Миллий мақом санъати ривожланади

“Шашмақом”ни ўзбек халқининг мусиқий энциклопедияси, деб атайдилар. Ҳақиқатан шундай. Аммо мақом санъати билан чуқурроқ таниш инсонга бу таъриф аслида жуда жўн туюлади. Чунки “Шашмақом” фақат куй ва оҳанглар мажмуи эмас. Унда бутун миллатнинг руҳи яшайди, қўйингки, тарихи, маънавий дунёси, ҳаётий фалсафаси акс этган. Шу боис ҳам неча асрдирки, бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқлаб келинмоқда.

Бундай улкан хазинамиз борлиги биз, ўзбеклар учун фахр, албатта. Зотан, миллий мақомчилик анъаналарини ярата олган халқлар дунёда саноқли. Демакки, бу асл қадриятни асраш, чуқур ўрганиш, имкон қадар бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш ҳамиша долзарб масала бўлиб қолади. Бугун, айниқса. Фақат эндиги сафар уни ҳал этишга доир ташаббусни давлат ўз қўлига олган.

Шундай қилиб жорий йилнинг 17 ноябрь куни Президентимиз “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Юртимиз ижодкорлари, мусиқашунослар уни якдиллик билан тарихий ҳужжат, деб атамоқда. Хусусан, Ўзбекистон давлат консерваторияси мусиқий ­шарқшунослик кафедраси ­мудири, профессор Соиб Бегматовнинг фикрича, мазкур қарор ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб бериши мумкин. Биз билан суҳбатда олим ўз мулоҳазаларини батафсил бўлишди.

Қарорда Президентимиз, биринчи навбатда, миллий мақом санъатини ўрганиш масаласини кўндаланг қўйган, — дейди С.Бегматов. — “Шашмақом” ва мақом йўналишидаги асарлар, хусусан, уларнинг ижро услублари, чолғу ва ашула йўллари азалдан “устоз-шогирд” анъанаси асосида авлодларга етказилган. Кейинги вақтда ана шу тизим эътибордан четда қолиб кетганди. Бухоро, Хоразм, Фарғона-Тошкент мақомларини мукаммал биладиган, қойилмақом ижро эта оладиган санъаткорлар ҳозир камёб. Уларни бир жойга жамлаб, салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида Тошкент шаҳрида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилмоқда. У ерда фаолият юритадиган устозлар ҳудудлардаги мақом ансамблларига ижодий кўмак кўрсатади, хонанда ва созандалар учун маҳорат дарсларини ўтади, репертуаридаги куй-қўшиқларнинг ҳақиқий ва тўғрилигига эътибор қаратади.

Кейинги муҳим масала замонавий талқиндаги мақом куй ва қўшиқларини ленталарга ёзиб олиб, радио ва телевидениенинг “олтин фонди”га киритишдан иборат. Охирги марта бу иш Юнус Ражабий томонидан ўтган асрнинг 50-60 йилларида амалга оширилган эди. Лекин орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтди. Ушбу муддат ичида янги ижрочилар майдонга келди, ижро услублари сайқалланди. Ана шу ўзгаришларни “олтин фонд»га “муҳрлаб қўйиш” керак. Чунки мақомни ўрганишда замон ва макон ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

“Шашмақом” халқимизнинг мусиқий оҳанглардаги тарихидир. Бу тарих олтита буюк қисм — ­“Бузрук”, “Рост”, “Наво”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Ироқ” мақомларидан ташкил топган. Ҳар бири етмиштагача асарни ўз ичига олади. Бундай мураккаб тизимни тушуниш, мағзини чақиш на тингловчи, на ижрочи учун осон. Илоҳий истеъдоди, куйлаётган асарини талқин эта оладиган даражадаги овози ва илмий қобилияти бор ҳофизгина мақомни мукаммал куйлай олади.

Аммо бундай истеъдод соҳиблари ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларни тарбиялаш, ички имкониятларини рўёбга чиқаришига шароит яратиб бериш керак. Бежиз эмаски, қарорда республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият ва санъат коллежлари ҳамда академик лицейларда мақом санъатини ўқитиш бўйича бўлимлар фаолиятини янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур чора-тадбир замирида мумтоз мусиқа меросини халқ болаликдан ўргансин, деган саодатли мақсад ётибди. «Шашмақом» таркибида болалар ижро эта оладиган асарлар ҳам бор. Фақат уларни ўргатишда алоҳида педагогик ёндашув талаб қилинади. Шукрки, бундай моҳир педагоглар юртимизда йўқ эмас. Аксарияти болалар мақом жамоаларини тузган. Демак, мавжуд тажрибани оммалаштириш керак, холос.

Миллий мақом санъатига нафақат ёшлар, балки аҳолининг кенг қатламларини қизиқтириш айни муддао. Шу маънода Президент қарорида республика ҳудудларида таниқли мақом ижрочиларининг концертларини мунтазам ўтказиш, уларни радио ва телевидение орқали намойиш этиш, шунингдек, мумтоз ашулаларнинг мазмуни теран очиб бериладиган махсус эшиттириш ҳамда кўрсатувлар тайёрлаб, эфирга узатиш кўзда тутилмоқда. Бу жуда тўғри йўл, деб ҳисоблайман. Чунки миллий оҳанглар сеҳрини тушунган, қадр-қимматини билган инсон уларни қайта-қайта тинглагиси келаверади.

Бугун жаҳонинг ўндан ортиқ мамлакати ўз мақомига эга. Ҳиндистоннинг “Рага”си, Покис­тоннинг “Кавалли”си, Эроннинг “Дастгоҳ”и, Жазоирнинг “Нуга”си, Озарбайжон ва арманларнинг “Муғом”и, арабларнинг “Мақом”и, уйғурларнинг «Муқом»и бор. Табиийки, бу халқларда мақом санъати юксак даражада ривожланган. Улардаги забардаст ижрочилар Ўзбекистонга келиб маҳоратини кўрсатсин ва ўз навбатида, миллий мусиқий меросимиз нақадар буюклигини кўрсин, деган мақсадда Президент қарорида 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабзда ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгиланди. Бу анжуман мақомни мукаммал биладиган хонандаю созандалар учун ўзига хос маҳорат майдонига айланишига ишончим комил.

Наргиза УМАРОВА

ёзиб олди.

 

 

 

Fikr bildirish