Икки эшик орасидаги қисмат

Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи, билим манбаи­дир. У билан сирлашганингиз сари дунёга ўзгача нигоҳ билан боқасиз.

Қўлимга севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асарини олдим-у, тарих кўз олдимда намоён бўлди. Романда моҳирлик билан қаҳрамонлар ҳаёти кетма-кетликда ҳикоя қилиб борилади. Асар сўнгида, қадрдонларимга айланган дадасининг ортидан йиғлаб қолган, дилидагини тилига кўчиролмай поезд совуқ ўлкаларга олиб кетган ёрини жим кузатган Робия, фарзанд доғида юрак бағри қон бўлган — Қора амма, муҳаббат ортидан энг катта бойлигини йўқотган Музаффар, кичик хатоси туфайли ўғли меҳридан бебаҳра қолган Раъно, бошқаларнинг айби учун тавон тўлаган Мунаввар билан видолашдим.

Адибнинг мазкур асари ўқувчи қалбига яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Романда совуқ урушдан аввалги ва кейинги қарийб қирқ йиллик давр акс этган. Шунингдек, уруш ортидаги мураккаб, чигал тақдирлар, халқнинг машъум кунларда бошидан кечирган қийинчиликлари, инсон ҳаёти ва руҳиятидаги эврилишлар маҳорат билан очиб берилган.

Маърифат, эл-юрт учун жонини-да фидо қилишга тайёр инсонларнинг турли тақдирлари ва воқеалар билан юзма-юз келар экансиз, асарнинг бежиз бундай номланганига амин бўласиз. Адиб миллатимизнинг ғурури, жасурлиги, меҳнаткашлигини Ориф оқсоқол ва Ҳусан Дума орқали ўқувчига етказади.

Ҳаётни қандай кечиришдан қатъи назар ўзлигини сақлаб қолган, қисматини эл-юрт тақдири билан чамбарчас боғлаган, умрини соф туйғулар-ла безаш истагида уруш ҳукмига тобе бўлиб қолган инсонлар кечмишини ифодаловчи бу асар мутолаасидан сўнг унинг оламидан чиқиш анча мушкуллашади. Сўнг бугунги дориламон кунлар учун шукрона келтирасиз. Роман айнан шу жиҳати билан ҳам қалбларга яқин.

Севинч МАЖИДОВА

Каттақўрғон туманидаги

17-умумтаълим мактаби

бошланғич ташкилоти етакчиси

Fikr bildirish