Бугунги кунгача ҳар куни юз килодан ортиқ пахта теряпман. Пешона теринг билан топаётган пулнинг қадри бошқача бўлади-да. Бу йил Ёшлар иттифоқи бераётган “Фидойи ёшлар” отрядига аъзо бўлдим. Шу орқали Ёшлар иттифоқи бераётган имкониятлар билан танишдим. Ташкилот мен каби қўлида ҳунари йўқ ёшларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилар экан. Бундан жуда хурсандман.

Феруза билан суҳбатлашиб, унинг кичиккина жуссасида тоғдек бардош мужассамлангани жасорат, қаноатига қойил қолдик. У ҳаёт қийинчиликларига таслим бўлмай, келажакдан умид қилиб яшамоқда. Далада меҳнат қилаётган Феруза каби ёшлар мавсум сўнгига қадар шаштни пасайтирмай, пахта хирмонларини янада кўкка бўй чўзишига муносиб ҳисса қўшиш ниятида. Буни уларнинг ёниб турган юз-кўзларидан билиш қийин эмас.

Фарғона вилоятида жами 15 минг нафар ёш ўз ташаббуслари билан пахта йиғим-теримида жонбозлик кўрсатмоқда. Йиғим-терим ишларида фаол иштирок этаётган “Фидойи ёшлар” отрядлари аъзоларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида мавсумнинг ҳар ўн кунлигида “Энг илғор теримчи”, “Энг интизомли теримчи”, “Энг яхши отряд раҳбари” каби турли номинациялар бўйича танловлар ўтказилаётир.

— Ёшлик — бу имтиёз, ғайрат, шижоат, — дейди “Фидойи ёшлар” отряди аъзоси Назокат Азимова. — Биз ўз имкониятларимиздан фойдаланиб, Ватан, халқ манфаатларига хизмат қилиб, унинг янада бойишига, равнақ топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Отрядимиз аъзолари учун самарали меҳнатдан сўнг дала шийпонида мароқли дам олишга кенг имконият яратилган. Бундан самарали фойдаланяпмиз.

Ҳа, сўзи, ҳаракати, шаҳдидан ватанпарварлик уфуриб турган бу ёшларнинг ғайрату шижоатига ҳавас қилмай иложингиз йўқ. Бу борада қашқадарёлик ёшлар ҳам тенгдошларидан ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда. Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши саъй-ҳаракати билан “Фидойи ёшлар”нинг сафи тобора кенгаймоқда. Асосан уюшмаган ёшларни ўзига қамраб олган отряд фаол теримчиларни рағбатлантираётир. Қолаверса, фаолликни қўлдан бермаётган Зиёда Сафарова, Дилафрўз Арзиева, Ойтўра Тошпўлатова, Филура Абдураҳмонова мавсум бошидан кунига 200 килограммдан пахта териб барчага намуна бўляпти.

— Бу йил талабалик бахтига эришолмадим, — дейди Дилором Алимова. — Бундан ҳеч ҳам тушкунликка тушганим йўқ. Айни пайтда “Фидойи ёшлар” отряди сафидаман. Бу ерда кўплаб тенгдошларим билан танишдим. Ҳар куни терим пулларини сайёр кассалар ­орқали оляпмиз. Ёшлар иттифоқи ­ташаббуси билан ташкил этилган кўчма кутубхона, шахмат-шашка, телевизор кайфиятимизни кўтарса “Етакчилар доска”си билим ва кўникмаларимизнинг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Пахта бўш вақтимизни нафақат меҳнат, балки билим билан ҳам бойитмоқда. Бунинг учун Иттифоқдан жуда миннатдорман. Тенгдошларимни ҳам ўз сафимизга чорлайман.

Бухоро туманидаги “Жавоҳир-Ойбек” фермер хўжалиги далаларини кўздак кечирамиз. Йўлнинг икки томонидаги оппоқ пахта далалари бободеҳ­қоннинг йил бўйи қилган меҳнатини йўловчиларга кўз-кўз қилаётгандек. Гўзал манзара: чаноқларда кўпчиб турган лўппи пахталардан нурли оҳанг таралаётгандек.

Бухоро вилоятида 7 минг 818 нафар кўнгилли ёшлардан иборат 81 отряд вакиллари пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олишга ҳисса қўшмоқда. Сўлим шийпонда барча шароит муҳайё. Ҳар куни оқшомда вилоятнинг таниқли хонандалари томонидан ташкил этилган концертлар уларнинг маданий ҳордиқ онларини янада завқли ўтишини таъминламоқда.

Кунига 100 — 140 килограммдан пахта териб, барчага намуна бўлаётган олотлик Гавҳар Бешимова “Энг илғор теримчи” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.

— Бугун қанчадан-қанча инсонларнинг кечани-кеча, кундузни-кундуз демай қилган меҳнати эвазига етиштирилган “оқ олтин”ни териб олиш учун ёрдамга келдим, — дейди ғиждувонлик Муниса Саноева. — Кеча 136 килограмм пахта тердим. Бугун ундан ҳам кўпроқ теришга ҳаракат қиляпман. Пахта даласида бўш вақтим самарали ўтиш баробарида теримдан даромад олиб, ота-онамизга кўмаклашаман.

Дарҳақиқат, “Фидойи ёшлар” отрядининг аъзолари юзлаб уюшмаган ёшларни бирлаштириб, уларни ватан кори учун жамият олдидаги бурчини адо этишга кўмаклашмоқда. Бу борада Сурхондарё вилояти вакиллари ҳам ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда.

Вилоят “Фидойи ёшлар” отрядининг 5 минг нафарга яқин кўнгилли йигит-қизи йиғим-терим ишларида фаоллик кўрсатиб, далалардаги терим суръатини жадаллаштирмоқда.

— Хўжалигимизда юздан ортиқ теримчи бор, — дейди “Жасмина Ангор” фермер хўжалиги раҳбари Абдулҳамид Мирзаев. — Мавжуд ҳосилни ўз вақтида, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш алоҳида эътибор, масъулият талаб этади. Буни юракдан ҳис қилган ёшлар отряди қўли-қўлига тегмай, меҳнат қиляпти. Улар орасида кунига 100 килограммдан ошириб терадиган илғор теримчи қизу ўктам йигитларимиз кўп. Уларнинг фаоллигини, ­бошқаларга ўрнак бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.

“Фидойи ёшлар” отрядининг жонкуяр, юртпарвар ёшлари диёримизнинг бошқа вилоятларида ҳам эл-юрт хизмати учун пахта йиғим-теримида фидокорона меҳнат қилаётганини алоҳида таъкидлаш даркор.

Чаноқларда “жилмайиб” турган пахталар деҳқоннинг меҳр чашмасидан сув ичган каби товланиб турибди. Иш қизғин, эгатлар билан сирлашаётгандек ҳамма жавлон урмоқда. Ёшларимизнинг шижоати юз-кўзларидан аён. Ҳатто ҳаракатларида ёғинли кунларгача улгура олармиканмиз, деган ҳадик борга ўхшайди.

Далаларга оқшом чўка бошлади. Шу оқшом фермернинг ҳовлисида катта тадбирга тайёргарлик кўрилмоқда. ­Дастурхонлар тузалган, далада меҳнат қилганларга “ҳорманг, бор бўлинг” деб қоламиз.

Ортга қайтар эканмиз, бугунги ҳосилни эл ризқи, деб билган илғор теримчиларнинг фидойиликлари билан тез кунларда кўзланган маррага етишимизга ишонч ҳосил қилдик. Ортимиздан эса оппоқ далалар оқ йўл тилаб қолди…

Мухбирларимиз

Fikr bildirish