Четга чиқсанг ҳам, “чегара”дан чиқма!

Ўзбекистон аҳолиси йил сайин қўпаймоқда. Демак, меҳнат ресурсларининг салмоғи ҳам ортаётгани бор гап.

Юртимиз ички меҳнат бозорининг асосий контингенти, сўзсиз, ёшлардан ташкил топган.

Бу бежиз эмас. Ахир, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ҳар йили ўртача 500 минг нафарга яқин йигит-қиз тамомлайди. Олий ўқув юртлари битирувчилари билан қўшиб ҳисоблаганда салмоқ янада нуфузли рақамга айланиши аниқ. Албатта, яхши, даромадли иш топишни ҳамма хоҳлайди. Аммо бугунги рақобат муҳитида бунинг уддасидан чиқиш ўзи эмас. Шу туфайли дунё миқёсида миграция вазияти тобора кескинлашмоқда.

Ички бозордаги меҳнат мигрантлари мавзуси куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этган Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси давомида муҳокама қилинди. Долзарб мулоқотда спикерлар ўрнида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлим бошлиғи Абдувоҳид Шаропов, Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бош инспектори, подполковник Камолиддин Дўсматов, Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Акром Султонов ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлими мудири Ҳусан Бекмуродов қатнашди.

Миграция табиий жараён. Дунёнинг биронта ҳам мамлакати айни ҳақиқатдан юз ўгиролмайди, миграция жараённи тўхтатишга ҳам қодир эмас. Бироқ тартибга солиши ва ўз фуқаролари учун ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиши айни муддао. Ўзбекистон шу йўлни танлаган. Афсуски, нафсини жиловлай олмайдиган айрим ҳамюртларимиз ҳуқуқий билимсизлиги туфайли меҳнат фаолияти давомида ноқулай вазиятларга тушиб қолмоқда, алданмоқда. Уларнинг асосий қисмини турли ҳудудлардан пойтахтимизга вақтинча ишлаш мақсадида келаётган инсонлар, халқ тили билан айтганда, мардикорлар ташкил қилади. Ёшлар пресс-клуби студиясида спикерларга йўлланган даст­лабки савол мардикор бозорларининг ҳолати ҳақида бўлди.

— Ўтган икки ой мобайнида Тошкент шаҳридаги барча вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш марказларини ўрганиб чиқдик, мардикорлар билан мулоқот қилдик, таклиф ва мулоҳазаларини эшитдик, — таъкидлади Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ходими Ҳ.Бекмуродов. — Аксарияти прописка масаласида қийналаётган экан. Қонунга мувофиқ, бошқа шаҳар ёки тумандан келган шахс пойтахтда вақтинча пропискасиз беш кундан ортиқ муддат яшаши мумкин эмас. Тегишли рухсатнома олишга эса, вақт ва маблағ талаб қилинади. Кўпчилик учун тураржой ҳам муаммо. Шу каби ҳолатларни инобатга олиб, ҳукуматга меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатувчи рекрутинг агентликларини очиш таклифини бердик. Ушбу муассасалар пропискадан тортиб ишга қонуний жойлаштириш масаласигача шуғулланади.

— Аксарият мардикорлар учун иссиқ жойи ва оиласини ташлаб пойтахтга равона бўлишнинг важи битта — ўзлари яшаб турган ҳудудда иш йўқ, — истеҳзоли қўшимча қилди Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Абдувоҳид Шаропов. — Келинг, масалага объектив ёндашайлик. Давлатимиз ишсизлик муаммоси билан мунтазам курашиб кел­япти. Масалан, жорий йилнинг ўзида республикада 800 мингта (!) янги иш ўрнини ташкил этиш вазифаси қўйилган. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда бу бўйича алоҳида манзилли дас­турлар қабул қилинади. Вазирликнинг www.mehnat.uz сайтида бўш иш ўринларига доир маълумотлар базаси мавжуд. У ҳар ойда янгиланади. Айни вақтда тизимда 60 мингдан зиёд вакансия жамланган. Афсуски, бундан бехабарлар кўп. Ҳамма ҳам интернетга киради, деб айтолмаймиз-ку. Иш излаб юрганлар нари борса, бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилиши мумкин. Омади келса, хўп-хўп, акс ҳолда, шартта пойтахт ёки чет элга жўнаворади. Меҳнат миграцияси билан боғлиқ энг катта муаммо ишга ёлланаётган ёки жойлашаётган фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслигида. Иш ҳақи, шарт-шароитлар оғзаки келишилади, меҳнат шартномаси тузилмайди, айрим иш берувчилар солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлардан қочиш мақсадида ходимга ҳатто меҳнат дафтарчасини очтирмайди. Бундай ҳолатда инсон ноқонуний мигрант­га айланади ва алданиб қолиши ҳеч гап эмас. Тахминимизча, ҳозирда меҳнат дафтарчасисиз ишлаётганлар сони 2 миллион атрофида.

