Ҳамкорлик меморандуми

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ­раиси Қ.Қуранбаев, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев ҳамда икки ташкилот мутасаддилари, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Меморандумда икки тизим ўртасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгиланган. Хусусан, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш, шунингдек, маданият соҳасида фаолият олиб бораётган йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдодли ўғил-қизларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан самарали ишлаш тизимини шакллантириш каби устувор вазифалар амалга оширилади.

Тадбир доирасида Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унга кўра, вазирликнинг ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Узоқов бошлан­ғич ташкилот етакчиси этиб сайланди.

Феруза ЖЎРАЕВА

Fikr bildirish