Нима қилишни билмай қолдим

— Яқинда турмуш ўртоғим билан ажрашдим. Бир йилга ҳам бормай оиламиз барбод бўлди. Фарзанд кўрмадик. Ҳозир жуда қийин аҳволдаман. Аламдан кўнглим ўртайди. Нима қилишни билмай қолдим. Маслаҳат беринг.

Меҳриноз ОМОНОВА

Тошкент шаҳри

Амалиётчи психолог Луқмон Казаков жавоб беради:

—        Оила қандай сабаб туфайли барбод бўлмасин, ажрим иккала томон учун ҳам доимо оғриқли кечади. Бироқ аёл кишига барибир қийинроқ. У, аввало, ўзидаги қўрқув ҳиссини енгиши керак. Турмуш ўртоғининг хиёнати, калтаклашлари, ҳақоратлари, ноҳақ койиши, аччиқ гап-сўзлари заифа қалбида чуқур жароҳат етказади. Эркакларга нисбатан кучли нафрат уйғонади. Ҳаммаси жой-жойига тушиб кетиши учун тўрт ойдан бир йилгача вақт талаб қилиниши мумкин. Фақат битта шарт, устингизда муттасил ишлашингиз керак.

Авваламбор, бахтсизлик ёки мағлубиятга учраганда айбни нуқул бировдан қидирмай, ўзингизни ҳам тафтиш қилинг. Шунда хатоларингизни тушуна бошлайсиз ва кулфатни енгиш, ўртадаги гина-адоватларни унутиш осонлашади. Ажрашган инсонлар ҳаётнинг бошқа томонлари, масалан, иши, дўстлари, севимли машғулотлари борлигини ҳам унутмай,  уларга кўпроқ вақтини бахшида этса ҳам фойдадан холи бўлмайди. Хотираларга боғланиб қолмасдан, нохуш эмоциялардан тезда қутулишга ҳаракат қилинг. Шунда руҳий ҳолатингиз тикланади.

Турмушидан ажрашганига қарамай одатдагидек ҳаёт тарзини кечиришда давом этадиган, меҳнат фаолияти сусаймаган инсонлар депрессияни мустақил енга олади. Юқоридаги тавсияларга амал қилиб, ўзингизга ёрдам беришга уриниб кўринг. Ярим йилдан кейин ҳам натижа чиқмаса, психологга мурожаат қилган маъқул.

Ёдда тутинг: оилавий ажримларнинг туб илдизи инсоний муносабатлар, яъни бўлғуси келин-куёвлар бир-биридаги яхши-ёмон хислатлар, кучли-кучсиз томонларни яхши ўрганмаганига бориб тақалади. Шу боис мазкур масалада ўта эҳтиёткор бўлишни маслаҳат бераман — етти ўлчаб бир кесмоқ айни муддаодир.

Fikr bildirish