Қадамингни ўйлаб бос, болам!

Юртимизда тинчлик ҳукмрон, аксарият болалар соғлом муҳитда вояга етмоқда, ота-оналари, маҳалла-кўй, жамият аъзолари, қўйингки, давлат ҳам уларнинг бугуни ва эртасига бефарқ эмас. Кўз тегмасин! Аммо беш қўлни баробар деёлмаймиз. Ёшлар онгини заҳарлашдан манфаатдор вайронкор кучлар глобаллашув даврида анча фаоллашгани, виртуал ахборот манбаларидан фойдаланиб, маънавий хуружлар уюштиришга бел боғлагани барчага аён ҳақиқат.

Бундай хавф-хатарлар таъсирида, аввало, миллий қадриятларимиз зарбага учраяпти — топталяпти, сохталаштирил­япти, йўқ бўлиб кетяпти ҳатто! Ахир, арзимас баҳона-сабаб туфайли падарига қўл кўтараётган, важоҳат билан тенг­дошига пичоқ ниқташга тайёр турган, ўйламай-нетмай оиласини барбод этаётган — хулласкалом ноқобил ёшлар ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ-ку. Улар сизу бизнинг жон-жигарларимиз, ўзимизнинг фарзандларимиз. Фақат ўз вақтида тарбиясига эътибор қаратилмагани, талаб-истаклари инобатга олинмагани, келажакка ишончи сўндирилгани ёхуд муаммолар гирдобида ёлғиз қолгани боис, тўғри йўлдан адашган. Оқибати эса, жиноятчилик билан якун топмоқда. Бежиз эмаски, охирги бир йилда Юрт­бошимизнинг шахсий талаби ва назорати остида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар профилактикасига доир бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Айнан шу мавзу куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ташкил этилган Ёшлар пресс-клубининг муҳокама марказида бўлди.

Жорий йилнинг май ойида П.Ф.Боровс­кий номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов бир гуруҳ тенгдошлари томонидан аёвсиз калтакланиб, ҳаётдан кўз юмди. ­Октябрда ижтимоий тармоқларда 1-Тошкент юридик коллежи ўқувчиси икки нафар курсдошини пичоқлаб, бирининг ўлимига сабаб бўлгани тўғрисида хабар тарқалди. Бирин-кетин содир этилиб, кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган бу каби мудҳиш жиноятлар юртимизда ёш авлод тарбияси борасида жиддий нуқсонлар борлиги ва мазкур муаммо билан курашишда истисносиз барча куч ҳамда воситаларни зудлик билан сафарбар этиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Тан олиш керак, шу чоққача ҳали бирон марта Пресс-клуб студияси лиқ тўлган эмас. Бу сафар залда бўш жой топишнинг имкони бўлмади. Биринчи қаторда ўтирган турли ташкилот ва муассаса вакилларини ҳисобга олмасак, қолган барча ўриндиқларни коллеж-лицей ўқувчилари ҳамда талабалар банд этганди. Ҳамманинг айтар сўзи: кимдадир эътироз, бошқа бировда таклиф-мулоҳаза ёки савол бор. Спикерлар — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқармаси катта прокурори Давронбек Қурбонов, Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош ­бошқармаси бўлими бошлиғи Исломиддин Ҳолиқов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази директори Акбар Эшмуродов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси ўринбосари Азим Мирзажонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ижтимоий-ҳуқуқий бўлими мудири Акмал Алимов микрофон қаршисида ҳозир бўлган ҳар бир йигит-қизга диққат қаратиб, савол ва мурожаатларига баҳолиқудрат жавоб беришга ҳаракат қилди.  

 

ЖИНОЯТЛАР 212 ТАГА КАМАЙГАН

Ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида қайд этилган мазкур кўрсаткич, бир ҳисобдан, кишини хурсанд қилади. Демак, профилактика тадбирлари бесамар кетмаяпти. Буни қарангки, айрим ҳудудлар, масалан, Хоразм вилоятининг Боғот ва Янгиариқ туманларида икки йилдирки, жиноятчилик тугул, ҳатто биронта ҳуқуқбузарлик ҳам содир этилган эмас.

