Кўз олдимда қадимий жаҳон

Самарқанд тупроғининг заррасида ҳам улуғ бир ҳикмат бор. Бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг ҳар ғиштида бунёдкор халқимизнинг буюк истеъдоди ва маҳорати, боқий қадриятлари мужассам. Бу ердаги обидалар, маданий ёдгорликлар аждодларимиз даҳосидан, олис ва буюк ўтмишдан сўзлайди.

…1996 йил. Самарқанд шаҳри марказида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Соҳибқироннинг муаззам ҳайкали қад ростлади. Ана шу қутлуғ сана муносабати билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармонига мувофиқ 18 октябрда Самарқанд шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланди. Ушбу сана юртимизда Самарқанд куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ҳар гал Самарқандга борар эканман, шаҳарга кираверишдаги “Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд сизни қутлайди!” деган ёзувни кўришим билан юрагим хаприқиб кетади. Ҳар қарич ери тарихдан сўзловчи, бу маскан мустақиллик йилларида янада чирой очди, чиндан ҳам Шарқ гавҳарига, рўйи замин сайқалига айланди.

Самарқанд шаҳри қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар, муҳташам иншоотлар, турар жойлар, янги таълим ва шифо масканлари, спорт мажмуалари, меҳмонхоналар, кенг кўчалар, маҳобатли кўприклар, ям-яшил ва сўлим хиёбонлар, истироҳат боғлари-ю бозорлар, фавворалар шаҳарга ўзгача кўрк бағишлайди. Бу улуғ ва азим шаҳар ҳақидаги фикрларни, бугунги бунёдкорлик жараёнларини санаб адоғига ета олмайсиз. Биринчи Президентимиз “бу дилбар шаҳар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади. Уни бир бор кўрган ҳеч қачон эсидан чиқармайди”, деб бежиз айтмаган.

Юртимизга ташриф буюриб, Самарқанд таассуротлари қалбида ҳамон сақланаётган хорижликлар билан интернет орқали боғландик.

— Регистон мажмуаси барпо этилганидан буён неча аср­лар ўтган бўлса-да, унинг юксак мақоми, файзи ва салобати ҳамон сақланиб қолган, — дейди япониялик Ямамота Такеру. — Албатта, бундай ўлмас обидаларни бунёд этиш учун моҳир қурувчиликдан ташқари математика, геометрия, геодезия ва сейсмология каби фундаментал фанлар билимдони ҳам бўлиш керак. Халқингиз юксак интеллектуал салоҳияти ва бой маданий мероси билан бугун ҳам дунёни лол этмоқда.

— Ўзбекистонга илк бор келишим, — дейди, франциялик Роне Либаелли. — Бу ўлка ҳақида китобларда ўқиганман. Аммо келгач тушундимки, Ўзбекистон ҳақида ҳеч нима билмас эканман. Айниқса, Самарқанд мени ўзига батамом ром этди. Доимо жилмайиб турувчи, меҳмондўст халқни ҳеч кўрмаганман. Биласиз, французларнинг Амир Темурга бўлган ҳурмати ўзгача. Мен темурийлар тарихи билан танишишни кўнглимга туккандим. Таассуротим эса ҳайратланарли. Омадни қаранг: мен Самарқандга келган куним “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказилаётганди. Тўғриси, уни таърифлашга тил ожиз. Бундай эртакнамо шаҳар умрбод қалбимда қолади. 18-октябрь — афсонавий шаҳар куни эканини эшитиб, ўзбек халқига ҳурматим яна ошди. Бу кун билан барча ўзбекистонликларни табриклайман.

— Илгари Самарқанд ва ундаги қадимий обидалар ҳа­қида кўп эшитгандим, — дейди И Чинжу. — Шунданми бу ерга келишни орзу қилардим. Мана орзулар ушалиб бу тарихий ўлка билан яқиндан танишдим. Кўрганларим ўқиганимдан, эшитганимдан-да гўзал, бетакрор экан. Айниқса, Гўри Амир мақбарасининг муҳташам меъморий ечими, ундаги ажойиб нақшлар ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Самарқандни бутун жаҳонга танитган, дунё тарихида ўчмас из қолдирган нодир шахсларнинг ҳаёт йўлидан ҳам хабардор бўлдим. Энг муҳими, бу шаҳарда турли миллат вакилларининг дўстона, аҳил, қардош бўлиб яшашлари ҳавасимни келтирди. Афсуски, бу ҳамма миллатда ҳам учрамайди. Мана шундай буюк аждодларнинг издоши бўлган ўзбек халқига жуда ҳавас қилдим. Бугун ўз кунини нишонлаётган эртак шаҳри — Самарқандни чин дилдан қутлайман.

Шоир лутф этганидек, ­Самарқанд узра сайр этган ҳар киши борки, кўз олдида қадимий жаҳон намоён бўлажак. Байраминг қутлуғ бўлсин — она шаҳрим.

Тўмарис АЪЗАМ

Fikr bildirish