Юксак ишонч намунаси

Ёшлар келажаги, уларнинг эртасига қаратилган эътибор халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, мамлакат ривожини кафолатлайди. Шу боис юртимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан йигит-қизларимизни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, интеллектуал-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида илк имтиёзли кредитга муносиб кўрилган ўн бир нафар ёшни тақдирлаш маросими ҳамда “Ёш тадбиркор ва банк” мавзуида Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Ёш тадбиркорларнинг фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш мақсадида Иттифоқ қошида “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази” иш олиб бормоқда. Марказ томонидан тадбиркорликка қизиқиши баланд, ҳаракатчан йигит-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш билан бирга уларнинг бизнес-режа тузиши, ишлаб чиқариш борасида етарлича билим ва кўникмаларга эга бўлишида амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Қаҳрамон ҚУРАНБАЕВ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда ёшларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқига бир қанча вазифалар юклатилган. Ёшлар иттифоқи, энг аввало, мамлакатимиз ёшларининг фикр-мулоҳазалари, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида очиқ мулоқотлар ташкил этди. Маълум бўлдики, йигит-қизларнинг кўпчилиги тадбиркорлик соҳасига қизиқади. Бироқ ўз фаолиятини йўлга қўйишда, хусусан, кредит олишда кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми асосида ёшларга   тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини ишлаб чиқиб, мана бугун ўн бир нафар ўғил-қизга сертификат топширдик. Бу савобли иш, албатта, давомли бўлади. Келажакда бу ёшлар халқимизга нафи тегадиган, Ватанимиз равнақига ўз хиссасини қўшувчи катта ишбилармон бўлиб етишишига ишонаман.

Тан олиб айтишимиз керакки, ҳаттоки, ота-онамиз ҳам шундай катта ишонч билдиришга иккиланиб қолади, баъзида. Бугун имтиёзли кредитга эга бўлган йигит-қизлар билдирилган ишонч ва кўмакдан бағоят хурсанд.

Меҳрибон ИСМАТОВА, ёш тадбиркор (Қашқадарё вилояти):

— Тадбиркорлик фаолиятимни олиб бориш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази”нинг кўмаги билан 44 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитни қўлга киритдим. Бу ор­қали мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши ҳали йўлга қўйилмаган гуручли қарсилдоқ чипсларни сотувга чиқармоқчиман. Олти ой муддатга солиқлардан озод қилинган кредит тадбиркорликни бошлашда асос бўлиб хизмат қилади. Келгусида фаолиятимни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратаман ва тенг­дошларимни доимий иш ўрни билан таъминлайман.

Байрамона ташкил этилган тадбирда имтиёзли кредит соҳибларига тегишли сертификатлар тақдим этилди. Биз ҳам тенгдошларимизга ўхшаб имтиёздан фойдаланишни истаймиз, ўз тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўймоқчимиз, дея кўзларида ўт чақнаб турган иштирокчиларга экспертлар томонидан лойиҳа тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, тадбиркор бўлиш истагидаги ёшлар “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази”га ўз бизнес лойиҳалари билан мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга мурожаат қилди.

Санжар ТУРДИҚУЛОВ

Fikr bildirish