Кашмир олмаси

Азиз муштарийлар! Жорий йилда газетамизда ташкил этилган “Аслиятдан таржима” рукни кўпчилигингизга манзур бўлаётганидан бағоят хурсандмиз. Мазкур ташаббусни давом эттириш истагида Тошкент давлат шарқшунослик институтининг таржима назарияси ва амалиёти кафедраси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Эндиликда мазкур олий таълим муассасаси талаба ва ўқитувчиларининг ажойиб таржималари эътиборингизга ҳавола қилиб борилади. Марҳамат, жаҳон адабиёти намуналаридан ўқиб, маънавий озуқа олинг.

Кеча кечга яқин уч-тўрт нарса харид қилиш учун бо­зор­га боргандим. Панжоблик мевафурушлар растаси томон ўтдим. Бир дў­конда дона-дона қилиб териб қўйилган қизил олмаларга кў­зим тушиб, ҳавасим келди.

Бугунги кунда ҳар қандай зиёли инсон витамин ва протеинлар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолган. Аввалла­ри помидорни текинга ҳам олишмас эди. Энди эса у энг харидор­гир маҳсулотга айланган. Сабзи ҳам илгари ғариблар қорнини тўйға­за­ди­ган маҳсулот саналарди. Бойлар эса сабзини фақат ҳолва сифатида истеъмол қилган. Лекин ҳозирга келиб сабзининг витаминга бой сабзавот экани исботланди. Шунинг учун уни турли таомномаларга қўшишяпти.

Олма ҳақида ҳам шундай фикрлар бор. Масалан, кунига бир дона олма истеъмол қилган кишининг ҳеч қачон шифокорга иши туш­май­ди. Шифокорга мурожаат қилмаслик учун биз ним дарахтининг меваларини ейишга ҳам тайёрмиз. Олманинг серсувлиги ва таъми мангоникидан сира кам эмас. Ҳа, Банораснинг лангаре, Лакҳ­нау­нинг дасхари, ва Бомбейнинг алфонсо манголарига тенг ке­ла­диган мева дунё­да йўқ. Аммо уларнинг таркибида қанча миқдорда витамин бор­? Бу масалага ев­ро­па­лик олимлар ҳалигача ойдинлик киритолмаган. Шунга қарамай, олманинг фойдали жи­ҳат­лари ҳаммага маълум. Бу мева нафақат мазали, балки ўта фой­да­ли. Хуллас, сотувчи билан савдолашиб, ярим кило­грамм тортиб беришини сўрадим.

Дўкондор: “Соҳиб, келинг, жуда ширин олмаларим бор — Каш­мирники. Олиб кетинг, еб маза қиласиз, пулингиз чўнтагин­гизда қолади”, — деди.

Рўмолимни ечиб унга узатдим. “Яхшисидан солинг”, — дедим. Дўкондор ёрдамчисига: “Ярим килограмм Кашмир олмаси­дан танлаб кел”, — деб буюрди. Болакай тўрттасини олиб келди. Дўкондор тарозига қўйди, кейин уларни қо­ғоз халтага солиб, рўмолга боғлади ва қўлимга тутқазди. Мен унга тўрт анна (пул бирлиги — таржимон) узатиб, уйга қайтдим. Уйга келиб, қоғоз халтани қандай бўлса, шундайлигича қолдир­дим.

Эртаси куни бояги халтадан битта олма олдим. Қарасам, чи­ри­ган экан. Эссиз, бир рупия бекор кетди-я. Бироқ эн­ди кеч тушди, борганим билан бозорда ҳеч кимни топа олмайман. Шундай деб, иккинчи олмани қўлимга олдим. Афсуски, бунинг ҳам ярми чириган. Шубҳалана бошладим, дўкондор мени алдадими­кан? Учинчисини олдим, хайриятки, буниси бутун чиқди. Фақат бир то­мо­ни тамом эзилган. Тўртинчисига қарадим. Буниси бенуқсон, лекин бир томонида олхўриникига ўхшаш қора доғи бор эди. Кесиб кўр­сам, ичида ҳам тахир олхўриларда бўладиган коваги бор. Хуллас, ол­ма­ларнинг биронтасини оғизга олиб бўлмасди. Тўрт анна пулимга қан­ча ачинаётган бўлсам, жамиятнинг ҳоли мени шунчалик ташвишга солди. Дўкондор тилёғламалик қилиб, бир пулга қиммат молини менга ўтказибди! Агар лоақал, битта олмаси бутун чиққанида ҳам ундан ранжи­ма­ган бўлардим. Майли, кўзи тушмагандир-да, деб ўйлардим. Бироқ у ҳаммасини била туриб, мени алдаган эди. Бундай кўз­бўямачиликка мен ҳам шерик бўлгандим. Унга рўмолимни бериб, гўё алдаши учун шароит яратиб бердим. Дўкондор молни қара­мас­дан олишим, ҳатто уйга бориб нуқсони ҳақида билган тақдирда ҳам қайтариб олиб келмас­лигимга фаҳми етганди. Ҳа, одамларга қулай фурсат яратсанг, кў­зингга қараб алдаб тураверар экан. Имонсизга имкон берсанг, ишон­чингга кириб, сени ҳам имонсизга айлантиради.

Ўқимишли жанобларга ҳам энди ҳеч қандай ишонч қолмади. Қай­си полиция маҳкамаси, суд ёки давлат идорасига борма, бо­шинг­га тушган кулфат сенга қанча зарар келтирмасин, муаммонг ҳал бўлмайди. Савдогарларнинг қўли баланд келади. Тарозидан урса­ уриб қоладики, лекин сизнинг фойдангизга адашмайди. Агар сиз ада­шиб, беш рупия ўрнига ўн рупия бериб юборсангиз ҳам сез­ма­ган­га олади.

Эсимда, бир пайтлар муҳаррам ойида ўтказилган фестивалда кунжутли ширинлик сотиб олгандим. Бир пайса ўрнига сотувчига ярим рупия бериб юборибман. Уйга келгач, эсим­га тушиб, сотувчининг ёнига югуриб бордим. Ярим рупиямни қай­тариб беришига ишончим комил эмасди, лекин сотувчи мени очиқ юз билан кутиб олди ва пулимни қайтариб берди. Камига мендан узр ҳам сўради.

Умид қиламанки, сиз бозорга боргач, Кашмир олмаларига дуч келиб, менга ўхшаб алданиб қол­майсиз…

Ҳиндий тилидан

Гулобдон Тўраева таржимаси.

Fikr bildirish