Боғчалар бошқача бўлади

Мактабгача таълим боланинг келажагини белгилаб берадиган, билим ва қадриятларни ёш авлод қалбига сингдиришда муҳим аҳамиятга эга муассасадир. Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо ҳали бу соҳада ечимини кутаётган қатор камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Жумладан, жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида моддий-техник базанинг ночорлиги, малакали кадрлар етишмаслиги болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермаяпти.

Айтиш керакки, бу ўта муҳим ва долзарб вазифаларни тез ва сифатли бажариш Президентимизнингдоимий эътиборида. 2017 йил ­9 сентябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу фикримизнинг амалий ифодасидир.

Мазкур қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, МТМлар инфратузилмаси ва моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Унга кўра, мактабгача таълим тизимини ­танқидий ўрганиш ва фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Ушбу комиссия мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқларни, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш, соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан, зарур инфратузилмани яратишга, ходимларнинг меҳнатини моддий рағбатлантиришга, педагог кадрларни сифатли тайёрлаш ва малакасини оширишга, хусусий секторни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш каби бир қатор долзарб вазифаларни бажариш назарда тутилган. Айниқса, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда сифатли мактабгача таълимни ташкил этишга давлат талабларини қайта кўриб чиқиш, болаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибини, ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этиш ҳолатини танқидий ўрганиш ҳам бевосита ана шу комиссия зиммасига юкланди.

2018 йил 1 январдан бошлаб, Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларининг эксперимент тариқасида ташкил этилиши ҳам соҳада ўзига хос янгиликдир. Инвесторларга ер участ­калари, бўш турган бинолардан фойдаланиш, солиқ имтиёзлари ва имтиёзли кредитлар берилишини алоҳида эътироф этиш лозим.

Қарорда Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, шу асосда аниқ чора-тадбирлар ҳам белгиланди. Шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, хориж тажрибасидан фойдаланиб, миллий тизимни янада ривожлантиришга доир амалий ишларни бажариш назарда тутилган.

Энг муҳим жиҳати, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариб, ёш авлоднинг баркамол ва етук шахс бўлиб улғайишида катта аҳамият касб этади.

Сабоҳат МИРЖАЛИЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

бошқарма бошлиғи

Fikr bildirish