Кўзгу (эртак)

Бу воқеа кўп асрлар муқаддам қадимий Кореянинг олис қишлоғида юз берганди. У замонларда одамлар жуда камбағал кун кечирар, фақат заминдорлар ўзига тўқ бўлиб, бозорга ҳам фақат улар бора олар экан. Корейсларнинг одатига кўра, аёллар бозор-ўчар қилмас, бу юмуш фақат эркакларнинг зиммасида эди.

Ўша қишлоқда Чолсу исмли йигит бўлиб, унинг оиласи қишлоқнинг энг бадавлат хонадонларидан бири эди. Улар серҳосил, серсув катта ерга, беҳисоб мол-мулкка эга экан.

Чолсу уйлангач, отаси хўжаликни бош­қаришни унга топширибди. У барча ишларни кўнгилдагидек бажарар ва ҳафтада бир марта бозорга тушиб, уйга керакли нарсаларни харид қиларкан. Шундай кунларнинг бирида Чолсу бозор айланиб юрса, қуёш нурида ялтираб турган бир ажабтовур нарса унинг диққатини тортибди. Чолсу ўша дўкон томон ошиқибди.

— Бу не ғаройибот бўлди, — деб кўзини қамаштириб турган буюмни қўлига олибди-ю, шошиб қолибди. — Ия, бу йигит ким бўлди? — деди ҳайратини яширолмай сотувчига қараб.

Сотувчи кулиб:

— Бунинг номи кўзгу. Бу йигит эса, сизнинг ўзингиз, — дебди.

— Қўйсангиз-чи, бу мен эмасман, — дея ҳайрон бўлибди Чолсу.

— Кўзгуга қараган инсон ўз аксини кўради, — дебди сотувчи.

Бундай ажойиботни умрида кўрмаган ва эшитмаган Чолсу кўзгуни айлантириб томоша қилар, ҳар замонда “Жуда зўр-ку, менинг кўринишим шунақами? Бурним жуда катта, қош-кўзим, сочимнинг ранги қора экан-да. Оббо, биз қишлоқда меҳнат қилиб юравериб, бундай ғаройиботлардан бебаҳра қолибмиз-ку”, — деб қўяр эди.

Чолсу дўкондор айтган нархга кўзгуни сотиб олибди. У кўзгуни уйидагиларига кўрсатиши билан ҳамманинг оғзи ланг очилиб қолишини ўйлабди. Ҳатто қўни-қўшнилар ҳам уни кўргани чиқиб, қишлоқда дув-дув гап тарқалишини ўйлаб жилмаяр, отдан тушиб кўзгу хуржунидан тушиб қолмаганини тез-тез текшириб қўяркан.

Йигитча хаёллар оғушида қишлоққа қандай етиб келганини ҳам билмай қолибди. Аммо шу маҳалда кўзгуни ҳаммага кўрсатиш фикридан қайтибди. Қўни-қўшнилар уни қўлма-қўл қилиб юборса, кўзгу синиб қолишидан қўрқибди.

Чолсу кўзгуга жуда боғланиб қолибди. У рафиқасидан яширинча кўзгуни Ой, Қуёш ёруғида кўрар, уларнинг аксини қизиқиб томоша қилар эди. Турмуш ўртоғидаги бу ўзгаришдан ҳайрон қолган Инсо пайт пойлаб, кўзгуни томоша қилаётганида уни “қўлга туширибди”.

— Қани айтинг-чи, бу нима? Ўтган ҳафта Сеулга бориб келганингиздан буён ўзгариб қолгансиз. Сабаби шу матоҳ экан-да! Қани, менга беринг-чи, — деб турмуш ўртоғининг қўлидан кўзгуни тортиб олибди.

