Қизалоқ (эртак-ҳикоя)

 Бир куни отаси Сарага муҳим иши чиқиб қолгани боис, уни вақтинча Англияга олиб бориб қўйишини айтади. Отаси билан узоқ муддат кўриша олмаслигини англаган Сара маъюс тортди. Лекин бу ҳолатни дарҳол тушуниб, ўзини қўлга олди ва кетишга рози бўлди. У Англиядаги мактабда ўқий бошлади. Саранинг отаси бой бўлгани сабаб қизининг кўнглини олиш учун унга катта қўғирчоқ ва чиройли кийимлар олиб берди.

Сара ўқийдиган мактаб жуда машҳур эди. Аммо ўқитувчиси баджаҳл ва қаттиққўл бўлиб чиқди. У давлатманд оилалар фарзандларига юмшоқ, камбағалроқ ўқувчиларига эса совуқ муомалада бўларди. Шунинг учун бўлса керак, Сарага алоҳида меҳр билан ёндашарди. Дарсда қийналса бажонидил ёрдам берар, ширин сўзини аямасди. Шундай қилиб, қизалоқ мактабдошлари орасида танилиб кетди. У дўстлари даврасида ўзини бахтиёр ҳис этарди.

Бир куни Сара жуда ёмон хабар эшитди. Отаси ёвуз одамлар томонидан қўлга олиниб, бойлигидан айрилган, бу кўргиликка чидай олмай хасталаниб, вафот этибди. Бу гап тезда бутун мактабга тарқалди. Саранинг ўқитувчиси унга совуқ оҳангда: “Бугундан бошлаб сен хонавайрон бўлдинг. Энди кулбада яшайсан, ўқишни йиғиштириб қўяқол, ҳар куни ишлайсан!”— деди.

Натижада, Сара ҳар куни эрта саҳардан кечгача ишлашга мажбур бўлар, доим ўз-ўзига: “Мен ёлғизман, лекин бўш келмаслигим керак!”,— деб далда берарди. У ёмғирли, совуқ изғиринли кунларда ҳам бор кучи билан меҳнат қилар, бўш вақт топди дегунча китоб мутолаа қиларди. У яшаётган кулба жуда хароб, сичқонлар жон сақлайдиган совуқ макон эди. Лекин Сара тушкунликка тушмади, доимо олға интилди. Шу тариқа орадан ойлар ўтди.

Бир куни салқин тонг маҳали Сара кулбасига қараб ҳайрон қолди. Куни кеча совуқ ва хароба хона худди маликалар яшайдиган кошонага айлангандай эди. Хонанинг ичи гуллар билан безатилган, энг қувонарлиси, ошхонада лаззатли таомлар мунтазир эди. “Худди тушга ўхшайди!” — деди қизалоқ кўзларига ишонмай. Туш эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун яноғини чимчилаб ҳам кўрди: “Оғрияпти, демак туш эмас, ўнгим!” — деб қувонди.

Шундан буён Саранинг уйида ҳар куни турли-туман совғалар пайдо бўлар, ошхонада эса, тансиқ егуликлар ҳозир эди. Кўплигидан уларни, ҳатто қўшниларига ҳам тарқатарди.

Бир куни Сара хонасига кирса маймун ўтирган экан. “Бунча чиройли ва ёқимтой бўлмаса!” — деб қичқириб юборди у. — Ҳойнаҳой, қўшниники бўлса керак”. Шу ўй билан маймунни эгасига қайтаргани хонадан чиқди. Маймуннинг эгаси: “Раҳмат сенга! Исминг нима?” – дея қизалоқни сўроққа тутди. Аслида, бу одам Сарага совғалар қўйиб кетадиган киши, отасининг яқин дўсти эди.

Вақт ўтиб, бу одам Саранинг отаси мерос қилиб қолдирган бойликни қизалоққа топширади ва отаси ҳеч қачон бор-будидан айрилиб, хонавайрон бўлмаганини айтади.

Шундай қилиб, Сара яна тўкин ҳаёт кечира бошлабди.

Япон тилидан Дилдора МИРАГЗАМОВА таржимаси.

Fikr bildirish