Жуда жаҳлдорман. Асабийлашганимда, ўзимни бошқаролмай қоламан

—Жуда жаҳлдорман. Асабийлашганимда, ўзимни бошқаролмай қоламан. Доим ўзимни идора қиламан дейман-у, ҳеч эплай олмайман. Жаҳлимни жиловлашда нималарга эътибор қаратишим зарур?

Саволга психолог Нигора ЗУФАРОВА жавоб беради:

—— Жаҳл қилиш бу бошқаларнинг хатоси учун ўзингизни жазолашдан бошқа нарса эмас. Жаҳлингиз чиқиб турганда билингки, сиз ҳаётингизнинг гўзал сонияларини бой беряпсиз. Ҳеч қачон жаҳл­дорлик ва ғазаб билан яшаманг. Уни ўзингиздан қувиб ташланг, уйқуга кетишдан олдин барчасини орқага ташланг ва тонгда ҳаётингизни янгидан бошлаётгандек ҳис қилиб уйғонинг. Бу сизнинг ички қувватингизни оширади ва соғлиғингиз учун ҳам фойда келтиради. Суҳбатдошингиздан жаҳлингиз чиқяптими, яхшиси уни бироз ёлғиз қолдириб, хонадан чиқиб кетинг. Тоза ҳавода бироз юринг. Бу сизни бошқа нарсалар, кўчадаги одамлар ва вазиятларга бироз чалғишингизга ёрдам беради, энг муҳими, кейинчалик жаҳл устида ўша бирор кишингизнинг кўнглини оғритиб қўймаганингиздан хурсанд бўласиз.

Жаҳлингиз чиқадиган гап айтишдими, ҳазилга буринг. Шубҳасиз, натижа сизнинг ғалабангиз билан тугайди. Ҳар доим “Мени хафа қилганларни улар учун эмас, ўз кўнглимнинг хотиржамлиги учун ҳам кечираман. Жаҳл муаммони ечмайди, аксинча, баттар чигаллаштиради. Шундай экан, чуқур нафас олиш ва “ҳаммаси яхши” эканлигини тан олишим керак” деган сўзларни такрорланг.

Ҳаётда ҳеч ким юз фоиз ҳақ бўлмайди, ахир қарс ҳам икки қўлдан чиқади, деб бежиз айтишмаган. Энг яхшиси, муроса йўли эканлигини унутманг. Чунки зиддиятга боришдан сақланиб, хотиржамликни қўлга олсангиз саломатлигингиз ҳам тикланиб боради.

Fikr bildirish