— Бундай ижобий натижа ўша жойлардаги профилактика инспекторлари ўз ишини сидқидилдан бажараётгани, асосийси эса, республика миқёсида йўлга қўйилган тизим самарали эканидан далолат беради, — вазиятни изоҳлади Исломиддин Ҳолиқов. — Албатта, ҳозир хотиржамликка берилишнинг мавриди эмас. Вояга етмаганларнинг қинғир ишларга қўл уриши давом этмоқда. Биринчи ўринда, ўғрилик турибди. Аслида жиноятларнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммаси ҳам фалокат ва у билан муросасиз курашмоқ керак. Президентимиз ички ишлар органлари ходимлари билан учрашганида жиноятларнинг оқибатини бартараф этибгина қолмай, сабабларини ҳам ўрганиш, туб илдизига етиб бориш зарурлигини қайд этганди. Ўшандан буён соҳага доир қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилиб, профилактика инспекторлари зиммасига наинки вояга етмаганлар, балки микроҳудуддаги жамийки ёшлар контингенти билан ишлаш, профилактика тадбирларини эса, маҳалла, таълим муассасалари ва албатта, ота-оналар билан баҳамжиҳатликда олиб бориш вазифаси юклатилди. Яна бир нарсани эслатиб қўяй: энди ҳар бир туман ёки шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, шунингдек, маҳалла оқсоқолининг ҳам ёшлар масаласи бўйича ўринбосари ва маслаҳатчиси бор. Мазкур икки институтнинг жорий қилиниши ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни йўқ қилиш давлатимиз учун нечоғлиқ принципиал аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

 

НЕГА МАҲАЛЛА БЕФАРҚ?

Зангиота озиқ-овқат коллежи ўқувчиси Иброҳим Жўраев бир болага етти маҳалла ота-она эканини таъкидлаган ҳолда, жиноятчилик билан курашиш борасида барча масъулиятни ички ишлар органлари зиммасига юклаш нотўғрилиги ва унинг фикрича, маҳалла фаоллари ҳам милиция ходимларига елка тутиши даркорлигини айтди. Шу билан бирга, тенгдошимиз айни масалада маҳалланинг ўрни деярли билинмаётгани, “Суюнчи” фильмидаги Анзират бувига ўхшаган сўзи ўткир, забардаст “Қишлоқ виждон”лари камёблигини ҳам афсус билан қайд этди. “Бола дарсга бориш ўрнига кўчада тентираб юрса ёки интернет кафеда беҳуда вақт ўтказса-да, бировнинг иши йўқ! Нега маҳалла бефарқ?” — дея сўзини якунлади И.Жўраев.

— Маҳалла бефарқ эмас, — жавоб берди мутасадди ташкилот вакили Азим Мирзажонов. —   Маълумот учун айтиб қўяй: оқсоқол ва профилактика нозири ҳар куни соат 8 дан 10 гача “Давомат рейдлари”ни ўтказади. Яъни улар иш кунини таълим муассасаларида бошлайди. Уч ой олдин мазкур тажриба илк маротаба Наманган шаҳрининг “Орзу” маҳалласида қўллаб кўрилганди. Самара бергани учун республика бўйлаб оммалаштирдик. Натижасини рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Мана, боя Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан вакил айтди: таълим муассасаларида жиноятчилик бир йилда 82 тадан 64 тага камайган. Бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Тизим борлиги ва механизм тўғри ишлаётгани учун кўрсаткичлар борган сари пасаймоқда. Анзират бувилар ҳозир ҳам бор, дўстим. Юрт кезсангиз, кўрасиз бундай жонкуяр инсонларни.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши масъул ходими Акмал Алимовнинг сўзларига қараганда, шу ҳафта мобайнида юртимизнинг барча ҳудудларида ташкилот фаоллари томонидан “Ўқувчи рейдлари” ўтказилди. Фарзандининг ҳолидан бехабар ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

— Кўп кулфатлар бекорчиликдан келиб чиқади, — таъкидлади А.Алимов. — Ҳозирда уюшмаган, яъни ҳеч жойда ўқимайдиган ва ишламайдиган, бирон машғулот билан банд бўлмаган ёшларни ўз қанотимиз остига олишга, ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қиляпмиз. Вилоятлардаги Ёшлар марказларида улар учун тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Айримларини иш билан таъминладик.

