ОТАМЕРОС (ҳикоя)

Йигирма ёшимда Қора денгиз соҳилида жойлашган қишлоқдаги беш синфли, атиги бир дона дарслик китоби асосида машғулот олиб бориладиган мактабда ёлғиз муаллимлик қилардим. Уйланмагандим. Оқшомларимни газ лампаси ёруғида китоб ўқиш, батареяли радио қулоғини бураб қўйиб мусиқа тинглаш, эртанги дарсга тайёргарлик кўриш билан ўтказардим.

Мен яшаган балиқчилар қишлоғида бир дурадгор яшарди. Унинг тузуккина устахонаси ва етарлича асбоб-ускуналари бор эди. Аср пайти ўқувчиларни уй-уйига жўнатгандан кейин тўғри дурадгорнинг ёнига борардим. У яхши суҳбатдош, тўғрисўз инсон эди. Дурадгорликка ҳам қизиқардим. Карим уста билан гурунглашиб, бир­йўла кичикроқ қутичами, расм гардишими шунга ўхшаш буюмларни ясардим. Дурадгор ҳам бир томондан ўзига шерик топгани, иккинчи томондан менга ёрдам бераётганидан хурсанд эди.

Уста мактаб кўрмаган, лекин ўзига керакли даражада ўқиш, ёзишни мус­тақил ўрганганди. У тўғри фикрлар, янгиликларни тезда қабул қиларди. Мендан доимо дунёда қандай воқеалар рўй бераётгани ҳақида сўрар, айниқса, тарихга оид саволларга кўмиб ташларди. Орада: “Ҳадеб мен сенга ўргатавераманми, сен ҳам менга бирор нарса ўргатгин-да!” — деб ҳазиллашар, бу билан мени хурсанд қилмоқчи бўлар эди. Кейин яна қўшимча қилиб: “Тахта-ёғоч иши ўз йўлига, аммо ҳаётимизда бўлиб ўтган ва бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хулоса чиқариш муҳим. Фақат ўқувчиларга билим бериш билан чекланмасдан, оддий кишилардан ҳам ёрдаминг­ни аяма!” — деб жилмаяр, яна саволга тутарди. Дунёнинг қандай яратилгани, мамлакатлар ўртасида ер-мулк учун олиб борилган низолар, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ саволларнинг охири кўринмасди. Уруш тугаганида мен ўн ёшда, у эса ўттизда эди. Уруш ҳақидаги саволларнинг кўплигидан баъзан эсанкираб қолардим. Шундай пайтларда: “Иккинчи жаҳон уруши йилларида мен ҳали ёш бола, сиз эса кап-катта инсон бўлгансиз, уруш тўғрисида мендан кўпроқ нарса билсангиз керак”, — дея ундан зиёдроқ маълумотга эга эканимни сездирмасликка, шу орқали кўнглини кўтаришга ҳаракат қилардим. Шунда уста ишини тўхтатиб, рўмолчаси билан терини артиб, азбаройи тамаки чекаверганидан сарғайиб кетган мўйловини силар, нотўғ­ри гапираётганимга ишора қилиб: “Ақл ёшда эмас, бошда!” — дерди.

