Етакчилар жалб этилган илк дастур

Халқаро Вестминстер университетида ҳудудлардан саралаб олинган 28 нафар ёшлар етакчилари учун ўқув семинар-тренинг ўтказилмоқда.

Лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Халқаро Вестминстер университети ҳамкорлигида ташкил қилинган бўлиб, тренинглар мактаб етакчиларини жалб этган илк дастур ҳисобланади.

Дастур доирасида етакчиларни инновацион лойиҳалар яратишга тайёрлаш, раҳбарлик, нотиқлик қобилиятини ривожлантириш, ижодий ва танқидий фикр­лаш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган. Лойиҳага халқаро тоифадаги малакали мураббийлар жалб этилган бўлиб, барча дарслар ўзбек тилида олиб борилади.

Бугун етакчилардан кенг тафаккур, чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлиш талаб этилади. Чунки наврасталар интернет оламининг билимдони, барча янгиликлардан бохабар. Уларни етаклаш учун эса, албатта, замонасоз бўлиш лозим. Ушбу ҳафталик доирасида тренерлик ва аудитория билан ишлаш, самарали мулоқот, лойиҳаларни тузиш, бош­қариш, ўқувчи ёшлар психологияси билан ишлаш, тан­қидий тафаккурни ривожлантириш, наъмунавий мактабларда жамоат кенгаши ва улар билан ишлаш, омма олдида нутқ сўзлаш, ўзига бўлган ишонч­ни орттириш каби мавзуларда психологик дарслар ўтилади. Бу эса етакчиларни ўқувчи-ёшлар билан ишлашга ҳар томонлама тайёрлайди.

— Самарали таълим олган етакчилар ўқувчиларни бир жамоага бирлаштириб ўзаро очиқ мулоқот қилишга ўргатади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўлими мудири Шерзод Полвонов. — Етакчи энг, аввало, ёшларни мустақил фикрлашга ўргатмоғи шарт.

Семинар-тренинг ҳафта якунига қадар давом этади.

 Нодирабегим НУРИЛЛАЕВА

Fikr bildirish