Ўғлим қўшимча маблағ топиш мақсадида турли ғояларни таклиф қилади

— Ўғлим талаба. Ҳар куни қўшимча маблағ топиш мақсадида турли ғояларни таклиф қилади. Аммо уларнинг ҳеч бирига юрагим дов бермайди. Назаримда, у ҳали анча ёш. У эса “Менга ишонмайсиз”, дея таъна қилгани-қилган. Қандай йўл тутишни билмай қолдим.

Ҳакима ТУРСУНОВА

Тошкент шаҳри

Саволга психолог Нигора ДАДАБОЕВА жавоб беради:

— Инсондаги ишонч ҳисси уни юксакка ундовчи кучдир. Бу туйғу­ни фарзандларимизга болаликдан сингдириш зарур. Баъзилар ортиқча ишонч болани ҳаволантириб юборади, деб ўйлайди. Лекин у меъёрида бўлса, завол етказмайди.

Ўйлаб кўринг, ўзи фарзандингизга ишонасизми? Уни дўконга нон олиб келиш учун жўнатасиз-у, бирор кор-ҳол юз бермасин, дея орқасидан кузатасиз. Ёки деворга мих қоқмоқчи бўлса, йиқилиб тушмасин, қўлини болға билан уриб олмасин, дея ташвишланасиз.

Бундай ҳолатлар фарзандингизга чинданам ишонмаслигингизни кўрсатади. Болани ҳаддан зиёд авайласангиз, у журъатсиз бўлиб қолишини ёддан чиқармаслик зарур.

Ўғлингиз оилага наф келтириш мақсадида бош қотираётган экан, унинг шаштини сўндирманг, қўллаб-қувватланг. Имкон даражасида озроқ харажатни талаб этса-да, ғояларини қўллашдан хавф­сираманг. Фақат салбий жиҳатларни эмас, ижобий томонларини ҳам ўйланг. Фарзандингизга ҳам буни уқтиринг.

Fikr bildirish