Маънавий муҳит харитаси

Шиддат билан ўзгариб бораётган замонимизда халқимизнинг маънавий онгини ўстириш, хусусан, ёшларни ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини шакллантириш долзарб вазифалардан биридир. Бу йўлда Республика Маънавият ва маърифат марказининг ўрни катта. Марказ томонидан “Ёшлар пресс-клуби”да ташкил этилган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштиришнинг илмий-амалий масалалари” мавзуидаги Республика илмий-амалий конференциясида айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Анжуманда маънавият ва маърифат соҳаси бўйича етакчи мутахассислар, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида соҳа фаолиятини тизимли олиб боришнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш белгиланган эди. Бугун мазкур ҳужжат асосида қайта ташкил этилган Республика Маънавият ва маърифат марказининг фаолият бошлаганига ҳам 100 кун бўлди.

Конференцияда марказ томонидан ўтган қисқа фурсат ичида амалга оширилган ишлар, келгусидаги мақсад ва истиқболли вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Таркибий тузилмаси ва ишлаш тизими янгидан ташкил этилган марказ жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакат фуқаролари, аввало, ёшлар қалбида Ватан ва миллат тақдири учун дахлдорлик, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитет ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Марказ ходимлари томонидан 100 га яқин илмий мақола чоп этилиб, 10 дан ортиқ илмий-амалий рисолалар тайёрланди. Улар орасидан мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишланган “Фидо­йинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”, Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти тўғрисида “Дунёни маърифат қутқаради”, давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг юз йиллигига бағишланган “Ифтихор” китобларининг нашр этилишини алоҳида қайд этиш жоиз. Бугунги кунда ташкилот қатор янги ғоялар устида ишламоқда. Улардан бири “Ҳудудларнинг маънавий муҳит харитаси”ни яратишдир.

— Мамлакатимиздаги маънавий-маърифий ишларни тизимли олиб бориш, жойлардаги муаммоларни тўғри таҳлил қилиш, таг-замирига етиб бориш учун ҳудудларнинг маънавий муҳит харитасини тузмоқчимиз, — дейди марказ раҳбари Алишер Қодиров. — Бу харитада Президентимиз қарорида кўрсатилган 12 та маънавий таҳдиднинг ҳудудлардаги кўрсаткичи, халқимизнинг улардан хабардорлик даражаси ифодаланади. Масалан, қайсидир ҳудудда оилавий қадриятларга эътиборсизлик бор бўлса, бошқасида диний экстремизм, терроризмга бефарқлик кучли. Тузилган харитага таяниб, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар уюштириб, тегишли ишларни амалга оширамиз. Шунингдек, марказимизда олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти тузилган. У тарғибот ишларида тизимли, изчил ва янги услубларни жорий этиш имконини беради.

Конференция қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Иштирокчилар соҳа бўйича таклиф-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 Санжар ЭШМУРОДОВ

27 thoughts on “Маънавий муҳит харитаси

Fikr bildirish