Фаол бўл ва уй ол!

Фаол ва фидойи ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ҳукумати диққат марказидаги принципиал муҳим масаладир. Нима учунлиги сўзсиз аён. Ахир, ёшлар мамлакат нуфузини кўтара оладиган тенгсиз ресурс. Ундан тўғри ва оқилона фойдаланган давлат ютади — юксалади. Бироқ шунга яраша мазкур контингентни рози қилмоқ ҳам даркор-да.

Жорий йилнинг 30 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган “Kamolot” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойини эслайлик. Президентимиз юзлаб делегатлар олдида сўзлаган нутқида юқоридаги мазмунга алоқадор жуда кўп адолатли, ўрни келганда, ҳатто танқидий фикрларни очиқ-ошкора билдириб ўтганди. Ҳамманинг олдида эндиликда ҳар бир ҳудуд кесимида ёш оилаларнинг тураржойга эҳтиёжи ўрганилиб, шу аснода йилма-йил шаҳару қишлоқларда керакли миқдорда Ёшлар уйлари барпо этилиши маълум қилинди. Боз устига, айни мақсадда ҳукумат раҳбарига тўрт йилга мўлжалланган махсус дас­тур ишлаб чиқиб, ижрога киритиш ҳам топширилди.

Хўш, натижаси нима бўлди, дея қизиқаётгандирсиз. Хавотир олманг, тенгдошим, ўша муҳим учрашувда айтилган биронта гап ерда қолиб кетгани йўқ. Авваламбор, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай — 2017 йилнинг 5 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти имзо чеккан “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда ёшлар ташкилоти ҳамкорлигида 2018–2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқлангани, бироздан кейин эса — 2017 йилнинг 24 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кучга кирганини эслатмоқ жоиздир. Охирги ҳужжатда республикамиз бўйлаб барпо этилаётган арзон уй-жойлар мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатган ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредити асосида тақдим этилиши қайд этилган. Аҳамиятли жиҳати, Ёшлар уйлари соҳибларига кредит тўловида муайян қулайликлар яратиб берилади. Жумладан, улар олаётган уйнинг бошланғич бадали Ёшлар иттифоқи ҳисобидан қопланиб, кредитнинг фоиз ставкаси 7 фоиздан оширилмайди.

Ёшлар уйлари қаерда ва қанча миқдорда қурилиши, кимга, қачон ва қай тартибда тақсимланишига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ёшлар пресс-клубида “Ёшлар уйлари — меҳнатга яраша рағбат механизми” мавзуида ташкил этилган навбатдаги телевизион мулоқот давомида ойдинлик киритилди. Залда жам бўлган йигит-қизларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Аҳмад Сувонқулов, “Ипотекабанк” АТБ масъули Фар­ҳод Қурбонов, “Қишлоққурилишбанк” АТБ бошқарма бошлиғи Дилшод Ҳасанов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши юридик хизмат бўлими мудири Баҳром Илҳомжонов ҳамда Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими мудири Бахтиёр Мамадалиев жавоб берди.

Б.Мамадалиевнинг сўзларига қараганда, айни кунларда Ёшлар иттифоқи ижтимоий тармоқлар орқали Ёшлар уйлари қандай бўлиши кераклигига доир махсус сўровнома ўтказмоқда. Берилган таклиф ва тавсиялар асосида мутасадди ташкилотлар яқин истиқболда қурилажак тураржойларнинг лойиҳаларини қайта кўриб чиқади.