Бир куни у яна шу мавзуда суҳбат бошлади. “Тўлаган солиқларимиз билан давлат сизларни интернатларда ўқитди”, — деди. Кейин бир муддат жим туриб, яна давом этди: “Яшаётган уйларингизнинг қурилишига ишлатилган цемент, оҳак, қум-шағал, ғишт, тахта ва ёғочлар осмондан тушгани йўқ. Улар халқнинг давлат ғазнасига тўлаган солиқлари эвазига бунёд бўлди. Сиз бу маблағлардан беармон фойдаландингиз. Шунинг учун ҳам сен болаларни ўқитиш билан чекланмаслигинг керак. Яъни, судья фақат жазо тайинловчи давлат хизматчиси, шифокор фа­қат беморга дори-дармон рўйхати ёзиб берувчи тиббиёт ходими бўлмаслиги керак. Шифокор қаерда бўлмасин аҳоли ўртасида соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилиши, агроном эса деҳқонларга қишлоқ хўжалиги экинларини қандай парвариш қилишни ўргатиши лозим. Хулласкалом, сен кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, халқ фарзандларига таълим-тарбия беришинг керак. Боз устига, қишлоқда яшайдиганлар ўртасидаги уриш-жанжалларнинг сабабини топишинг, бунга монеълик кўрсатишинг даркор”, — дея сўзини бирдан якунлади. Чунки узоқдан чамаси тўққиз-ўн нафар киши бир қайиқни елкаларида ортмоқлаб келаётган эди. Дурадгор уларни кўриб, ҳайрон бўлди. Қайиқни устахонанинг олдига олиб келиб, елкаларидан туширди. Ораларидан бир киши ажралиб: “Карим уста, қайиқни энига ўртасидан кесиш керак”, — деди буйруқ оҳангида. Устанинг ҳайрати янада ошди: “Эсингни еганмисан?!” — деди шошилиб. “Ҳа, кес ўртасидан!” — деди бошқа биров қатъий оҳангда. Уста кеса олмаслигини айтганида иккала одам бирдан: “Ҳақингни оласан, нега кесмас экансан?!” — деб оёқ тираб олди. Карим уста: “Менга қаранглар, бу ишни нега қилаётганингизни англаб турибман. Биламан, бу қайиқ отангиздан мерос қолган. Лекин у сиз ўйлагандек ўртасидан кесиб бўлишиб олинадиган нарса эмас. Яхшиси, қайиқнинг ярим пулини бирингиз тўланг-да, меросни ўзингизга қолдиринг! Қайиқни иккига бўлгандан нима фойда?.. Жаҳл чиқса, ақл кетади. Бу ишингиз яхши эмас!” — деб маслаҳат берди. Аммо ака-ука шаштидан қайтмади. Улардан бири жуда асабий ҳолатда: “Меҳнат ҳақингни ол-да, вазифангни индамай бажар! Бизга ақл ўргат, деб келганимиз йўқ олдингга”. Қолганлар лом-мим демасди. Уста уларга юзланиб: “Сизлар нима дейсизлар?” — деб сўради. Бир киши: “Ҳар қанча уринсак ҳам уларни фикридан қайтара олмадик. Иккаласи ҳам ўз қарорида қатъий туриб олган”, — деди. Яна бири: “Аввал болта билан кесмоқчи бўлди. Ундай қилманг, ҳеч бўлмаса товуқхона ясанг, отангиздан қолган эсдалик бу ахир, ўтин қилиб юборгандан кўра товуқларга бошпана бўлиб тургани дурустлигини айтганимдан сўнг, улар болта билан кесишдан воз кечиб, мана кўриб турганингиздек, бу ерга келди”, — деди. Карим уста ака-ука томон ўгирилиб: “Тамал раис, Солиҳ раис, илтимос, бундай қилманг, айб бўлади, ахир!” — деди. Улар яна жаҳл отига минди: “Биз сендан насиҳат эшитгани келмадик!” деб, устахонанинг олдида турган болтани олиб қайиққа ураман деб турганида, атрофдагилар уни ушлаб қолди. Чорасиз қолган Карим уста: “Майли, нима бўлса, бўлди”, — дея кесишга рози бўлди.

Мовий рангга бўялган бу чиройли қайиқнинг иккига бўлиниш жараёнини изтироб билан кузатдим. Қайиқ нимталангач, улар икки бўлакни елкаларига ортиб, орқасига қайтди.

— Яхшиям сен аралашмадинг, бўлмаса сени ҳам дилингни оғритиб қўйишар эди, — деди уста аламли кулимсираб.

— Бироз аввал уриш-жанжалларни бартараф этишинг керак, деган эдингиз-ку! — дедим ҳайрон қолиб.

