Беш йилдан кейин вазият тубдан ўзгаради

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Президентимиз “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ўз аҳамияти нуқтаи назаридан тарихий саналувчи ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Экспертлар, ҳеч муболағасиз, уларнинг ижроси яқин беш йил ичида Ўзбекистон илм-фанидаги вазиятни буткул ўзгартириб юбориши мумкинлигини таъкидламоқда. Тафсилотларни Ўзбекистон Фанлар академиясининг табиий фанлар бўйича вице-президенти, биология фанлари доктори, профессор Иброҳим Абдураҳмоновдан билиб олдик.

— 2016 йилнинг 30 декабрь куни Шавкат Мирзиёев академиклар билан учрашганида илм-фанни тубдан ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида гапирганди. Шундан сўнг, қисқа муддатларда соҳа ривожи, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш, яратилаётган интеллектуал маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга доир йигирмага яқин давлат аҳамиятидаги ҳужжат қабул қилинди. Биринчи навбатда, муқаддам Фанлар академияси таркибидан чиқарилган илмий-тадқиқот муассасалари: Математика, Ядро физикаси, Ион-плазма ва лазер технологиялари, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори, Шарқшунослик институтлари ва бошқалар яна академияга қайтариб берилди. Фанлар академиясининг Навоий бўлими очилди, Хоразмдаги Маъмун академиясининг моддий-техник базаси кучайтирилди. Куни кеча эълон қилинган Президентимизнинг “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ниҳоятда қимматли ва тарихий аҳамиятга эгадир. Мен уни юртимиз илм-фанининг келгуси тақдирини белгилаб берувчи ўзига хос ҳаракатлар стратегияси, дея оламан.

Қарорни тайёрлаш жараёнида кўплаб эксперт ва мутахассислар жиддий ишлади. Ҳужжатда биринчи навбатдаги масала сифатида илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш белгиланган. Бу бўйича 2021 йилгача бажариладиган ишлар (қарорда улар комплекс чора-тадбирлар деб номланди) бандма-банд ёзиб чиқилган. Энг аввало, ҳар бир илмий муассаса реконструкция қилинади ёки капитал таъмирланади. Уларнинг аҳволини жойларга чиқиб кўрдик — бинолари 40-50 йиллаб таъмирланмаган, мебель жиҳозлари, канализация ва электр тармоқларигача эскириб кетган.

Иккинчидан, ўрганишлар жараёнида ҳозир бизда мавжуд фан тармоқларининг ўзи билангина кифояланиш жоизми, ­деган савол ўртага ташланди. Йўқ, жоиз эмас. Шу туфайли қарорда фаннинг янги, илғор йўналишлари (масалан, ­кимёвий геномика, феномика, персоналлаштирилган тиббиёт, персоналлаштирилган қишлоқ хўжалиги, тизимли биология кабилар)ни Ўзбекистонга олиб кириш ва ривожлантириш, эскирган йўналишлар ва тадқиқотлардан воз ­кечиш масаласи кўндаланг қўйиляпти.

2018 – 2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам махсус дастур тасдиқланди. Илмий лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, зарур материаллар, реагентлар, бутловчи қисм­лар билан таъминлаш учун 30 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилди. Ушбу харажатлар асосан Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан узлуксиз равишда қоплаб борилади. Бундан ташқари, истиқболда эҳтиёжга қараб янги лабораториялар ташкил қилинади. Масалан, ўзим раҳбарлик қилаётган Геномика ва биоинформатика марказида биохавфсизлик лабораториясини очишни мўлжаллаяпмиз.

Яна бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман: Президент қарори асосида илмий-тадқиқот муассасаларини молиялаштириш тизимига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Биласиз, бизда олимлар грант маблағлари ҳисобига кун кўради. Яъни, давлат ёки халқаро грантларни ютиб ололсагина илм қилиши мумкин. Лекин бу ҳолатда маблағнинг асосий қисми ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга сарфланади. Борди-ю, кутилган натижа чиқмаса, ҳаммасини қайтадан бошлаш керак. Яна пул излашга киришасиз. Мана шунинг учун ҳам қарор лойиҳаси тайёрланаётганда барча илмий-тадқиқот муассасаларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш таклифи берилди. Келаси йилдан мазкур тизимга вазирлик ва идораларнинг гуманитар ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга эга давлат илмий-тадқиқот муассасалари ўтказилади. Қолганларни йирик корхона ва ташкилотлар ўз оталиғига олиши кўзда тутилган. Сабаби уларда илм-фан ривожига инвестиция киритиш имконияти бор. Муҳими, ҳар икки ҳолатда олимларнинг оладиган маоши тайин бўлади.

Бироқ грант тизимидан тўлиқ воз кечаётганимиз йўқ. Бу амалиёт бутун дунёда мавжуд, бизда ҳам қолади, фақат илм-фан тармоқларини молиялаштиришнинг қўшимча манбаи сифатида. Боз устига, энди грант маблағларини тўлиғича тадқиқот ишига сарфлаш керак бўлади.