— Янги хонадонларда яшаётган ёш оилалар вакилларининг фикрини ҳам ўргандик, — таъкидлади спикер. — Аксарияти хоналарнинг торлигидан шикоят қилмоқда, шунингдек, тураржой инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, болалар майдончаси ва автотураргоҳлар барпо этиш, ички йўлларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш тизимига эътибор қаратишни сўраяпти. Бундай эътирозлар имкон қадар инобатга олинади, албатта. Хусусан, пойтахтдаги Ёшлар уйларини лойиҳалаштириш учун масъул ташкилот — “ТошуйжойЛИТИ” илмий-тадқиқот институти мутахассислари билан келишилган ҳолда, 2018 йилдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган икки хонали квартираларнинг умумий майдонини 47 квадрат метрдан 60 га, уч хоналиларни эса, 57 дан 80 квадрат метрга етказишни режалаштиряпмиз. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: бундай ислоҳот уйларнинг қимматлашишига олиб келади. Ҳарқалай, узил-кесил қарор ҳали қабул қилингани йўқ. Биз ҳар жиҳатдан мақбул вариантни қидиряпмиз.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Исмоил Умарбоев Ёшлар уйлари қандай тоифадаги шахсларга навбатсиз берилиши билан қизиқди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали Ёшлар уйларидан ёш оилаларга квартиралар бериш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомда Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёки муайян сурункали касалликларнинг ўткир шаклига чалинган ёшларга квартиралар навбатдан ташқари берилиши белгилаб қўйилган эди. Мана энди, мазкур рўйхатга Ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил намунали фаолият кўрсатиб келаётган шахслар ҳам қўшилди. Бундан ташқари, қонунчилигимизга яқиндагина киритилган ўзгартиришга биноан, ҳозирда Ёшлар уйларини нафақат расмий никоҳдан ўтган, балки ажрашган ёки фуқаролик никоҳ асосида бирга яшаётган ёшлар ҳам сотиб олишга ҳақли.

Ёш оилаларга қандай типдаги уйлар берилиши ҳақидаги саволга “Қишлоққурилишбанк” вакили Дилшод Ҳасанов шундай жавоб берди:

— Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилдан қишлоқларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. Ушбу тараржой объектларини биз тўртта типга ажратамиз: 1. 2-3 қаватли, 2-3 хонали уйлар; 2. Умумий майдони 2 сотих бўлган, бир қаватли, 2-3 хонали уйлар; 3. Умумий майдони 4 сотих бўлган, икки қаватли, 4 хонали уйлар; 4. Умумий майдони 6 сотих бўлган, бир қаватли, 3, 4, ва 5 хонали уйлар. Биринчи иккита тип арзон уй-жойлар тоифасига киради. Ўртача нархи 70-95 миллион сўм атрофида. Янгиланган намунавий ло­йиҳалар бўйича қурилган арзон уйларни Ўзбекистон Республикасида яшаётган исталган фуқаро, шу жумладан, ёшлар ҳам сотиб олиши мумкин. Улар ипотека кредити асосида уч йиллик имтиёзли давр билан жами 20 йил муддатга берилади. Дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдорида, кейинги давр­да Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида тўлов амалга оширилади. Бошланғич бадал ҳам бор. Бироқ Ёшлар иттифоқининг тавсияномасига эга ука-сингилларимиз учун ипотека кредитини тўлаш шартлари бирмунча енгиллаштирилган. Яъни ёш оилалар учун йигирма йил мобайнида йиллик фоиз ставкаси 7 фоиз миқдорида сақлаб қолинади. Бошланғич тўлов суммаси эса, Иттифоқ маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган улкан имкониятдир.

Студиядан савол берган Фарҳод Қурбонов ҳужжатлари ҳудудий комиссия томонидан маъқулланиб, навбатга қўйилган ёш оилалар қачон уй-жой олиши мумкинлиги билан қизиқди. Баҳром Илҳомжоновнинг айтишича, айни вақтда Тошкент шаҳри миқ­ёсида 509 оила Ёшлар уйларидан олиш учун навбатда турибди. Ариза топширганлар сони эса, 1 минг 300 дан зиёд. 192 оилага йил охиригача Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида қуриб битказиладиган кўп қаватли уйлардан квартиралар ажратиш кўзда тутилган. Қолган талабгорлар келаси йилда янги хонадонларга кўчиб ўтиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, 2018 йилда Тошкент шаҳрининг ўзида ёш оилалар учун ўнта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Мамлакат миқёсида эса, 2 минг 149 та хонадон калитини ўз эгаларига топшириш режалаштирилган (шундан 650 таси қишлоқларда жойлашади). Бу 2017 йилдагига қараганда икки баравардан ҳам кўп дегани.

