Битта бўлса ҳам кўп

Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари — Жамшид Султонов, Рустам Эшимбетов, Халқ таълими вазирлиги бўлими бошлиғи Акбар Тоғаев, Олий суд катта консультанти Мирусмон ўиёсов, психолог Замира Азимова ҳамда Ёшлар иттифоқи фаоллари, педагоглар иштирок этди.

Сессияда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг бугунги аҳволи, уларга сабаб бўлаётган омиллар, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мазкур жараёнда ижтимоий ҳамкорликнинг ўрни хусусида сўз юритилди.

Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Уни қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила ва жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Маънавий илдизларини билган бола жиноят кўчасига қадам босмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.

Маълумотларга кўра, ўсмир ва ёшлар ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишига икки юзга яқин омил туртки бўлар экан. Асосийларидан бири оиладаги носоғлом муҳитдир.

Тарбияси нўноқ бола бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради.

— Айрим болалар мунтазам тарзда оилавий низолар гирдобида қолиб кетмоқда. Бундай ҳолатда фарзанд уйидан безиб, дардини кимга айтишни билмай, таш­қаридан нажот излайди. Табиийки, шу пайтда уни исталган йўлга бошлаш мумкин, — дейди психолог З.Азимова. — Бола учун қайғуриш уни фақат моддий таъминлаб қўйиш дегани эмас. Оилада боланинг эҳтиёжлари, ҳис-туйғулари, хоҳиш-истаклари инобатга олиниши шарт. Шунда у ота-онасига кераклигини, оилада ўз ўрни борлигини ҳис қилиб яшайди. Йўқса, “мен билан кимнинг, нима иши бор…”, деган фикр онгида ўрнашиб қолиши ҳеч гап эмас.

Тадбир қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Ёшлар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ички ишлар органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ш.АБДУЖАМИЛОВА

 

Fikr bildirish