Хира тортган юлдуз

Онадек меҳр бериб, оқ ювиб, оқ тараган бувисининг вафоти Хуршидага оғир ботди. Йиғидан ўзини тўхтатолмаcди, ҳаёти мазмунсиз бўлиб қолди. Энди нима қилади, ота-онаси йўқ, мана, ягона юпанчидан ҳам айрилди. Аммо ўша пайтда у келажаги ҳақида бош қотирадиган аҳволда эмасди.

Бир кулфат етмаганидек, қариндошлари тирикчилиги тошдан қаттиқ кампирнинг меросини талаша бошлади. Аввалига тоға-холалари келиб, марҳумага тегишли нарса-буюмларни ўзаро тақсимлаб олди. Навбат уйга етди. Уйни сотиб, пулни ўртада бўлиб олишадиган бўлди. Ҳали академик лицейда ўқийдиган Хуршиданинг тақдири билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Янгаси бу ҳақда оғиз очса, холалари бўйи етган қиз-ку, яхшироқ жой топиб, эрга узатамиз-қўямиз, дейишди. Унинг устига тоғаси ҳам куёвнинг ташвишини қилманглар, бошлиғимиз ўғлига қиз қидиряпти, ўшанга берамиз, деганмиш.

Кўп ўтмай, оёғи чаққон совчилар ҳам келди. Ўқишни тамомласам, шаҳарга бориб, институтга кираман, Зулфиядек шоира бўламан, деб кўнглига тугиб юрган Хуршидадан бир оғиз сўрамай, унаштириб қўйишди. Аламини ичига ютиб, дардини кимга айтишни билмай юрган бечора қиз, ниҳоят, устозига кўнглини ёрди.

Лицей маъмурияти тоғасини чақириб, тушунтириш ишларини олиб борди. Аммо кор қилмади. У фикридан қайтиш ўрнига жиянининг ҳужжатларини олиб, чекка бир қишлоқдаги коллежга топширди. Сўнгги умиди ҳам пучга чиққач, Хуршиданинг тақдирга тан беришдан ўзга чораси қолмади. Тез орада тўй бўлди.

Энди у ўзидан бир неча ёш катта бўлган, биринчи оиласидан ажрашган эркакни умр йўлдошим дейишга мажбур эди. Хайриятки, қайнота-қайнонаси тушунган одамлар экан. Хуршиданинг кўнглига қарашди. Қўлини совуқ сувга урдирмас, ҳатто, ўғлидан ҳам аъло кўрарди. Турмуш ўртоғининг эса тайини йўқ, ҳар куни ярим тунгача ўртоқлари билан айш-ишрат қиларди. Бўлар-бўлмасга жаҳли чиқиб, Хуршидага қўл кўтарарди. Ҳар сафар қайнонаси ўртага тушиб, жанжални бостирарди.

Орадан ярим йил ўтгач, келин-куёв алоҳида уйга чиқиб кетди. Шундан сўнг Хуршида учун азобли кунлар бошланди. Қайнотаси ҳар икки кунда ҳолидан хабар олиб, рўзғорга ишлатасиз, деб пул ташлаб кетса-да, бу маблағ турмуш ўртоғининг маишатидан ортмасди. Тирикчилиги ҳаминқадар ўтаётган, эридан ҳадеб калтак еявериб чарчаган Хуршида охири бетоб бўлиб қолди.

Шифокорга кўринди. Жуда ёмон касалликни юқтириб олгани ҳақида хабар топди. Бу кўргуликка дош беролмади. Очилмаган гулдек хазон бўлди, хира тортган юлдуздек сўнди…

Санжар ЭШМУРОДОВ

Fikr bildirish