Улгуришим керак…

Болалигимда Яратган билан ўз ўйиним бўларди. Бунда ишим юришмаса, Ундан аразлардим, омадим келиши билан яна ярашиб олардим. Бу шунчалар завқли эдики, у билан ўйнаш менга жудаям ёқарди.

Илк бор Ундан қаттиқ ранжиганимни яхши эслайман: 5-синфда ўқиб юрган кезларим нима учун ҳамма ота-онаси билан яшайди-ю, мен бобо-бувимникида яшайман, деган савол билан Унга мурожаат қилиб, жавоб ололмадим.

Кейин мени меҳрибонлик уйидан асраб олишган бўлса-чи, деган хаёлда катта танаффус пайти ўқитувчилар хонасидан табелимни ўғирладим (ўғрилик ёмон, бу саволимга жавоб бермагани учун Унга жазо эди, гўё) ва ота-онасининг исми деган жойида узоқда яшаб, ҳар замонда хабар олиб турадиган онам ва нотаниш эркак исмига кўзим тушди. Уйга келиб момомдан бунинг жавобини сўрадим. Момом мендан бундай гапни кутмаган, шекилли, аввалига бир сўз демай қотиб қолди, кейин узоқ йиғлади, жудаям кўп йиғлади.

Мени бағрига босиб йиғлади ва кўчамизнинг бошида турадиган одам отам экани, онам билан туғилмасимданоқ йўллари айро тушганини, мен шу ерда қолиб, онам бошқага турмушга чиқиб кетгани аниқ бўлди. Ўн икки ёшда эдим. Озгина йиғладим. Яратган мурғак қалбимнинг эзилишига йўл қўймади. Ҳар ҳолда энди кимнинг боласи эканим аниқ эди.

Отам билан юзма-юз бўлиш режаларини туза бошладим ва бир куни бу воқеа юз берди. Мактабдан қайтишимда у киши хотини билан бозордан қайтаётган экан. Қаттиқ ёмғир ёғаётганди. Орқаларидан қолмай келавердим. Қараса чиройли табассум қиламан ва шу билан мени яхши кўриб қолади, деган фикр мавжуд эди. Кўча бошигача келдим. Лекин бир бора бўлсин, ортига ўгирилмади. Уйига кириб кетгунича турдим. Йўқ, қарамади. Катта кўчада мен, ёмғир ва Худо қолиб кетдик. Шу билан ҳаммаси ўзгарди. Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси бошланди.

Ўшанда мурғак юрагимда илк бора оғриқ сезганман. Кейин бу оғриқлар кўпайди. Юрагим тез-тез санчиб, оёқларимдан мадор кета бошлади. Ҳар қадамда шамоллар мени таъқиб этарди. Назаримда, Ундан аразлаганимни билиб, ўзини танитмаслик учун шамол шаклида ортимдан сўзсиз эргашарди.

Менинг аразларим беозор эди. Ҳеч ким билмасди оғриқларимни. Фақат ўзим… дунёнинг чалкаш чизиқларида мувозанатимни қандай сақлай олишим ҳақида кўп ўйлардим.

Мактабни тамомлаб, коллежга кирдиму кўп вақт ўтмай бутунлай ётиб қолдим. Тўрт бора мураккаб жарроҳлик операциясини бошимдан ўтказдим. Сочимни олиб ташлашди. Биринчи операциядан кейин уйғонсам, бошимнинг терисини тешиб, икки чаккамдан темир билан тош осиб қўйишган экан, икки оёғимнинг икки четига ҳам. Фаррошлар эҳтиётсизлик қилиб, осилиб турган тошга тегиб кетса, темир миямнинг ичида қолиб кетарди.

Шу зайл ўн уч кун ётдим. Момом ва холаларим алмашиб қарашди. Тангри бандасининг бошини фалакнинг тошидан ҳам мустаҳкам қилиб яратган экан. Бошим узилиб тушади деб ўйлардим. Ҳеч нарса қилмади.

Учинчисида эса, клиник ўлим қайд этилди ва ўшанда бир лаҳзага жаннатга тушиб қолдим (шекилли). Ўқишимни давом эттириш учун рухсат олдим. Оёқларим енгил, ҳеч қандай оғриқларсиз, хотиржамлик ва қувонч билан ўқув биноси томон югурдим.

Икки-учта қиз билан танишдим. Улар мени синфхонага эмас, боққа олиб борди. Кираверишда турган йигитлар мен томон ҳайрон боқди. “Янги келган бу”, — деди ёнимдаги қиз. Кейин ҳамма боғнинг ўртасида осмонга илиниб турган толаларга осилиб олди. Шундай ингичка толалар қандай қилиб одамни кўтариб турганига ақлим етмасди. Шошилганча ўз толамни қидира бошладим. Аммо ҳаммаси банд эди. Қизларга ялиндим, ҳеч ким бермади. “Янги қиз, сенинг арғимчоғинг йўқ, энди ўқиёлмайсан бизда”, — деди йигитлардан бири.

Йиғламоқчи бўламан, томоғимда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Кейин яна нималардир бўлди, яхши эслай олмайман. Аммо уйғонганимда билдимки, мен яна ўша оғриқлар, раҳмдил қиёфалар ичида эдим. “Ҳалиям кислородни вақтида топдик!”— деди кимдир.

“Нимага топасан? Шундай чиройли ҳаётдан мени тортиб олдинг. Ўйнаб-кулиб ўқиб юрмоқчийдим, оғриқларсиз яшамоқчийдим, кислородга бало бормиди?!” — дедим алам билан.

Аммо овозим чиқмас, қўлларимни қимирлатишга-да мадорим етмасди.

Бахтинисо МАҲМУДОВА

Fikr bildirish