Бир марталик иш билан таъминланаётганларнинг маоши қанча ва улар неча соат ишлаши керак, деган саволга спикер қуйидагича жавоб берди: “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соат, беш кунлик иш ҳафтасида эса, саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим”. Қолаверса, Ҳусан Бекмуродовнинг айтишича, мардикор бозорларида енгил меҳнат учун кунига ўртача 50 минг, оғир меҳнат учун 100 минг сўм ҳақ таклиф қилиняпти.  

“Тошкентга келиб ишлаётган мигрант бир ойда тахминан 1 миллион сўм топяпти, дейлик. Бу пулдан у квартира харажатини қоплаши, еб-ичиши, қолганини эса, оиласига жўнатиши керак. Лекин милиция ходимларидан тинчлик йўқ. Прописка ёки бошқа важ билан мардикорлар энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваригача жаримага тортилади. Ҳалол меҳнат қилаётган инсоннинг ризқини қийиш адолатданми?! Наҳотки, мазкур ҳолат юзасидан объектив қарор чиқариб бўлмаса?!”. И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали талабаси Рустам Ҳайдаровнинг эътирозига Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Камолиддин Дўсматов шундай шарҳ берди:

— Аслида жарима ва бошқа турдаги жазо чоралари ҳам қонунбузарликнинг олдини олиш мақсадида жорий қилинган, — деди у. — Қонуний меҳнат мигрантига айланиш у қадар қийин иш эмас. Тошкентга келгач, арзимаган ҳужжатларни тақдим этиб ва энг кам иш ҳақининг бор-йўғи 2 фоизи миқдорида давлат божини тўлаб, киши бир куннинг ичида вақтинча пропискага қўйилади. Кейинги сафар бунинг учун 15 кун талаб қилинади. Шу, холос! Тушунинг, фуқаро қаерда яшаётгани, нима   иш қилиб юрганини ички ишлар идоралари билиши шарт. Эртага у жиноятга қўл уриши, бирор кўнгилсиз вазиятларга тушиб қолиши мумкин. Биз ҳуқуқий демократик давлатда яшаяпмиз, ахир! Жамиятдаги бошбошдоқлик қонунга итоатсизликдан келиб чиқади.

— Фарғоналикман. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб уйга қайтгач, иш излашга киришдим, — спикерларга юзланди Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг 1-курс талабаси Жасурбек Азимов. — Коллежни диспетчер мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Шаҳримиздаги бандликка кўмаклашиш марказига бордим. Менга мос вакансия йўқ экан. Топилса, албатта, қўнғироқ қилишларини айтишди. Олти ой кутдим. Қани энди бирон садо чиқса. Мана шундай масъулиятсизлик учун ким жавоб беради?!

Абдувоҳид Шаропов талаба-йигитнинг эътирози ҳақли эканини тан олган ҳолда, беш қўл баробар эмаслиги ва ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарайдиганлар вазирлик тизимида ҳам учраб туришини айтишдан нарига ўтолмади. Орага чўмган қисқа жимликдан сўнг, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлими мудири қўшимча қилди:

— Ёшлар иттифоқи фаолият бошлаганидан буён, яъни ўтган 100 кун ичида 11 минг нафардан зиёд йигит-қизнинг иш топишига кўмаклашди, — таъкидлади Ҳусан Бекмуродов. — Ўша ёшлар иштирокида ҳозирда барча ижтимоий тармоқларда # Мен ишга жойлашдим хэштегини оммалаштиряпмиз. Аслида ҳар қандай муаммонинг ечими, имконнинг топилиш-топилмаслиги ўзимизга боғлиқ. Мамлакатимизда ёшларга эътибор катта. Иттифоқ айнан уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида тузилган. Биз кечаю кундуз ёшлар хизматидамиз. Меҳнат миграцияси масаласида ҳам, ўйлайманки, биргаликда оқилона ечим топа оламиз. Ахир, бирлашиб биз — катта кучмиз!

***

Яширишга ҳожат йўқ: Ёшлар пресс-клуби студиясида спикерларни бироз ноқулай вазиятга солиб қўйган, меҳнат миграциясига оид давлат сиёсатини белгилашда ҳисобга олинмай қолган жиҳатлар, амалга оширилаётган ишлардаги хато ва камчиликларга ишора қилувчи саволлар ҳам бўлди. Ёшлар давлат органлари вакиллари билан росмана очиқ мулоқотга киришди. Натижа ҳам шунга яраша. Тенгдошларимизнинг овози юқори доираларгача етиб боради, биронта ҳам таклиф, таъкид ёки эътирози эътиборсиз қолмайди, деган умиддамиз.

Наргиза УМАРОВА

Fikr bildirish