Сеҳрли мактублар гулдастаси

“Таржимонларни серғайрат, тиниб-тинчимас совчиларга ўхшатгим келади. Улар бизга ярим пинҳон гўзалликнинг мақтовини келтириб, уни юксак даражада ёқимли қилиб кўрсатадилар…”

Гётенинг юқоридаги фикри авс­т­риялик адиб Даниел Глаттатуер қаламига мансуб “Шимол шамоли шашти” романининг ўзбек тилидаги нашри ҳақида айтилгандек гўё. Сабаби, онлайн муҳаббат ҳикоясининг моҳирона таржимаси мудроқ дилларни уйғотиши, шубҳасиз. Услуб жиҳатидан дунё адабиётида янги тажриба бўлмиш мазкур асар бошдан-охир электрон мактублардан таркиб топган.

Дунёдаги олти романчилик мактабидан бири бўлган немис назмининг намунасини мутолаа қилиб, ХХI аср жаҳон адабиётининг тоза чашмасидан баҳраманд бўласиз.

Китоб чоп этилиши биланоқ, ўқувчилар орасида баҳс-мунозара, шов-шувларга сабаб бўлди. Қисқа вақт ичида бестселлер — бозоргир асарлар қаторидан жой олиб, кўплаб тилларга таржима қилинди. Мазкур асар Германиянинг Франкфурт шаҳрида ўтказилган китоблар кўргазмасида “Немис тилидаги энг яхши китоб” мукофотига сазовор бўлиши кўпчиликнинг кўнглидан жой олганидан дарак беради.

Роман сўзбошисида келтирилган адабиётшуносларнинг асар ҳақидаги фикрлари китобнинг қимматини янада оширган, назаримда. Хусусан, тилшунос Дитер Вундерлих “Глаттатуер инсон ақл-заковатининг нечоғлиқ чегара билмас эканини бемисл сўз танлаш қобилияти орқали намо­йиш эта олган” дея фикр билдиради.

Муаллифнинг сўз танлаш, жумлаларни тузиш маҳорати ва келтирилган мактублар мазмунидан қаҳрамонларнинг нафақат ички дунёси, балки қиёфасини ҳам кўз олдингизда гавдалантирасиз. Фақатгина электрон почтадаги ёзишмалар орқали таниш бўлган йигит ва қиз бир-бирини яхшироқ билишга уринади. Жаноб Лайкенинг мактубига эътибор беринг: “… исмингиз Эмми, яъни Эмма. Мен учта Эммани танийман. Ҳаммаси қирқдан ошган аёллар. Ўттиз ёшли аёлни Эмма деб чақиришмайди. Бундай чақириш учун йигирмадан ёш бўлиш лозим, бироқ сиз бу тоифага ҳам мансуб эмассиз. Шундай бўлганида луғатингизда “cool” (қатъий), “spasig” (муқаррар), “geil” (бир сўзли), “elementar” (содда), “heavy” (қудратли) ёки шунга ўхшаш сўзлар бўларди. Бундан таш­қари барча от (сўз туркуми)ларни бош ҳарф билан ёзмасдингиз, жумлаларингиз ҳам охирига етмасди”.

Замонамизга хос электрон алоқани олиб кира олган — мактуб шаклидаги асар сизни ўзига маҳлиё этиши тайин. Роман воқеалари Эмми Ротнер исмли аёлнинг “Лике” таҳририятига аталган обунани бекор қилиш тўғрисидаги электрон мактуби “Лиеке” (Лайке) фамилияли кишининг шахсий почтасига келиб тушади. Тасодиф туфайли икки нотаниш инсон сирдошга айланади. Ҳаёт қийинчиликларининг аччиқ ҳақиқатлари, жамиятдаги муаммолар виртуал муносабатларга туртки беради. Халқ достонларида ошиқлар бир-бирини тушда, кўзгуда, узук кўзида кўриб кўнгил қўяди. Замонавий ҳаётда уларнинг ўрнини интернет эгаллагани асарда моҳирона тасвирланган.

Романнинг бош ғояси технологик тараққиёт замонида ҳам инсон қалби, туйғулари дарз кетмаслигини кўрсатишдан иборат.

Муаллиф бугунги ёшларни интернетдан беҳуда фойдаланмасликка, виртуал макон-ку, дея қалбларни парчаламасликка чақиради. Аммо ғойибона таассуротларга асосланган муҳаббатнинг кейинги тақдири…

Бу ҳақда китобни мутолаа қилиб, билиб оласиз.

Сўзимиз сўнгида адабиётшунос Андрес Изеншмиднинг асар ҳақидаги фикрини келтиришни маъқул кўрдик: “Даниел Глаттатуернинг бу романидаги ўзига хос услуб мени мафтун этди. Китоб “ўқишга тавсия этаман” деган мақтовдан ҳам кўпроғига муносиб”.

Суҳроб ЗИЁ,

журналист

 

Fikr bildirish