Келажагини пуллаган бола

Хуршид эрта тонгдан ташқарига чиқиб мактабга кетаётган йигит-қизларнинг ортидан кузатиб қолди. Бу унга ҳар кунги одат. Дарвоза олдида узоқ қолиб кетди. Уйга киришга ҳеч юраги бетламади. Ёши бир жойга борган ота-онаси, бўйи етган синглиси унинг қўлига қараб қолган. Айни дам Хуршиднинг ичини ит тирнаяпти. Қаердан иш топса, нима иш қилса экан? Надоматлар бўлсинки, унинг тайинли бир ҳунари йўқ. Вақтида ўртоқларига қўшилиб ўқиганида эди…

…Болалар мактабга шошилаётган бир пайтда, Хуршид онаси тайёрлаб берган райҳон, ялпиз, қалампирли қурт, писта-бодомни велосипедига ортиб қишлоғида жойлашган машиналарни назорат қилиш пункти томон йўл олади. Уйидан кўп узоқ бўлмаса ҳам тепаликдан пастга тушиб, сойдан яна катта йўл бўйига кўтарилгунча машаққат чекишига тўғри келади. Ҳечқиси йўқ. Пул ишлаб олса бўлди. Машаққатлар унутилади. Назорат пункт­идаги машина йўловчилари, албатта, ундан ул-бул харид қилиб ўтади. Ахир, тоғ пистасию, ҳуштаъм қуртни ҳамма жойда ҳам учратаверишмайди-да.

Хуршидга машғулоти ҳузур бағишлайди. Тушликка яқин чўнтаги қаппайиб қолади. Ҳар куни турфа машиналарни кўриш, одамлар билан суҳбатлашиш кимга ёқмайди, дейсиз. Йўловчилар ҳам жуда меҳрибон. Гоҳида вой, бу боланинг ширинлигини, дея бирор егулик, турли ўйинчоқларни унга тутқазишади. Хуршиднинг топган-тутгани тайинли юмуш билан шуғулланмайдиган отаси, олти ойлик синглисию, муштипар онасидан иборат кичик оиланинг кам-кўстини бут қилишга сарфланади. Мактабдан қайтаётган ўртоқлари унинг қўлидаги антиқа буюмлар, қаппайган чўнтагига ҳавас билан қарашади. Ундан қачон мактабга борасан, деб сўрашганида: “Сизлар мактабга бориб, бекордан-бекор ўйнаб келаверинглар, менинг зарур ишларим бор”, — дея жавоб беради. Болалар: нега биз бир кун дарсга бормасак ўқитувчимиз оламни бузади-ю, сени эса сира сўрамайди, — деса, “Устозларинг мендан қўрқади”,— дейди у, қошларини чимириб. Бунинг эвазига ўқитувчисининг писта-бодомларини ҳам сотиб беришини эса сир тутади.

Хуршид баъзи-баъзида, мактабга текширувчилар келганда, синфдошларини “йўқлайди”. Бироқ ўқиш ёзишни дўндирадиган, ақли бутун тенгдошлари олдида ўзини ожиз ҳис этарди. Шунинг учун ҳам дарсларга кўпам ошиқавермасди. Орадан йиллар ўтиб, Хуршиднинг дўстлари коллеж, лицейда ўқишни давом эттирди. У эса ҳануз ўша эски маш­ғулоти билан банд.

Вақтлар ўтиб назорат пункти бузилиб ўрнида вокзал қад ростлади. Панжара билан ўралган поезд бекатида писта-бодом сотишга рухсат йўқ. “Касби”дан мосуво бўлган, на қўлида ҳунари, на илми бўлмаган Хуршид не қиларин билмасди. Олий маълумотли ўқитувчи, тадбиркор, уста-дурадгор бўлиб кетган дўстларини кўриб, ўзини кераксиз ҳис этарди. Ёшлик йилларига қўшиб келажагини ҳам пуллаб юборганини йиллар ўтиб англади. Афсус, энди кеч эди…

 Санжар ЭШМУРОДОВ

Fikr bildirish