Шарқона дид, ўзбекона лутф тараннуми

Остона шаҳрида давом этаётган ЕХРО-2017 халқаро кўргазмаси доирасида “Ўзбекистон миллий куни” ўтказилди.

Дунёда шундай спорт мусобақалари, маданий кўрик-танловлар бор: Олимпиада ўйинлари, футбол бўйича жаҳон чемпионати, “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали, Евровидение қўшиқлар танлови… Булар маълум вақт давом этиб, ер юзига тинчлик уруғини сочади, жаҳон халқларини бирлаштиради, инсониятга ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит яратади.

Саноатлаштириш техник ва технологик ютуқлар намойиши учун очиқ платформа ҳисобланган бутунжаҳон кўргазмаси — ЕХРО ҳам 93 кун давом этиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ва халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Халқаро кўргазмага бу йил Остона шаҳри мезбонлик қилмоқда.

…Маҳаллий вақт билан 12:45. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан самога кўтарилган ҳаво лайнери Нурсултон Назарбоев номидаги Остона халқаро аэропортига келиб қўнди.

Маданият ва санъат, илм-фан намояндалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, Олимпиада ва жаҳон чемпионлари, ёш ижодкорлар, тадбиркорлар, фермерлардан иборат делегация аъзолари ўзлари учун ажратилган автобусларда ЕХРО — 2017 кўргазмалар мажмуаси томон йўл олди…

Биринчи жаҳон кўргазмаси Буюк Британия шаҳзодаси Альберт ташаббуси билан “Hyde Park”да ўтказилган. Ҳозирга қадар 35 маротаба ташкил этилган ЕХРОнинг нуфузи, мавқеи йилдан-йилга юксалиб, унда иштирок этишни истаган давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, бу галги кўргазмада жаҳоннинг 120 дан зиёд давлати ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этмоқда.

ЕХРО — 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазманинг асосий мавзуси “Келажак энергияси” деб номланган бўлиб, сайёрамизга катта таъсир кўрсатаётган энергия истеъмоли муаммоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётганини ўзида акс эттиради. Унинг доирасида экология ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказмайдиган, “яшил иқтисодиёт” тамойилига асосланган ғоялар, ўз-ўзини электр қуввати билан таъминловчи бинолар, электромобиллар ва биоёқилғи билан ишлайдиган автомашиналар, кўплаб илм-фан ва техника “мўъжизалари” экспозицияга қўйилган.

Қозоғистон Республикаси кўргазмага пухта тайёргарлик кўрган. ЕХРО — 2017 кўргазмалар мажмуасининг умумий майдони 174 гектарни ташкил этади. Бу ердаги энг асосий объект — илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда бунёд этилган мовий ранг сфера — “Нур олам” павильони узоқдан кўзга ташланади. Мажмуа ана шу сферанинг атрофига жамланган. Саккиз қаватдан иборат бу ноёб архитектура иншоотининг умумий баландлиги 100 метрдан ортиқ бўлиб, диаметри 80 метрни ташкил этади.

…ЕХРО — 2017 халқаро кўргазмасида “Ўзбекистон миллий куни”. Албатта, қуёшли юртимизнинг экспозицияси Қозоғистон пойтахтига нафақат халқи­мизга хос очиқлик, ёруғлик олиб кирди, шунингдек, кўнгилларни чароғон айлади. Мамлакатимиз павильони остонасиданоқ шарқона дид, ўзига хос самимият, меҳр тафтини ҳис қиласиз. Юртимизнинг инновацион салоҳияти Остона кўргазмасидаги энг жўшқин ва қайноқ таклифлар майдонига айланган.

Ўзбекистон павильони. Офтоб тафтидан қувват олган инсоннинг муддаоси ҳам шу: афкор оммага фойдали, тежамкор манба тизимини яратиш ва йўлга қўйиш. Аслида бу истиқбол орзусида яшаётган, она заминнинг софлигини, барқарорлигини таъминлашга қаратилган инновацион ёндашув, оддийроқ айтганда, тараққиётга бағишланган эзгу амалдир.

Ошга марҳамат! Эрта тонгдан ўзбекона лутф ила меҳмонларга тортиқ қилинган паловхонтўранинг бетакрор мазаси, табиат неъматларига саховатли замин тафти уйғун миллий таомлар хорижликлар учун Ўзбекистонга келиш ниятига дебоча бўлди.

— Ўзбек палови ҳақида кўп эшитганман, — дейди Перудан келган сайёҳ Луис Манселло. — Бугун уни илк бор татиб кўрдим. Жуда мазали экан. Кўргазма давомида Ўзбекистон павильонига қайта-қайта ташриф буюрдим. Ҳар келганимда бу юртга бориш, унинг тарихий обидаларини кўриш, меҳмондўст халқининг турмуш тарзи билан танишиш иштиёқи янада ортди. Насиб этса, саёҳатимнинг кейинги манзили — Ўзбекистон!

ЕХРО — 2017 кўргазмалар мажмуаси бўйлаб ўтказилган байрамона парад кўнгилларга ғурур, ифтихор, хуш кайфият бағишлади. Карнай-сурнай садолари гўзал рақсларга уланди. “Дилхирож”, “Лазги”, “Андижон полкаси” каби миллий куйларимиз нафақат ҳамюртларимизни, балки хорижлик сайёҳларни, маҳаллий аҳолини ҳам даврага чорлади.