— Мен “Давомат рейдлари” ҳақида икки оғиз қўшимча қилмоқчиман, — деди Тошкент давлат юридик университети доценти Эшмуҳаммад Қодиров. — Тан олиш керак, ҳозирги ёшлар тарбиясидаги қусурларда биз, педагогларнинг ҳам қисман айбимиз бор. Энг катта душман, иллат бу — лоқайдлик. Ўқитувчи беш-олти соат дарсини ўтиб, уйига жўнаворадиган шахс эмас. У — зиёли, тарбиячи. Синфи ёки курсидаги ҳар бир ўғил ёки қизни фарзандидек кўриши керак. Шундай экан, одам қандай қилиб ўз боласига бефарқ бўлиши мумкин? Яшириб нима қилдик: кейинги йилларда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларимиздаги аҳвол жуда издан чиқиб қолганди. Ўқувчиларнинг 40 фоизигача дарсга келмай юрган. Тасаввур қилинг-а, 40 фоиз!!! Бу — факт! Юрист сифатида бир нарсани ёшларимизга уқтириб қўяй: жиноят сари йўл қонунга итоатсизликдан бошланади. Ўн икки йиллик умумий ўртатаълим ҳамма учун мажбурий. Дарсга келиш шарт, ўқиш бурчимиз. Бордию, бола шу каби элементар қоидаларни писанд қилмас экан, эртага ҳуқуқбузар бўлиши, ундан кейин эса, жиноятчига айланиши ҳеч гап эмас.

 

УЛАР БЕГОНА ЭМАС — ЎЗИМИЗНИКИ!

Мунозарага ҳурматли педагогнинг ҳамкасби, ТДЮУ профессори Феруза Муҳиддинова ҳам қўшилди:

— Жуда оғриқли масала кўтарилди, рости, жим ўтиришга сабрим етмади. Иккинчи жаҳон уруши даврида етим қолган турли миллат болаларининг бошини силаб, меҳрини аямаган бағрикенг халқмиз. Энди ўйлаб кўринг, наҳотки шу халқ ўз фарзандларига бефарқ бўлолса?! Президентимиз жаҳон минбаридан туриб дунёдаги 2 миллиард ёшни “зўравонлик вируси”дан ҳимоялаш, таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш масаласини кун тартибига қўяётган бир пайтда илм олиш ўрнига интернет кафеда онгини заҳарлаётган қорачиқларимизга бефарқ бўлишга ҳаққимиз борми? Ахир, улар бегона эмас — ўзимизники-ку! Бугун ёшларимиз ўқимаса, уларга мамлакатни қандай қилиб ташлаб кетамиз? Ҳамма талаб қилишни билади, лекин бизда бурч ва масъулият ҳам борлигини унутмайлик. Мамлакат, миллат фарзандларининг тарбияси учун ҳамма бирдай жавобгар.

 

ЖАЗО ЧОРАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Тошкент давлат юридик университети талабаси Оллоёр Абдуллаев юртимизда ёшлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилиги профилактикасининг қандай замонавий усуллари қўлланилаётгани билан қизиқди. Саволга жавобан И.Ҳолиқов қуйидагиларни маълум қилди:

— Ҳар бир оилага киряпмиз. Илгари бу тизим яхши ривожланмаганди. Қонунчиликда фарзанд олдидаги бурчини унутиб, ота-оналик вазифасини бажара олмаётган шахсларга жавобгарлик белгиланган. Ўтган йили 20 минг нафар фуқаро маъмурий жазога тортилганди. Бу йили 32 мингдан ортиқ иш кўзғатилган. Ҳозир ҳукумат доирасида нобоп ота-оналарга нисбатан жазо чораларини кучайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

— Ота-боболаримиз “Залолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак”, деган шиорни илгари сурган, — таъкидлади И.М.Губкин номидаги Россия нефть ва газ университети филиали талабаси Рустам Ҳайдаров. — Менингча, энг тўғри йўл ҳам шу. Ишончим комилки, ислом маърифати ҳар қандай маънавий хуружларни қайтаришга қодир. Шундай экан, нега таълим муассасаларимизда ёшларга диний таълим-тарбия берилмайди?

— Конституциямизда белгиланишича, диний ташкилотлар давлатдан ажратилган, — қайд этди Акбар Эшмуродов. — Диний таълим берувчи муассасалар ҳам алоҳида. Мутлақо ҳақсиз, ислом жуда қудратли қурол. Лекин исломий тарбия олиш учун мактаб ёки университетлар ўқув дастурига махсус фанлар киритишга ҳожат йўқ. Тарбия оиладан бошланади. Бундан ташқари, юртимизда диний адабиётлар ҳам керакли миқдорда чоп этилмоқда. Ислом маърифатини халқ орасида кенг ёйишга имом-хатибларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшаётир. Танганинг бошқа томонини ўйлайлик: бугун ислом динини ниқоб қилган манфур кимсалар қанчадан-қанча террорчилик ҳаракатларини содир этиб, бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётгани бор гап. Улар ҳам ўзларини диндан хабардор, исломий тарбия олган шахс, деб ҳисоблайди. Натижасини эса, ҳаммамиз кўриб турибмиз…

Наргиза УМАРОВА

 

Fikr bildirish