Чолсу бўлса, жон ҳолатда “Эҳтиёт­ бўл, синдириб қўясан”, — деб бақириб юборибди. Инсо унинг тутақиб кетганига эътибор ҳам бермасдан кўзгуни томоша қила бошлабди. Жаҳл билан: “Мана бу думалоқ юзли аёл ким бўлди? У қандай қилиб бизнинг уйимизга кириб қолди? Ҳой, сен ким бўлдинг, гапирсанг-чи?” — деб кўзгуга ўшқира кетибди. Ишнинг бу даражада чигаллашишини хаёлига ҳам келтирмаган Чолсу: “Инсо, нима қиляпсан, менга қулоқ солсанг-чи”, — деганича қолибди.

Инсо ҳовлиқиб ташқарига югуриб чиқиб, қайнонасини чақира бошлабди:

— Ойижон, қаердасиз? Ўғлингизнинг қилган ишини қаранг! Сеулдан олиб келган нарсасини кўринг.

Буни эшитган қайнонаси югуриб чиқиб:

— Нима гап, нима тўполон? — деб сўрабди.

Йиғлайвериб кўзи қизариб кетган Инсо кўзгуни қайнонасининг олдига қўйибди.

— Мана, ўғлингиз олиб келган ёш аёл.

Чолсу энди гап нима ҳақидалигини тушунтирмоқчи экан, онаси “Сен жим ўтир”, деб оғиз очишга қўймабди. “Қани бу ўзи нима экан?”, — деб кўзгуни қўлига олибди-да:

— Келин, ақлинг жойидами, бу ёш жувон эмас, кап-катта хотин-ку. Бу аёл уйимизга қандай келиб қолди? Қани гапир!— деб ўғлини сўроқ қила бошлабди. Чолсу гапиришга улгурмасидан, ичкаридан дадаси чиқиб: “Нима шов­қин?” — дебди.

Жаҳли чиқиб турган Инсо: “Ўғлингизнинг қўлида алламбало нарса бор, унинг ичида эса ёшгина аёл ўтирибди”, — дея уввос солиб йиғлай бошлабди. Чолсу энди тушунтирмоқчи бўлса, онаси жон­ҳолатда:

— Ақлинг жойидами, келин, у ерда ёш жувон эмас, катта хотин ўтирибди! — дебди.

— Қани, менга беринглар-чи, — деб отаси кўзгуни олибди. — Сизларга нима бўлган ўзи, бу ерда ҳеч қандай хотин йўқ, аксинча, катта киши ўтирибди-ку.

— Ҳечам ундай эмас, мана, ишонмасангиз ўзингиз кўринг, — деб ҳовлиққан Инсо кўзгуни яна қўлига олиб, унда ўзини кўрибди-да, қайнота-қайнонасига тутибди. Уни ёлғончи, деб ўйлаётган қайнона ва қайнотасидан хафа бўлибди. Қайнота-қайнона, Инсо баҳслашиб, кўзгуни уч томонга торт­қилай бошлабди. Ниҳоят, Чолсу улардан кўзгуни тортиб олибди.

— Жим ўтириб, мени тингланг­лар, — деди у. — Бу ажабтовурнинг номи кўзгу. Унда ҳамма ўзининг аксини кўради. Кўзгуга қараб инсонлар ўзларининг қандай кўринишда эканини билади. Масалан, янги либос кийдингиз, унинг сизга ярашган ёки ярашмаганини ҳам кўзгу орқали кўришингиз мумкин. Қани, келинглар, барчамиз биргаликда кўзгуга қараймиз. Балки шунда ишонч ҳосил қиларсиз.

Тортишиб турган оила аъзолари биргаликда кўзгуга қараб, ҳайратдан лол қолибди. Кўзгудан тили калимага келмаётган ота-она билан жаҳлдан қизариб кетган Инсонинг акси кўриниб турарди. Ундан кейин кўзгу талаш бўлиб, ҳамма ўзининг аксини томоша қилар ва хурсанд бўлиб, бир-бирига қараб куларди.

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси.

Fikr bildirish