Ялқов Жек (эртак)

Қадим замонда Жек исмли бир йигит бўлган экан. У қари онаси билан бирга ночор аҳволда яшар, онасининг ип йигириб сотиши ҳисобига икковлари кун кечирарди. Жек жуда дангаса, ялқов бола эди. Ёз кунлари офтобда тобланиб ётар, қиш кунлари эса иссиққина бурчакка биқиниб кун ўтказар, шу боис ҳам уни “ялқов Жек” деб аташарди. Онаси қанча уринмасин, уни иш қилишга ўргата олмасди. Жек онасига ҳечам ёрдам бермас экан. Кунларнинг бирида онаси ўғлига дебди:

— Агар ишлаб пул топишни ўрганмасанг, сени уйдан ҳайдаб юбораман!

Онасининг гаплари Жекка қаттиқ таъсир қилибди. Эрта тонгда туриб, қўшни фермер билан келишибди ва бир танга эвазига кунлик ишга ёлланибди. Кун охирида Жек ишлаб топган пулини олиб, уйига равона бўлибди. Аммо ариқдан ўтаётиб, тангани тушириб юборибди. Буни онасига айт­ганда, онасининг жаҳли чиқиб:

— Ҳой, аҳмоқ! Тангани чўнтагингга солсанг бўлмасмиди?! — дебди.

— Хўп бўлади, кейинги сафар айтганингиздек қиламан, — деб жавоб берибди Жек.

Эртасига Жек чўпонга бир кўзача сут эвазига ишга ёлланибди. Кеч тушиб, ишни битиргач, бир кўзача сутни чўнтагига солиб уйга қараб йўл олибди. Афсуски, уйга етгунича кўзачадаги сут тўкилиб, тамом бўлибди.

— Вой Худойим, — дод солибди она, — кўзачани ҳам чўнтакка соладими, аҳмоқ бола, бошингга қўйиб келсанг бўлмасмиди?!

— Хўп бўлади, кейинги сафар, албатта, шундай қиламан, — дебди Жек.

Эртаси куни тонг саҳардан Жек яна фермага бориб, иш ҳақига пишлоқ олишга келишиб, ишга ёлланибди. Кеч тушиб Жек иш ҳақига олган пишлоғини бошига қўйиб уй томон йўл олибди. Манзилига етгунича пишлоқ эриб, бошига ёпишиб қолибди.

— Тентак! Сен буни эҳтиёт қилиб қўлингда олиб келишинг керак эди, — дебди онаси.

— Тушундим, кейинги сафар шундай қиламан, — дебди Жек. Шундан кейин Жек новвойхонага ишга борибди. Кун охирида хўжайин унга иш ҳақи ўрнига битта катта пахмоқ мушук берибди. Жек мушукни қўлига олиб уйи­га жўнабди. Аммо жонивор жуда ҳам эпчил экан — Жекнинг қўлини тимдалаб, қочиб кетибди. Жек яна қуруқ қўл билан уйга келибди.

— Сен ғирт лапашангсан, мушукнинг бўйнига арқон солиб етаклаб келишинг керак эди, — деб койибди онаси.

— Ҳа, тушундим, — дебди Жек, — келаси сафар айтганингиздек қиламан. Эртасига Жек қассобхонага ишга ёлланибди. Қассоб жудаям сахий одам экан, қўй гўштининг бир бўлагини кесиб, Жекка берибди. Жек гўштни ар­қон билан боғлаб судраб уйга йўл олибди. Афсуски, боргунича гўшт айниб қолибди. Буни кўрган онаси ўзини боса олмай, шўрликни яна койишга тушибди:

— Аҳмоқ, уйда ейишга карамдан бош­қа ҳеч нарса йўқ, сен бўлсанг… Гўштни елкангда кўтариб келмайсанми?!

Хўп, кейинги сафар елкамда кўтариб келаман, — дебди Жек. Шундай қилиб Жек эртаси куни тонгда яна ишга йўл олибди. У куни Жек бир чўпонга ишга ёлланибди. Чўпон Жекка иш ҳақи сифатида эшак берибди. Эшакни елкада ташиш оғир бўлса ҳам, Жек бир амаллаб, инқиллаб-син­қиллаб эшакни орқалаб уйига жўнабди. Ниҳоят, қилган ишидан хурсанд бўлган Жек уйига яқинлашибди. Бир бойнинг уйи олдидан ўтаётганида деразадан гўзал қиз қараб турган экан. У бойнинг яккаю ягона қизи бўлиб, умрида бирон марта кулмаган, бунинг устига кар-соқов экан. Табибларнинг айтишича, қизни кимдир кулдирмагунича, тилга кирмас экан. Айнан ўша оқшом қиз эшак орқалаб кетаётган Жекни деразадан кўриб хохолаб кулиб юборибди. Бу ҳам етмагандай гапира бошлабди ҳам. Бойнинг қувончи ичига сиғмай кетибди. Ваъдасида туриб қизини Жекка турмушга узатибди. Ялқов Жек тез орада бойиб кетибди. Рафиқаси ва онаси билан катта уйга кўчиб, умрининг охиригача ғам-ғусса билмай бахт­ли ҳаёт кечирган экан.

Инглиз тилидан

Абдулазиз АБДУШУКУРОВ

таржимаси.

Fikr bildirish