Сарвинознинг орзуси ушалди

Жорий йил Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тамомлаган ­Сарвиноз Тошпўлатованинг реклама ва афишалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган бизнес-режаси мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Тенгдошимиз ушбу лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банкидан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш ниятида эди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси — 2017” кўрик-танлови унинг бу орзусини рўёбга чиқарди…

Пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган мазкур танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда Сарвиноз сингари яна 81 нафар қиз тижорат банкларининг сертификати билан тақдирланди.

Қайд этиш керак, 2013 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган лойиҳа қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, илғор ташаббус ва лойиҳаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини бераётир. Жорий йил унинг қуйи босқичларида 16 минг нафардан зиёд касб-ҳунар коллежи ўқувчиси иштирок этди.

— Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида тузган лойиҳам қўллаб-қувватланганидан мамнунман, — дейди С.Тошпўлатова. — Энди билдирилган ишончни оқлаб, реклама ва афишалар ишлаб чиқарадиган цех ташкил этмоқчиман. Оиламиз аъзолари ҳам бизнеснинг шу тури билан шуғулланади. Насиб этса, лойиҳам ҳаётга татбиқ этилгач, 3 нафар тенгдошим доимий иш ўрни билан таъминланади.

Танлов натижаларига кўра, “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа”, “Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа”, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши лойиҳа” номинациялари бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, тижорат банкларининг сертификати ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Феруза ЖЎРАЕВА

One thought on “Сарвинознинг орзуси ушалди

Fikr bildirish