— Булар ўта қайсар одамлар! Қишлоқда бир неча йил яшасанг, ҳамма нарсани билиб оласан. Ёғоч, тошга гап уқтириб бўлмаганидек, уларга ҳам насиҳат қилиш бефойда. Олдин қиз узатиб, кейин эридан ажратадиганлар хилидан булар. Ўттиз йилдан буён тинч яшаб келаётган бола-чақали опа-синг­илларини турмушидан ажратиб юборадиганлар ҳам ана шулар. Эшакдек қайсар, тулкидек айёр булар.

Ботаётган қуёшга узоқ термулиб қолдим. Карим уста:

— Аср вақти бўлди. Устахонани беркитамиз энди. Иккимиз ҳам анча толиқдик, кўнглимиз ранжиди. Қаҳвахонага бориб, биттадан қаҳва ичайлик, — деди.

Йўлга тушдик.

— Сенга бугунгига ўхшаш бир воқеани сўзлаб берай, — деди уста. — Илгари ўзим ҳам бунга ишонмас эдим. Бўрттириб юборишган деб юрардим. Бугун эса шахсан амин бўлдим.

— Майли, гапираверинг. Зора озгина чалғиб, бояги ҳолатни унутсам, — дедим оҳиста.

— Бир куни бир одамнинг бузоғи арпа емоқчи бўлиб, бошини хумга суқибди. Аммо қорни тўйгач, бошини хумдан чиқара олмабди. Орадан бир оз вақт ўтиб, бузоқ бўғила бошлабди. Эгаси югуриб келиб, қанча ҳаракат қилмасин, ҳеч фойдаси бўлмабди. “Бузоқни қутқара олмаганимга яраша ҳеч бўлмаса хумдан айрилиб қолмай”, — деган хавотир билан бузоқнинг бошини танасидан жудо қилибди. Аммо қарасаки, бузоқнинг боши барибир хумнинг ичида қолган. Қўли билан бузоқнинг бошини чиқаришга ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмабди. Шундан сўнг хумни синдириб, бузоқнинг бошини олиб, кесилган ўтинларнинг устига қўйибди. Бузоқни жуда ҳам яхши кўрган болалари танасидан жудо этилган каллани, жониворнинг кўзида қотиб қолган ёшни кўриб, чидай олмай уввос солиб йиғлай бошлабди. Йиғи овозини эшитган қўшни югуриб келиб: “Нима бўлди, тинчликми?” — дебди. Ҳам бузоғидан, ҳам хумдан айрилган аламзада одам бўлган воқеани қўшнисига сўзлаб берибди. Қўшниси унга жавобан: “Э хумкалла, сал ақлингни ишлатиб хумни синдирганингда, жайрондек бузоғингдан айрилмаган бўлардинг”, — дебди. Бояги одам: “Нега аввалроқ келиб шу маслаҳатингни бермадинг?” — дея белидаги тўппончасини олиб, қўшнисига ўқталибди. Бу орада атрофдагилар: “Қўшнингдан айрилиб қолма!” — деб қўлидаги тўппончани амаллаб ундан тортиб олибди”.

Мерос қолган қайиқ можаросига Карим устанинг айтиб берган ҳикояси қўшимча бўлди. На кулги, на қич­қириққа ўхшаш овоз бўғзимдан отилиб чиқди.Уста сўради:

— Ҳа, нима бўлди?

— Нима ҳам бўларди, мовий рангга бўялган қайиқнинг иккига бўлинишидан қалбимга кирган ғашлик тарқалмасдан туриб синган хум, жайрон кўзли бузоқнинг калласи кўз олдимда гавдаланди… Ақлдан озишимга оз қолди, — дедим.

Ўша воқеадан кейин мана, орадан роппа-роса ўттиз беш йил ўтди. Лекин қачонки мерос тақсимотига дуч келмайин, ака-ука Тамал ва Солиҳ раисларнинг қайиқни ўртасидан кесиб юборгани, бунинг устига Карим уста айтиб берган хум ҳикояси ёдимга тушаверади…

 Турк тилидан

Камола РАСУЛОВА

таржимаси.

Fikr bildirish