Дугонам ташқи кўринишидан нолийди

Дугонам турмушга чиққан. Қачон қарама, ташқи кўринишидан норози бўлиб юради. Бир қарасанг, семириб кетяпман, озишим керак, дейди. Бир қарасанг, бурнининг узунлиги ёки лаби хунуклигидан нолийди. Шахсан мен унда биронта ҳам нуқсон кўрмайман. Эҳтимол, дугонамга психологик ёрдам керакдир?

Азиза НИЗОМИДДИНОВА

Фарғона шағри

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

—  Ушбу ҳолат кўпинча атрофдагиларнинг таъсири, аниқроғи, ноўрин фикри ёки танбеҳи туфайли юзага келади. Эҳтимол, бир пайтлар дугонангиз бирон яқин инсонидан “бироз тўлишиб қолибсанми” қабилидаги эътирозни эшитгандир. Баъзи одамлар бундай гапларни юрагига яқин олади, ҳатто уларга психологик жиҳатдан боғланиб қолиши мумкин. Натижада ўзини ўзи шу фикрнинг тўғрилигига ишонтира бошлайди.

Дугонангизга ёрдам бериш учун уни вақти-вақти билан мақтаб туринг. Масалан, бирон янги кўйлак кийиб келса, “жуда ҳам ярашибди, бўй-бастингга шундоққина мос тушибди-я”, десангиз ташқи кўриниши ҳақидаги фикрларни унутиб юборади. Бу жараёнга оила аъзолари, айниқса, турмуш ўртоғи фаолроқ қўшилгани маъқул. Шунда муаммо тезда бартараф этилади.

Fikr bildirish