Ўзини таништиришни хоҳламаган Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олаётган талаба-йигит (суратда) спикерлар эътиборини Ёшлар уйларининг тақсимоти билан боғлиқ “оғриқли” масалага қаратди. “Ёшлар уйларидаги баъзи хонадонларда ижарачилар яшаётганига гувоҳ бўляпмиз, — деди у. — Бу қанақаси, ахир?! Демак, давлат берган имтиёздан уй-жойга чунонам эҳтиёжи бўлмаган шахслар ҳам фойдаланаётган экан-да?! Ёшлар иттифоқи уларга нисбатан қандай чора кўра олади?”.

Вазиятга Б.Илҳомжонов ойдинлик киритди. “Уй соҳибига нега квартирада ўзинг яшамай, ижарачи қўйиб қўйгансан, дея тазйиқ ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, — таъкидлади спикер. — Тушунинг, уй — фуқаронинг шахсий мол-мулки. Шундай бўлгандан кейин, уни хоҳлаганича тасарруф эта олади. Хонадон эгаси ипотека кредити бўйича тўловларни ўз вақтида бажариб келаётган бўлса, банк ҳам бирор чора кўришга ожиз. Лекин эътирозингиз ўринли: Ёшлар уйларини уй-жойга муҳтожларгина қўлга киритиши зарур. Аслида мақсад ҳам шу. Бордию, уй-жой нолойиқ номзодга ажратилган бўлса, бунинг учун Ёшлар уйларидаги квартираларни ипотека кредити асосида сотиб олиш масалаларини кўриб чиқувчи ҳудудий комиссия жавоб беради. Мазкур бўғиннинг ишини шаффофлаштириш керак”.

Пресс-клуб сессиясида намойиш этилган видео форматдаги саволлардан бири Ёшлар уйларининг сифатига бағишланди. Унда баъзи бир уйлар бир йилга ҳам бормай чўкиб қолиб, деворлари тўкилиб кетаётгани маълум қилинган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъул ходими Бахтиёр Мамадалиев яқинда бутун республика бўйлаб амалга оширган хизмат сафари давомида ўзи ҳам юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганини тан олди.

—  Бундай ҳолатлар кам бўлса-да, лекин борлигининг ўзи кишини хавотирга солади, — деди у. — Янги йилдан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда эксперимент тариқасида пойтахтда шундай тизим жорий қилинадики, уй-жойга навбатда турган тенг­дошларимиз махсус камералар ёрдамида қурувчилар бажараётган ишнинг сифатини онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўлади. Биласизми, ҳозир олма пиш — оғзимга туш, қабилида боқимандаликка берилиб яшайдиган замон эмас. Тўғри, ёшларга арзон уй-жойлар қуриб бериляпти. Лекин эртага шу уйларни харид қиладиганларнинг ўзи ҳам қўл қовуштириб ўтириши керак эмас-ку. Марҳамат, қурилиш майдончасига келсин, жараён қандай кетяпти, қандай материаллардан фойдаланиляпти — ҳаммасини ўз кўзи билан кўрсин. Ҳеч ким тўсқинлик қилмайди! Аксинча, жамоатчилик назорати ўрнатилган жойда иш сифати бошқача бўлишига шахсан гувоҳман.

***

Салкам уч соат давом этган жонли мулоқотда ёшларнинг яна кўплаб савол ва мурожаатларига қулоқ тутилди. Баҳсли вазиятлар юзасидан атрофлича тушунтириш берилди, кўпгина масалалар ойдинлаштирилди. Ёшлар пресс-клуби ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Наргиза УМАРОВА

 

 

Fikr bildirish