Орзулари чилпарчин бўлди

Анора бугун ҳам мактабга бормади. Онаси азонда уйдан чиқиб кетганидан буён қиз мижжа қоққани йўқ. “Бўлди, жонга тегди ҳаммаси, бундай ҳаётга бошқа чидолмайман!” дея аччиқланди.

Уйда унга бирон кун ҳам тиним йўқ. Эрталаб укаларига нонушта тайёрлаши керак. Кейин уларни кийинтириб, бирини боғчага, иккинчисини мактабга жўнатади. Ўзига эса, вақт ажратолмайди. Мактабдан қайтгач, пишир-куйдирга унайди. Овқат тайёрлаб, укаларини ухлатгунча кеч тушиб, кўпинча дарс тайёрлашга улгурмай қолади. Ёш бошига шунча ташвиш. Дардини бировга айтолмаса — она эрталабдан кечгача ишда. Эсини таниганидан буён шу аҳвол.

Мана, 9-синфни ҳам тамомлаяпти. Лекин шу чоққача дугоналари билан бирон марта айланиб, дам олгани йўқ. На туғилган кун, на байрамларга қўшилади. Ўзи оиласи пулдан қисилиб турган бўлса, бу харажатлар ортиқчалик қилишини тушунади, албатта.

Имтиҳонлар палласида Анора жуда қийналди. Тўғри, айб ўзида — кўп дарс қолдирди, китоб ўқимади. Аниқроғи, ўқишга имкони бўлмади. Ахир, икки норасидага энагалик қилиш масъулияти чекига тушгандан кейин нима ҳам қилсин, бечора. Бундай шароитда калласига билим кирармиди. Устига-устак, онаси ҳам: “Мактабдан кейин коллежга кирасан-да, ундан кейин ишлайсан! Бутун рўзғор юкини ўлгунимча елкамда кўтариб юролмайман”, — деб қулоғига қуйган.

Хуллас, мактабни бир амаллаб тугатиб олган Анора қўшни тумандаги коллежга ҳужжатларини топширди. Яқинроқда ёлғиз бувиси истиқомат қиларди. Йўл узоқлик қилмасин, деб онаси ўша ерда яшаб туришига розилик берди. Қизнинг қувончи ичига сиғмасди. Ахир, шунча пайтдан буён жисмини эзиб келаётган азоблардан ниҳоят қутуладиган бўлди-да.

Анора коллежда яхши ўқишга ҳаракат қилди, битта ҳам дарсни қолдирмади. Кейин эса… таътил бошланди. Аноранинг уйга қайтгиси йўқ эди. Ён-атрофдан сўраб-суриштириб, ўзига мос иш топишга уринди. Ҳарна, қўлига тўрт-беш сўм тушиб турса, онасини ёзда ҳам бувиси билан бирга қолишга кўндиришни мўлжал қилди. Омади бор экан — бир тўйхонага официант бўлиб ишга кирди.

Базмлар асосан тунги пайтда ўтказилгани боис, ишдан кейин шу қадар ҳорирдики, ҳатто уйга боришга мадори қолмасди.

Бир куни ҳамкасби Алишер уни меҳмонга таклиф қилди. Ижарада бир ўзи яшаркан. Бу йигит мудом Аноранинг кўнглини овлашга ҳаракат қиларди. Улар анчадан буён гаплашиб юрар, баъзи сирларини ҳам бир-бирига айтарди.

Қиз Алишернинг таклифига кўнди. Бир кеча бегона хонадонда меҳмон бўлиб қолди.

Орадан бир неча ой ўтиб, Анора коллеждаги ўқишини ташлади. Аҳволи кундан-кун ёмонлашаверди. Тез орада ҳомиладор эканини билди. Шу заҳотиёқ Алишер дом-дараксиз йўқолди. Келаси йили 16 яшар онанинг кўзи ёриди.

Орзулари чилпарчин бўлган ўқувчи-қиз Анора ота уйига чақалоғини кўтариб кириб келди…

Афсус…

Роҳатой ҚОДИРОВА

Fikr bildirish