Ўзимиз сабабчимиз

Синглим мендан атиги бир ёш кичик. Онам иккаламизга қарашга қийналгани учун мени бувим тарбиялаган. Бобом ва бувим билан вақт қандай ўтганини билмасдим. Бувим турли ҳикоялар, эртаклар айтар, ҳаттоки қўшиқ хиргойи қилиб, рақсга ҳам тушиб берарди… Улғайиб, оилам бағрига қайтдим…

Ёшим 18 да, коллежда ўқийман. Ҳали бировга “ақл” ўргатишга, маслаҳат беришга ёшлик қилишим мумкин. Аммо баъзи ҳолатларни кўриб-кўрмасликка ололмайман. Тунов куни қўшнимиз Ҳилола янги қўшиқларинг борми, мендагилари “уже” эскирди, хитлардан тингламоқчиман, деб қолди. Телефонимда борини кўрсатдим. У бирор қўшиқни охиригача эшитмасдан, ўтказа бошлади. Кейин бирданига телефонни узатиб, алмисоқдан қолган зерикарли қўшиқлар эшитишим, ёшимга мос шўх тароналар йўқлигини айтди. Жавобим насиҳатдек туюлди шекилли, “Нима бало қарияларга ўхшаб гапирмасанг, бу туришда ўттизга кирмасдан кампирга айланасан-ку”, — деди.

Ўйланиб қолдим, тенгқурларимни кузата бошладим. Кўрдимки, 90 фоизи “бақироқ” тароналарни эшитар экан. Камига отарчига қўшилиб ўкиради ҳам. Ўзимча хитлардан тинглаб кўрмоқчи бўлдим. Тўғриси, бошимга дарҳол оғриқ кирди…

Керак, керак, керак,

Онамга келин керак.

Қизларга гап отвурмей,

Энди уйланиш керак.

Ана сизга бугунги тенгдошларимнинг “ётволиб” эшитадиган қўшиғи. Бувим: “Санъат инсоннинг руҳий оламини озиқлантириб, эстетик завқ улашади, тарбиялайди”, дерди. Ҳа, бу қўшиқлар ҳам бизни “тарбиялаяпти”. Фақат тўғри йўналишда эмас.

Бугун овози бор-йўқлигидан қатъи назар, ҳамма қўшиқчи. Куйини ҳам ўзи басталаб, сўзини ҳам ўзи ёзади. Маиший мавзулардаги қўшиқлар бугун, айниқса, оммалашган. Ўйлаб кўринг-а,­ улар қандай қилиб инсоннинг маънавиятини бойи­та олади.

Мен кимнидир қоралаш, ёмонотлиқ қилиш фикридан йироқман. Аммо ўзбек қўшиқчилигининг буткул бошқа қиёфа касб этиб бораётганидан афсусдаман. Истаймизми-йўқми, барча муаммоларга ўзимиз сабабчимиз…

Мардона ЗОКИРОВА,

Ангрен ахборот технологиялари ва

саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Fikr bildirish