Ўғрининг ҳиммати

Амакимнинг дўсти ҳикоя қилади:

“Бир йил аввал йўловчи машинада сўнгги русумдаги уяли телефонимни тушириб қўйибман. Дарров қўнғироқ қилдим. Бир ёшроқ бола жавоб берди.

— Болам, шу телефон меники эди, қайтаргин.

— Йўқ, қайтармайман, уни топиб олдим.

У гўшакни қўйди. Яна сим қоқдим. Кўтарди.

— Ўғлим, майли, телефон сенга қолсин, лекин сим картамни қайтар. Унда жуда зарур рақамлар бор эди.

— Майли. Унда сиз почта олдидаги телефон будкасига келинг. Унинг юқори қисмига қистириб кетаман.

Бордим. Айтган жойидан сим картани олдим. Арзонроқ телефон сотиб олиб, энди сим картани солган эдимки, қўнғироқ бўлди.

— Ака, омонатингизни олдингизми?

— Олдим.

— Майли, телефон учун раҳмат, ака.

— Болам, майли, лекин мабодо бирон кун келиб, уни қайтаргинг келиб қолса, шу рақамни сақлаб қўй.

Орадан бир йил ўтди. Йўқотилган телефонни ёдимдан ҳам чиқариб юборгандим. Кунларнинг бирида нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди:

— Амаки, яхшимисиз? Танимадингиз-а?­ ­Мен ўша — телефонингизни ўғирлаган боламан.

— Ҳа яхшимисан, ўғлим?

— Телефонингизни қайтармоқчиман. Мендан рози бўлинг. Ўшанда залолатда юргандим. Худога шукр, Ўзи инсоф бериб, ёмон йўлдан қайтдим. Марказдаги фалон дўконга келсангиз, сизга телефонингизни беришади.

Айтган манзилига бордим. Бир йигит унга кимлигини ошкор қилмаслик шарти билан ушбу омонатни ташлаб кетганини айтиб, телефонимни қўлимга тутқазди…”.

Даврон ТОЖИАЛИЕВ,

журналист

Fikr bildirish