Ўғлим тенгдошлари орасида ўзини ҳимоя қилолмайди

Фарзандим 13 ёшга кирди. Ўқиши яхши. Фақат бир нарсадан хавотирдаман: ўғил бола бўлса-да, бироз қўрқоқроқ. Тенгдошлари орасида ўзини ҳимоя қилолмайди. Балки отаси билан уни жуда юмшоқфеъл қилиб тарбиялагандирмиз ёки руҳиятида биз пайқамаётган бирон муаммо борми? Маслаҳат беринг, нима қилсак бўлади?

Дурдона ОМОНОВА

Хонқа тумани

Саволга амалиётчи психолог Луқмон ­Казаков жавоб беради:

—  Бундай пайтда ўғил болани спорт тўгаракларига берган маъқул. Масалан, самбо ёки боксга. Кураш майдонида чиниққан болада қўрқув йўқолади, ирода мустаҳкамланади. Асосийси, у ўзини ўзи ҳимоя қилиш усулларини ўрганади. Тенгдошлари билан ўртада гап қочганда ҳам, бир марта жисмоний кучини кўрсатса, бас. Кейин ундан ҳайиқишади.

Лекин фарзандингиз бўлар-бўлмасга уришиб, муштлашишига зинҳор йўл қўйманг. Бордию биров билан ёқалашиб келган тақдирда ҳам, сабабини суриштиринг. Агар адолат учун курашган бўлса, койиманг. Аксинча, мақтаб қўйинг.

Бошқа томондан, қўрқоқлик синдроми болада нотўғри тарбия оқибатида ҳам шаклланиши мумкин. Баъзи ота-оналар фарзандидаги муайян интилиш, айтайлик, ўз фикрини ифодалаш ҳис-туйғулари, ўрни келганда, ҳатто жаҳлини намоён этишга йўл қўймайди. Оғзини дарҳол юмади. Натижада, фарзанд ички дунёсига биқиниб қолади, бировга ортиқча гап айтишдан қўрқади, ўзини ҳимоя қилишга журъати етмайди. Сафдошлари кўпинча бундай болаларнинг устидан кулиб, изза қилишга одатланади.

Яна бир жиҳат: ўғил бола тарбияси унда эркаклик сифатларини шакллантириш билан баравар олиб борилиши шарт. Мазкур жараёнда отанинг роли ниҳоятда катта. Ота ўз хатти-ҳаракатлари орқали фарзандига уй-рўзғор юмушларининг қайси бири оила бошлиғи зиммасида эканини англатмоғи лозим. Масалан, бозор-ўчар қилиш, уй тозаланаётганида оғир жиҳозларни суриб қўйиш ёки бузилиб қолган буюмларни созлашга ўхшаш вазифаларни уйда эркак бажариши кераклигини у яхши уқиб олсин. Бора-бора мазкур кўникма фарзандингизда автоматик даражага етади.

 

Fikr bildirish