Бошқа бир жиҳатга эътиборингизни қаратсам. Қарорда Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссиясига 2018 – 2022 йилларда Давлат комп­лекс мақсадли илмий-тадқиқот дастурлари концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Ҳар бир дастур, ҳозирча уларнинг сони 12 та, мамлакат иқтисодиётининг муайян соҳасига тегишли бўлади (биринчи ўринда биотехнология, муқобил энергия манбаларини яратиш каби республикамиз учун устувор йўналишлар танланган). Охирги нуқта ишлаб чиқаришдаги реал муаммони ҳал этиш, рақобатбардош, илмий ҳажмдор маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан якунланиши керак. Мазкур жараёнга ҳамма: илмий муассасадан тортиб, олий ўқув юртларию, манфаатдор ташкилот, идора ва ҳатто сармоядорларгача жалб қилинади. Айтайлик, ҳозирги кунда республикамиз аҳолисида маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи тайёр дори препаратлари, биологик фаол қўшимчалар, диагностика ҳамда бошқа турдаги тиббиёт воситаларига катта эҳтиёж бор. Бу бўйича алоҳида Давлат илмий-тадқиқотларнинг кенг қамровли мақсадли дастури тайёрланиши мумкин (ишланмаларни патент­лаш ва коммерциализация жараёни, яъни потенциал сармоядорни топиб, саноат миқёсида ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳам шунинг ичига киради). Уни амалга оширишда Фанлар академияси билан бирга Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари тизимидаги илмий ва таълим муассасалари, қатор идоралар қошидаги тармоқ илмий-тадқиқот инс­титутлари, фармацевтика корхоналари иштирок этади. Бу бутун бошли илмий шаҳарчани яратишдек гап. Мақсадли дастур давлат буюртмаси ҳисоблангани учун бюджетдан молиялаштирилади. Лойиҳани эса, хал­қаро миқёсда обрў-эътибор қозонган олим ёки олимлар бошқаради. Координатор Фанлар академияси тизими ёки биронта таълим муассасасидан чиқиши мумкин, бунинг фарқи йўқ. Кимнинг куч-салоҳияти етса, тизгин шунинг қўлида бўлади.

Давлат комплекс илмий-тадқиқот дастурларининг оддий грантлардан фарқи шундаки, улар “эгилувчан тизим” асосида бажарилади. Бу нима дегани? Ҳозир биронта илмий ҳажмдор маҳсулот яратаман десангиз даст­лаб фундаментал, кейин амалий, ундан сўнг инновацион тадқиқотга қўл уришингиз керак. Лекин маҳсулот тажрибада синаб кўрилганида, муайян камчилиги чиқиб қолиши ёки қайсидир жиҳати билан ишлаб чиқарувчини қаноатлантирмаслиги мумкин. Шунда яна дастлабки бўғинга қайтиб, фундаментал тадқиқотни қайтадан бошлашга тўғри келади. Унгача 4-5 йил вақт бой бериб қўйилади. Бундай йўқотишларни бартараф этиш мақсадида ривожланган давлатлар “эгилувчан тизим”ни қўллайди. Агар уни тўнкарилган пирамида шаклида тасаввур қилсак, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ­параллел равишда олиб борилади. Натижа дарҳол текшириб кўрилади. Бирон нуқсон аниқланса, шу заҳотиёқ фундаментал тадқиқот билан шуғулланувчи гуруҳга қайтарилади.

Комплекс дастурда бир нечта гуруҳ иштирок этиб, ҳар бирига тегишли маблағ ажратилади. Ижрочи берилган вазифанинг уддасидан чиқолмадими, лойиҳани бошқа олимлар давом эттиради. Шундай қилиб, соғлом рақобат шаклланади, иш унумдорлиги узлуксиз мониторинг қилиб борилади — дастур координатори ҳаммаси учун жавобгар.

Ҳозир давлат фаннинг барча йўналишларини бирданига кўтаряпти. Иш кўлами ниҳоятда катта. Лекин ҳозиргидек эътибор ва шароитлар бундан кейин ҳам бўлса, кўзланган марраларга етишимиз аниқ. Давлат бизга қарорда белгиланган маблағдан ташқари яна 10 миллион долларгача қўшимча маблағ ажратяпти. Керакли асбоб-ускуналар харид қилиш, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва тажрибасини оширишга имкониятимиз бор. Ҳар йили 50 нафардан стажёр-тадқиқотчи Фанлар академияси институтларига бюджет ҳисобидан мақсадли қабул қилинади. Ваҳоланки, стажёрлар институти бизда деярли йўқолиб кетганди. Чунки олий ўқув юртининг битирувчисини ё илмий ходим, ё мутахассис ёки докторант сифатида ишга қабул қилишимиз керак. Аммо унда кўникма етишмайди. Мана шу муаммони Президентимиз ҳал қилиб берди. Икки йиллик стажировка давомида ёш мутахассиснинг қобилиятини холисона баҳолаш: у фанда қоладими, ишлаб чиқаришга жалб қилинадими, коммерциализацияда ишлайдими аниқ билиш мумкин бўлади. Мутахассислар сифати ҳам шу зайлда ошириб борилади. Бошқа томондан, эндиликда юртимиздаги ёш илмий кадрларга ҳам давлат ҳисобидан хорижда малака ошириш имкони яратилмоқда. Илк номзодлар саралаб олинган. Бунинг учун Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси ҳузурида махсус жамғарма ташкил этилди. “Истеъдод” жамғармаси билан ҳам ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

Албатта, Президентимизнинг “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мус­таҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бир йиллик иш эмас. Самарани камида беш йилдан кейин кўришимиз мумкин, Муҳими, биринчи залворли қадам ташланди. Насиб қилса, тез орада олимларимизнинг меҳнат қилиши учун муносиб шароит яратилади. Кейин ишлашга иштиёқ пайдо бўлади. Ҳаммаси ҳали олдинда…

 

Наргиза УМАРОВА ёзиб олди.

Fikr bildirish