“Ўзбекистон миллий куни”нинг энг жўшқин ва самимий қисми. Кўргазмалар мажмуаси марказида юртимизга юксак ҳурмат рамзи сифатида мамлакатимизнинг давлат байроғи кўтарилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси делегацияси раҳбари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Руслан Даленов мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Бу ерда бўлиб ўтган самимий мулоқот ва тақдимотларда ўзбек олимларининг салоҳияти, янги ишланмалар, навқирон авлод вакилларининг инновацион ғоялари ҳақида сўз борди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакилларининг мазкур тадбирдаги иштироки эса том маънода, Ўзбекистоннинг келажак энергияси бу — ёшлар деган мақсадга мос бўлди.

— Ташриф унутилмас таассуротларга бой ўтди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ёш ижодкорлар уюшмаси раиси Меҳриноз Аббосова. — Ўзбекистон павильонида намойиш этилаётган миллий маҳсулотларимизни кўриб, фахр-ифтихор туйғуларини туйдик. Чет эллик тенгдошларимиз билан суҳбатда бўлиб, ўзаро тажриба алмашдик. Уларнинг жаннатмакон юртимизга бўлган қизиқиши, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятларга ҳавас билан қараганини кўриб, рости, ғурурландик.

Халқаро кўргазмада Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этаётгани экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Бунга мамлакатимиз учун ажратилган павиль­онга ташриф буюриб, ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Мовий ранг сферанинг сўл қисмида Ўзбекистон байроғи мағрур ҳилпираб турибди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намойиши учун икки қаватли бино ажратилган. Кираверишда “GM Uzbekistan” маҳсулоти — “Cobalt” автомобили қўйилган. Павильон асосий эшигининг тепа қисмига йирик монитор ўрнатилган. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналари, иқтисодий салоҳияти, туристик масканлар, диёримизда етиштирилган сархил мевалар хусусидаги видеороликларни бемалол томоша қилиш мумкин.

Ўзбекистон павильонининг биринчи қавати 630 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бу ерда қуёш, шамол ва сув, яъни келажак энергияси маҳсулотларини кўриб, ҳайратланмасдан илож йўқ.

Мамлакатимиз павильонидан ўрин олган қуёш энергияси стендида 2030 йилда автомобилларни қуёш нури ёрдамида қандай қувватлантириш мумкин экани намойиш этилмоқда ва бу кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотаётир.

Умумий майдони 550 квадрат метрни ташкил этган иккинчи қаватда юртимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, миллий таомларимиз ўрин эгаллаган.

— Ўзбекистоннинг инновацион янгиликлари, миллий таомлари, ҳунармандлик намуналари менда катта таассурот қолдирди, — дейди кўргазма иштирокчиси, россиялик Анатолий Гузманов. — Бошқалардан фарқли жиҳати таклиф этилаётган ишланмалар реал ҳаётимизга жуда яқин. Ўрганиш, кўриш ва тасаввуримга сиғдириш учун қайта-қайта ташриф буюрдим. Юртингиз ёшларининг илмий салоҳиятига ҳавас қилса арзийди. Келгусида улар ҳам буюк аждодларига муносиб ворис бўлишига шубҳа йўқ.

Қозоғистон миллий павильони бўйлаб ўтказилган саёҳат ҳам делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Павильон икки асосий зонага бўлинган: “Қозоғистон билан танишув” ва “Яратувчи энергия”. Биринчи қисмда Қозоғистоннинг бой маданияти ва тарихи, шунингдек, ҳозирги вақти ва келажаги ҳақида маълумот берилса, иккинчиси қозоқ олимларининг ЕХРО — 2017 мавзуидаги энг яхши лойиҳаларини қамраб олади.

“Ўзбекистон миллий куни” доирасида кўргазмалар мажмуасида жойлашган санъат саройида таниқли ўзбек эстрадаси вакиллари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Миллий куй-қўшиқлар, жозибали рақслар, жаҳон мусиқасининг бетакрор намуналари йиғилганларга олам-олам қувонч улашди.

— Ўзим Ўзбекистонданман, Остонага келин бўлиб тушганимга етти йил бўлди, — дейди Сарвигул Азизова. — ЕХРО — 2017 кўргазмасида Ўзбекистон павильонини ҳар куни келиб томоша қиламан. Юртимизнинг гўзал табиати, сўлим масканларимиз ҳусну таровати, меҳмондўст халқимизнинг фидойилиги, меҳнаткашлиги акс этган видеороликларни кўриб қувонаман. Бугун эса тамомила бошқа­ча кун. “Ўзбекистон миллий куни”да Қозоғистонга ташриф буюрган делегация аъзолари билан дилдан суҳбат қурдик, она заминимизда ёшлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдик, гўзал қўшиқларга биргаликда рақсга тушдик. Бу кун хотирамда умрбод қолади.

— Мен учун ҳам бу кун унутилмас воқеликларга бой бўлди, — дея суҳбатга қўшилади Алибек Зайниев. — Олий маълумотни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олганман. Тўрт йил давомида ўзбек халқининг қайноқ меҳрини ҳис қилиб яшадим. Бугун ўзбекистонлик ёшлар билан учрашиб, худди ака-укамни, опа-синглимни кўргандек бўлдим. Меҳр тафти шунақа бўлар экан-да?!

Ҳа, “Ўзбекистон миллий куни”да ўтказилган ҳар бир тадбир дилларга ана шундай қувонч улашди. Остона шаҳри марказидаги “The Ritz-Carlton” меҳмонхонасида ташкил этилган кечки қабул ҳам бундан мустасно бўлмади. Тўкин дас­турхон атрофида дилдан суҳбат қурилди. Шўх куй-қўшиқлар кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Санжар ИСМАТОВ

Fikr bildirish